2016 йилда Франция медицина академияси, “Авиценна – Франсе” (Ибн Сино – Франция) жамияти ва МЕД21 дастури томонидан таъсис этилган Халқаро Ибн Сино мукофоти 2021 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровга топширилди.
Бу ҳақда халқаро ҳайъат қарори эълон қилинди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дирекцияси қароргоҳи Францияда жойлашган “Ибн Сино – Франция” жамияти раҳбари, профессор Боннел ва у орқали халқаро ҳайъат аъзоларига миннатдорлик мактуби йўллади. Унда, жумладан, ушбу қарор сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўрта асрлар алломаларининг бебаҳо меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг эътирофи сифатида қабул қилингани баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Шоазим Миноваровни ушбу нуфузли мукофот билан муборакбод этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2026 йил 3 феврал куни Ҳиро маданий туманидаги Қуръон музейида 312 х 220 см ўлчамдаги ва 700 саҳифадан иборат дунёдаги энг катта Қуръони Карим намойиш этилди. Музейдаги ушбу Қуръон дунёдаги энг катта мусҳаф сифатида Гиннеснинг рекордлар китоби сертификатини қўлга киритди.
Ушбу Қуръон ҳижрий 10 аср, милодий 16 асрга оид тарихий қўлёзманинг катталаштирилган нусхаси бўлиб, унинг асл ўлчами 45 х 30 см эди. Унинг суралари сулс хатида, Фотиҳа сураси эса насх ёзувида ёзилган бўлиб, ўша даврдаги хаттотликнинг пухта танланганлигини ва ушбу соҳанинг нафосатини акс эттирувчи ўзига хос мусҳафдир.
Мусҳаф араб хаттотлиги, зарҳаллаш ва муқовалашнинг ноёб намунаси бўлиб, унда ислом санъатининг жозибаси нафис нақшлар, гулли ва сарлавҳа саҳифалари ҳамда мусҳафнинг номи битилган саҳифаларидаги қуёшсимон шакллар орқали намоён бўлади. Бу эса ўша даврда ҳукм сурган бадиий ижодкорликнинг юксак даражасини ифодалайди.
Қайд этилишича, ушбу мусҳаф ҳижрий 1300 йил, милодий 1883 йилда вақф қилинган бўлиб, унинг асл нусхаси бугунги кунда Қирол Абдулазиз номидаги вақф қилинган асарлар академиясида сақланмоқда.
Намойиш этилган ушбу мусҳаф мусулмонларнинг Аллоҳнинг Каломига ва ислом санъати дурдоналарига бўлган эътиборининг тарихий шоҳидидир.
Islom.uz