Аҳмад Яссавий шажараси ва муҳри ҳақида хилма хил фикрлар айтиляпти. Айрим муаллифлар: бу – Хожа Аҳмад Яссавийнинг муҳри, унда исмлари битилган 11 нафар шайх Аҳмадлар – Хожа Аҳмад Яссавийнинг турли тахаллуслари, дея далилламоқчи бўлаётирлар.
Шайхул-машойих Хожа Аҳмадга тааллуқли ушбу мавзуга аниқлик киритиш ва чалкашликларга чек қўйишни лозим топиб, қуйидагиларни илиндик.
Бизнинг аниқлашимизча, ўша машҳур муҳр мақбарага тегишли бўлиб, унда номлари зикр этилган шайх Аҳмадлар – улуғ юртдошимиздан аввал ва кейин яшаган зоти поклардир.
Ўтган асрдаги қатағонлик ва динга қарши кураш касофати туфайли анчагина тарихимиз ўзгариб кетган. Тарихга юзаки қарашлар ҳамон учраб турибди. Анча вақтдан бери айрим адабиётчилар ҳамда тарихчилар Ҳазрат авлодлари қўлида сақланиб қолган кўҳна муҳрни: «Хожа Аҳмад Яссавий муҳри» дея ёзишмоқда ва бу янглиш фикр ҳамон давом этиб келяпти.
Биз аниқлаганимиз бўйича ушбу муҳр Ҳазрати Султон оламдан ўтганидан сўнг, Соҳибқирон Амир Темур томонидан мақбара тикланганидан кейинроқ тайёрланган.
Хўш, нега муҳрдаги ўн бир шайх Аҳмадни юқорида биз тилга олган тарихчилар ва адабиётчилар Хожа Аҳмад Яссавийнинг турли тахаллуслари, деб ҳам ёзишаяпти?
Аслида Султон ул-Орифин ўз асарларида Мискин Аҳмад, Аҳмад Яссавий, Хўжа Аҳмад, Туркистоний, Ғариб Аҳмад сингари номларни ишлатган. Шоирнинг «Девони ҳикмат» китобидаги кўпчилик ҳикматларида ушбу исм-тахаллуслар учрайди.
Шундай экан, муҳрдаги ўн бир нафар шайх Аҳмадлар кимлар? Айни саволга, аввало, бундан икки аср муқаддам ёзилган «Чор китоб»нинг саҳифаларидан жавоб топамиз. «Яздаҳ Аҳмад» ҳақида берилган маълумотларда ушбу муҳрда зикр этилган ўн бир Аҳмаднинг номлари ёзилган ва бу азизларни ёдларида сақлаган кишиларга кўп яхшиликлар бўлади, дея хабар берилган. Ўша арабий битикдаги китобда ҳам мазкур муҳрдаги ўн бир шайх Аҳмад номлари, деярли, айнан бирма-бир зикр этилган.
Шуниси ҳам муҳимки, Хожа Аҳмад Яссавийдан олдин ва кейин яшаган, ўз замонасида машҳур бўлган, илм-у маърифат фидойилари – аллома, вали, шайх Аҳмадлар эканлигини тарихий китобларда, жумладан, Ҳасан Хўжа Нисорийнинг «Музаккирул аҳбоб» ва Ҳомиджон Ҳомидийнинг «Тасаввуф алломалари», шунингдек, «Тазкиратул авлиё» , «Сирож ул-муслимин» (“Муслимлар чироғи”) китобларидан ўқиб, аниқлаб олишимиз мумкин бўлди.
Ўн бир Аҳмад рўйхатининг бошида АҲМАД МУРСАЛ – Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) битиғлик. Ҳаммамизга маълумки, Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) (570-632 йиллар) Маккада туғилган, отаси Абдуллоҳ, боболари – Абдумуталиб, Абдуҳошим, Абдуманноп, оналари Омина эканлигидан хабардормиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқори оталари Иброҳим Халиюллоҳга бориб тақалади.
Алломалар демишларким, ҳар бир умматман, деган одам пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ўз ота-онасини танигандай билиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари араб наслининг қурайш қабиласи, бани ҳошим уруғидан бўлиб, исми шарифлари Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам).
Улуғ китобларда таъкидланишича, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни, унинг авлодларини, саҳобалари ва алломаларини билиб қўйиш, ҳурматлаш катта савобдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз – умматларига қилган меҳрибончиликлари, нозил бўлган Қуръони Каримни етказиши, умматлари тўғрисида қайғуриб, Оллоҳ таолодан раҳмат, офиятлар сўраганлиги ва ўзининг гўзал одоби, фаолияти то қиёматгача унутилмайди, биз муслимларга дастуриламал бўлиб қолади, иншоАллоҳ.
Мурсал Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати ва сурати тўғрисида катта-катта китоблар ёзилган. Шу боис биз бу ерда битигимизни мухтасар қилдик.
ШАЙХ АҲМАД ХАНБАЛ – (вафоти 855 йил). Суннийликдаги ханбалийлик мазҳабининг асосчиси, илоҳиёт олими. Бағдодда таҳсил олган. Аҳмад Ханбал Қуръони Карим, ҳадис ва ижмоъага асосланмаган дин ва ҳаётга оид янгиликларни қоралаган. У зот пайғамбар сўзларини сақловчи эди. Ўз даврининг пешқадам имоми, фақиҳ, олим эди. Ўттиз минг ҳадисни тўплаб, «Ал-муснад» номли олти жилдлик китоб ёзган.
ШАЙХ АҲМАД ХАЙР НАССОЖ – ўша муҳрда исмлари битилган машҳур Аҳмадлардан бири. У киши бағдодлик, шайхи замон, «яхшиларнинг яхшиси», ахлоқ масалаларини нақл ва ривоятларда ёрқин талқин этган зотдир. Бу инсон тўқувчилик қилиб кун кечирган. 127 йил умр кўрган. 946 йили вафот этган.
ШАЙХ АҲМАД АРҚАМ – ўткир кашф ва каромат эгаси бўлган. У киши Ўш шаҳрининг бино бўлишида каромат кўрсатган, шу ерда вафот этган. Муҳрда исми битилган.
ШАЙХ АҲМАД РОВАНДА – Бағдодда яшаган, илоҳиёт олими. У киши илоҳиётга оид қирқдан ортиқ асарлар ёзган, муътазилийларнинг ақидаларини рад этган. X аср бошида, 80 ёшида вафот этган.
ШАЙХ АҲМАД МУХТОР – (вафоти 899 йил). Қутб ул-машойих, тариқат ва ҳақиқат билимдони эканлар, қабри Ҳиротда. Айтишлари-ча, у зот Оллоҳ ишқида ҳосил бўлган шавқ туфайли тунларини бедор ўтказган.
ШАЙХ АҲМАД КАБИР – соҳибкаромат авлиё, фиқҳшунос, олим-у фузало. Бухорода яшаган, шайх-уш-шуйух, валийуллоҳ (832 йили вафот этган).
ШАЙХ АҲМАД САҒОРИЯ – (877 йилда вафот этган). Шайх Аҳмад Кабирнинг фарзанди – Аҳмад Сағория каромати ҳақ, валийуллоҳ, фақиҳи сиддиқ, обид-у олим бўлган. Бухорода катта фаолият юритган, тинчлик ўрнатган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидламоқчимиз-ки, мазкур машҳур ўн бир шайх Аҳмадларнинг ҳар бири ҳақида катта китоблар ёзилган, ҳали кўплаб ёзилади. Уларнинг инсоният учун ўрнак бўларли фазилатли ҳаётларини ўрганаверамиз. Иншоолоҳ!
ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ – Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи, султон-ул-орифийн, кутб ул-ақтоб. Яссавий ҳикматларида Қуръони Карим маънолари, ислом аҳкомлари ва тариқат асослари тарғиби, илоҳий ишқ мавзуси, эзгу ахлоқ, нафс тарбияси сингари комил муслим фазилатлари талқин этилган. Улуғ юртдошимизнинг жаҳонга машҳур «Девони ҳикмат» китоби ҳаётимизда дастуриламаллардан бўлиб қолажак.
Муҳрда нақшланган шайх Аҳмадлардан бири АҲМАД ХУЗРАВИЯ ҳазратларидир. Аҳмад Хузравия VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи чорагида Балхда яшаган шайхлардандир. У Абутуроб Нахшабий, Иброҳим Адҳам, Яҳё Маоз ҳамда Ҳотам Асимлар билан ҳамсуҳбат бўлган ва улардан таълим олган.
Аҳмад Хузравия бир неча марта Макка ва Мадинада бўлган. Ҳаж сафарларидан бирида Нишопур ва Бистом шаҳарларида бўлиб, машҳур донишмандлар Абу Хафс Хаддод, Боязид Бистомийларнинг муборак нафасларидан файз топган. Аҳмад мурувват ва футувват бобида мислсиз мартабага эришган.
Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё»сида ёзилиши-ча, шайх доим аскарий либосда юраркан. Муҳаммад Сиддиқ Рушдий айтади: Аҳмад Хузравиянинг мингта муриди бор эди, «ҳар бири сув узра юрмоқ, ҳаво узра учмоқ даражасига етиб эрди», Ҳотам Асимнинг муриди Абутуроб Нахшабий билан кўп суҳбат қурганди, дея ёзиб қолдирган. Шайх Абулҳафз: «Аҳмад Хузравия ҳаммадин баланд мартабалик эрди» – деган экан.
Аҳмад Хузравия Балх ҳокимининг қизи Фотимага уйланган ва у ҳам тариқатга кириб, Оллоҳ ишқида жавлон урган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан шу нарса маълум бўлди-ки, машҳур муҳрдаги ўн бир Аҳмад айрим ўзбек, қозоқ, рус ва бошқа олимлар ёзганларидек, Аҳмад Яссавийнинг тахаллуслари ёхуд лақаблари эмас, балки ҳазратдан аввал ва кейин яшаган, ислом динига катта хизмат қилган илм-у маърифат фидойилари, забардаст, буюк зотлар экан. Мазкур муҳр Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси қурилганидан сўнг тайёрланган.
Ушбу якуний хулосани олимлар ҳам, ёзувчилар ҳам, таржимонлар ҳам келгусида эътиборга оладилар, дея ўйлаймиз.
Мираҳмад МИРХОЛДОР ўғли,
“Турон” ФА академиги, jarchi.kz.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз қилганини айтиб, оятнинг сўнгида албатта тақводор бўласизлар деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Роббисини кўриб турганлигини ҳис қилиш кучи, У зотдан қўрқиш ҳисси янада зиёдалашади. Рўза тутиш билан банда Роббисига бўйсуниб, буйруғига “лаббай”, деб итоат қилган бўлади.
Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундовчи шайтоний нафсини сусайтирадиган асосий омиллардандир. Чунки унинг ёрдамида инсон нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб келади. Бу билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади.
Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Киши оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини ҳис этади. Турмушимизда тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолатларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, атрофимиздаги инсонларнинг ҳолати қай даражада кечаётганини, лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда бозорга борганимизда, умуман олганда кўплаб ўринларда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз-у, аммо эътибор бермасдан ўтиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган ибора бежиз айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетадиган бўлсак, улар ҳам биз каби инсон, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, уларнинг олдиларидаги жажжи фарзандлари, бизнинг фарзандларимиз каби ота-онанинг меҳрига, атрофдагиларнинг эътиборига лойиқ эканларини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан ва баъзан ношукр бўлади, чунки кеча яқинда ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: “Мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман”, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини эсидан чиқаради. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватга, ўзгаларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шавқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин!
Яна бир ҳикмати – узоқ-яқиндаги барча мусулмонларни Рамозон ойида рўза тутишга бирлаштиришдир. Бир вақтда рўзани ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Шу билан ҳам маънан, ҳам ҳиссан барча умматнинг якдиллиги рўёбга чиқади.
Рўзанинг навбатдаги ҳикмати, рўза бадан учун сиҳат-саломатлик гаровидир. Рўзадор рўза тутиши сабабли, ўз соғлиғини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда олимлар рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйҳатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.
Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ