Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Март, 2026   |   13 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:56
Пешин
12:40
Аср
16:30
Шом
18:19
Хуфтон
19:30
Bismillah
02 Март, 2026, 13 Рамазон, 1447

Юртимиз меҳмонлари Имом Бухорий маркази ва Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди

14.03.2021   3924   2 min.
Юртимиз меҳмонлари Имом Бухорий маркази ва Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди

Хабарингиз бор, эртага, 15 март куни Самарқанд вилоятида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда қатнашадиган Тожикистон ва Афғонистон делегацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришган.

Меҳмонлар бугун куннинг иккинчи ярмида Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳатини давом эттирдилар. Жумладан, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди, Қуръон тиловат қилиниб, буюк муҳаддис бобомиз ҳақига бағишланди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида талабалар ва илмий тадқиқотчи олимларга қилинган шароитлар ва илмий-тадқиқот ишлари билан танишди.

Дастлаб меҳмонлар Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди. Мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида уламолар талаба-ёшлар билан суҳбат қуришди, уларга илмий савол беришди. Талабаларнинг мавзунинг моҳиятини яхши англаган ҳолда, аниқ, лўнда ва тезда берган жавобидан мамнун бўлишиб, уларнинг билим ва малакасига таҳсин айтишиб, албатта, ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Шунингдек, қардош халқлар уламолари таълим сифатини янада ошириш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, қўшимча ўқув дарсликларини ўқиш бўйича тавсиялар бердилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлган меҳмонлар бу ерда илмий-тадқиқотчиларга қилинган шароит, амалга оширилган хайрли ишлар билан танишиш асносида марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Сафар жараёнлари ва халқаро анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қизлар ҳайз туфайли намоз ва рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

17.10.2024   7784   5 min.
Қизлар ҳайз туфайли намоз ва  рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.

Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).

 

Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.

Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).

 

Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.

 

Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.

Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).

 

Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:

• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);

• беморлик;

• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);

• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);

• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),

• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).

 

Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.

Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар