Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. “Аллоҳумма ажирний минан нар” дуосини ўқиш.
Муслим ибн Ҳорис Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шом намозини ўқиб бўлганингдан кейин етти марта “Аллоҳумма ажирний минан нар” “Аллоҳим, мени дўзахдан саклагин”, деб айтгин. Агар сен ўшани айтсангу мазкур кечада ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади. Бомдодни ўқиб бўлганингда ҳам ўшани айтгин. Агар шу кунда ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади», дедилар.
2. “Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр” деб айтиш.
Умора ибн Шабийб Сабаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким шомдан кейин ўн марта “Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”
“Якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Барча мулк Аллоҳникидир ва ҳамд Унинг учундир. У (Зот) тирилтиради ва ўлдиради. У ҳар бир нарсага қодирдир” деса, Аллоҳ уни тонг отгунча шайтондан муҳофаза қиладиган фариштани юборади. Аллоҳ унга бу ила вожиб бўлган ўн ҳасанот ёзади, унинг ўнта ҳалок қилувчи хатосини ўчиради ва бу унинг учун ўнта озод қилинган қул каби бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Воқеа сурасини тиловат қилиш.
Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор камбағалликка дучор бўлмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларингизга Воқеа сурасини ўргатинглар. Зеро, у бойлик (келтирувчи) сурадир”, деганлар (Имом Дайламий ривояти).
4. Ушбу дуони ўқиш.
Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозидан фориғ бўлсалар, уйларига кириб, икки ракат намоз ўқиб: “Йаа муқоллибал қулубий вал абсор, саббит қулубана ъала дийник”
“Эй қалб ва кўзларни ўзгартирувчи Зот, қалбимизни динингда собит қил”, деб дуо қилардилар (Имом Ибн Сунний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД