— Баъзида намоз вақтида 3 ракат ўқидим-ми ё 4 ракат-ми, деб иккиланиб қоламан (хаёл бўлинади ёки эсдан чиқиб қолади). Кейин давом этиб кетавераман, лекин кўнглимда хижиллик қолади. Шундай пайтда нима қилишимиз керак? Давом эттираверсам тўғрими ё бошидан ўқиш керак-ми?
— Намозхон намозда неча ракат ўқиганини билмай, шубҳа қилса, бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозини янгидан бошлайди. Агар шубҳаси кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракатми, тўрт ракатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг мажлислар залида вилоятдаги имом-хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хатамов Жамшед Мухторович иштирок этди. Унда 2025 йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.
Йиғилишда имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўз устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳадаги эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарур экани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, имомлар ҳудудлардаги МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ҳожилар билан биргаликда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларнинг олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш, юрт тинчлиги ва осойишталиги учун барча бирдек масъуллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.









Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати