Шу йил 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов ва Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
Самимий суҳбатда томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани ҳақида тўхталиб, икки халқни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар – дин, маданият, илм-маърифат борасидаги алоқаларни алоҳида қайд этдилар.
Дўстона учрашув чоғида Саудия Арабистонидаги “Подшоҳ Салмон” номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази томонидан Рамазон ойи муносабати билан хайрия сифатида 50 тонна хурмо топширилди. Тақдим этилган хурмолар учун “Подшоҳ Салмон” фонди ва Саудия Арабистонининг элчихонасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, ушбу хайрия тадбирининг муборак Рамазон ойи арафасида амалга оширилиши айни муддао экани таъкидланди. Ўз ўрнида элчи жаноблари келгусида Ўзбекистонда шу каби хайрия тадбирларни кўпроқ ташкил этилишини маълум қилди.
Мазкур хурмолар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Рамазон ойи арафасида республикамиздаги ташкилотлар, масжидлар, мадрасаларга хайрия сифатида тарқатилиши режалаштирилган.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳикмат эгаларининг оғзидан чиққан энг гўзал гаплар:
- Отлар ичган ердан сув ичинг, чунки отлар ҳеч қачон ифлос сувни ичмайди.
- Ётоғингизни мушук ухлайдиган жойга солинг, чунки мушук хотиржам жойда ухлайди.
- Қурт тушган, лекин тешиб чиқмаган мевани енг, чунки қурт доимо меванинг пишганини танлайди.
- Дарахтни юмронқозиқ кавлаган ерга ўтқазинг, чунки ўша ер ҳосилдор бўлади.
- Уйни илон исиниб ётган жойга қуринг, чунки ўша жой мустаҳкам ва чўкмайдиган бўлади.
- Қушлар иссиқ кунда панага қочган ерни қазисангиз сув чиқади, чунки қушлар сув бор ерни билади.
- Қушлар билан бир вақтда ухлаб, улар билан бир вақтда уйғонинг - зеро бу муваффақият йўлдир.
- Кўпроқ сабзавот истеъмол қилинг, шунда ўрмон ҳайвонлари каби оёқларингиз кучли ва юрагингиз бақувват бўлади.
- Имкон топганингизда сувда сузинг, шунда ерда ўзингизни ҳудди сувдаги балиқдек енгил ҳис қиласиз.
- Имкон қадар осмонга кўпроқ қаранг, шунда фикрларингиз равшан ва тиниқлашади.
- Ўзингизни хотиржам ва сокин тутишга одатланинг, шунда қалбингизга сакинат кириб, руҳингиз ором топади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ