Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Феврал, 2026   |   20 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:27
Пешин
12:42
Аср
16:06
Шом
17:52
Хуфтон
19:05
Bismillah
08 Феврал, 2026, 20 Шаъбон, 1447

Атроф муҳит поклиги

22.02.2021   2178   3 min.
Атроф муҳит поклиги

Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, кўча-кўй, майдонлар, ишхоналар, таълим муассасалари, масжидлар, нақлиёт воситалари, дам олиш жойлари ҳамма-ҳаммаси пок бўлиши талаб қилинган.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

Пок­лик иймоннинг ярми дейилиши бежизга эмас. Иймонсиз ибодат асло қабул қилинмаслиги ва барча савоби беҳуда кетиши эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда.

Исломда иймоннинг аҳамияти ва қадр-қиммати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олса бўлаверади.

عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ: قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ، نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ، جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ، فَنَظِّفُوا أَفْنِيَتَكُمْ وَلَا تَشَبَّهُوا بِالْيَهُودِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар» Термизий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди», деганлари «Эй умматим, сизлар ҳам хушҳол бўлинглар» деганларидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло «озодадир – озодаликни суяди». Бинобарин, мусулмон киши доимо озода бўлмоғи даркор. «Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг, яҳудийларга ўхшаманг!»

Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз, ҳамма жойимизни озода тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса, бу жой мусулмонларнинг жойи экан, дейдиган бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Мусулмонларнинг озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашини иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дини уларни атроф муҳитдаги барча нарсаларни пок тутишга, бунинг учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳам чақирган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа)

06.02.2026   2334   1 min.
“Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа)

Пойтахтимизнинг файзли маҳаллаларидан бири “Файзобод”да қўр тўкиб турган “Оқ уй” жомесини кўрган кишининг дили яйрайди. Замонавий услубда дид билан қурилган масжидга намозхонлар шаҳарнинг ҳамма жойидан бир мартагина бўлса ҳам бошини саждага қўйиш иштиёқида келади.
 

Илгари бу ерда фақат кичик намозхона бўлган. “Файзобод” ва ён-атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладиган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида 2018 йилнинг 18 июнида Миробод туманидаги “Оқ уй” мусулмонлар қабристони ҳудудида янги жоме масжид барпо этиш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори чиқди.


2019 йил февраль ойида “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи ғишт қўйилди. Ҳашар йўли билан янги барпо этилган “Оқ уй” масжиди 2024 йил март ойида фойдаланишга топширилди. Масжид хонақоҳи сиғими олти минг кишига мўлжалланган, ҳайит намозларида ўн-ўн икки минг киши намоз ўқийди.


Жоменинг икки қанотида иккинчи қаватлари ҳам мавжуд. Шунингдек, катта хонақоҳ ҳажмича келадиган ертўласи ҳам бор ва у ерда ҳам намоз ўқилади. Масжиднинг битта минораси бўлиб, баландлиги йигирма етти метр.


Имом-хатиб ва имом ноиблари учун тўртта хона ажратилган. Улардан ташқари, яна бешта умумий хизмат хонаси, масжид кутубхонасида эса 250 дан ортиқ китоб бор. Иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган замонавий таҳоратхона бир вақтнинг ўзида 120 кишига хизмат кўрсатади. 


Робия ДАМИН қизи

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

“Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа) “Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа) “Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа) “Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа) “Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа) “Оқ уй” жоме масжиди (фотолавҳа)
Мақолалар