АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ АМАЛГА ОШИРГАН БУЮК ИШЛАР
Қуръоннинг жамланиши
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар орасида бўлиб ўтган қаттиқ жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Ямомада Мусайлима Каззобга қарши бўлиб ўтган жангда етмиш саҳобаи киром шаҳид бўлди. Шунда ҳазрати Умар ҳазрати Абу Бакрга: «Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин. Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин. Шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни бердилар.
Аввалига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам қатъий туриб: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», дея Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ортларидан қолмай юравердилар.
Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб: «Биз сени ҳеч нарсада айблов остига олмаганмиз. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни ёзар эдинг. Энди яхшилаб суриштириб, Қуръонни жамла», деб бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар, чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ёзиб борган, Пайғамбаримиз охирги Рамазон ойида Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида ҳам у зотнинг ёнларида бирга бўлган эдилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам аввалига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олдилар. Энди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш», деб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни бу ишга кўн диришга ҳаракат қила бошладилар. Охири бориб, Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг қалбларига солган нарсани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қалбларига ҳам солди. У киши Қуръонни жамлашга рози бўлдилар.
Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу буюк ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишини кўзлаб, Масжиди Набавийда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин. Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилишди.
Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақт давомида Қуръонни жамлаб беришди. Сўнг уни кўпчиликка кўрсатишди, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўз ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиққан бўлар эди.
Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у зотдан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келди.
Шундай қилиб, Зайд ва Умар розияллоҳу анҳумо машаққатли меҳнатлардан сўнг Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб тугатишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша саҳифаларни «Мусҳаф» деб номладилар. Мусҳафни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйларига қўйиб қўйишди.
Бу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида амалга оширган энг улуғ ишлардан бири бўлди. Аллоҳ таоло Ўзининг «Зикрни Биз нозил қилдик ва Биз унга муҳофазачимиз» деган ваъдасининг бир карра амалга ошишига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни сабабчи қилди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва ҳассос ишнинг амалга оширилиши ўша вақтда у киши фақат жангу жадал билан овора бўлиб қолмай, бошқа ишларга ҳам вақт топганларини ва уларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганларини кўрсатади.
Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин. Шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак» деган маслаҳатни берганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қилиб қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо ўзаро баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлиқ қилиб қўйилгани маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар.
Ана шунга ўхшаш суннат нима-ю, умматнинг ижтиҳодига боғлиқ ҳолда қўйилган иш нима эканини ажратиб олиш ҳар доим ҳам муяссар бўлавермаганидан баъзан ихтилофлар келиб чиқади.
Ироқ фатҳи
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ридда урушлари тамом бўлганидан кейин Исломнинг тинчлик, омонлик дини экани, унинг адолати, фазилати, каромати ва нурини оламга тарқатиш ташвишига тушдилар. У киши ўзларининг Ямомада турган музаффар саркардалари бўлмиш Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бошлиқ лашкарга фатҳ ишларини бошлаш ҳақида амр қилдилар. Ушбу лашкар ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империясидан бири бўлган Форс империясига қарашли Ироқ ерларини фатҳ қилиш учун юриши билан Исломнинг шонли фатҳлар даври бошланди.
Шу муносабат билан Исломдаги фатҳ тушунчаси ҳақида бироз ожизона фикр билдиришга ижозатингизни сўраймиз.
Мусулмон жамиятида яшаётган иймонли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суриши учун масъулдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масъулиятни тўлиқ тушунганлар ва ўшанинг тақозосига кўра ҳаракат қилганлар. Улар масъулиятни адо этиш учун урушга чиққанлар.
Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканини душманларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ Исломга қарши нимадир ўйлаб топиш керак эди. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Ваҳоланки, фотиҳ жангчилар ичида араб бўлмаганлар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар динга даъват қилиш, адолат ўрнатиш учун борганлар. Уша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука, биродар бўлиб яшаб қолганлар.
Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг мол-мулкини талаб олиб кетмаганлар. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаганлар. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг муомаласидан мутлақо фарқ қилган. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор эътироф этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.
Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзларидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири – Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топгаи Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди.
Рустам мусулмонлар томонга ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини топа олмай, анча овора бўлишди, чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида, ерда ўгириб гаплашаётган ҳолда кўришди.
Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарларининг мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканларини билдиришди.
Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Рибъий иби Омир исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гап-лашмоқчи экан», дедилар.
Рибъий розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, сакраб от устига минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди.
Элчилар лол бўлиб, туриб қолишди. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Узаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.
Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушишди. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошлашди. Мусулмонларнинг вакили Рибъий розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб ичкарига қараб юрдилар. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, у кишини от устидан тортиб олишди ва улуғларининг олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.
Аммо у киши бошларини мағрур тутиб, найзаларини ерга қадаб-қадаб кета бошладилар. У киши ҳар гал урганларида, найзалари ерга тўшалган йўлбарс терисини тешар эди. Рибъий розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олдилар. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу: «Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», дедилар.
Форсларнинг каттаси таржимонга: «Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.
Рибъий розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан ҳозирга-ча қоида бўлиб қолган жумлани айтдилар: «Аллоҳ таоло бизни бандаларнинг бандаларга ибодат қилишидан Узига ибодат қилишга, динларнинг жабр-зулмидан Исломнинг адолатига, бу дунё торлигидан охират кенглигига чиқариш учун юборди», дедилар.
Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга ўз фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлишлари учун курашганлар, Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерлик аҳоли орасида тушунтириш ипшарини олиб борганлар, чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини, яъни Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб: «Мусулмон бўл, саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя (жон солиғи) тўла. Унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади», дейишган.
Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Бич фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз. Ким хоҳласа – мўмин бўлсин, хоҳламаса – кофирлигича қолсин. Бу ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар.
Демак, таклиф иккита: мусулмон бўлиш ёки жизя тўлаш. Мусулмон бўлсалар, биродар бўлиб яшайверадилар. Жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Урушни хоҳлаганлари уруш ҳам қилаверадилар. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқаларнинг ҳам эришишларини истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.
Бу ҳақда ғайримусулмон тараф – Буюк Британияда Жон Фозергил (John Fothergill) режиссёрлигида тайёрланган «Шарқ ва Ғарб» деб номланган етти қисмдан иборат фильмнинт учинчи қисмидан олинтан иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.
«Бу Ҳиро ғори. Пайғамбар шу ерда Худога ибодат қилар эдилар. Айнан шу ерда у кишига Жаброил фаришта илк ваҳий келтирди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ғорда ўтирганларида, Жаброил фаришта келиб, уч марта «Ўқи!» деб такрорлади ва илк фармони олийни келтирди: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир. У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди» (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
Ислом даъвати мана шу илк ваҳийдан бошланди. Бу ваҳий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг ҳаётлари давомида келиб турган кўплаб оятларнинг биринчиси эди. Исломнинг муқаддас китоби – Қуръони Карим ана шу оятлардан таркиб топган.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу вахдйга итоат этиб, Исломни бутун инсониятга етказишни бошладилар. Ушбу таълимот келгусида барча араб қабилаларини, сўнг эса бутун инсониятни ягона байроқ остида бирлаштириши лозим эди.
Шундай қилиб, 1400 йил муқаддам янги дин – Ислом араб қабилаларини бирлаштирди. Улар тарихда биринчи бор катта кучга айланиш учун имкон ва рағбат топдилар. Бу воқеа жаҳон динлари тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу таълимот қисқа муддат ичида бутун Арабистон яриморолининг маданий қиёфасини ўзгартириб юборди.
Ислом келгунга қадар бу саҳронинг туб аҳолиси бўлган араблар минг йиллар давомида тарқоқ ҳолда, кўчманчи қабилаларнинг тартиб-қоида ва қонунлари асосида ҳаёт кечирар эдилар...
...Илоҳий ваҳийни қабул қилиб олган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига Исломни етказа бошладилар. Бу таълимот барча араб қабилаларини бирлаштирди. Қуръони Карим мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган қонун-қоидалар мажмуасини жорий қилиб, уларга умумий мақсад ва ягона маслак берди. Унинг асоси Исломнинг беш рукни эди...
...630 йилга келиб Ислом аҳли ўн минг кишидан ошиб кетди. Бу яқин келажакда жаҳон динига айланадиган Исломнинг бошланиши эди, холос.
Профессор Бакир Карлига
(Боғчашеҳир университети):
«Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Би роқ у фақат араблар учун эмас, бутун башарият учундир. Шу боисдан ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг каломини етказиш учун ўзини масъул ҳис қилиб, имкон қадар Исломни тарғиб қилишга интилади».
Аллоҳнинг каломини етказишга интилиш шиддат билан тарқалиб бораётган ушбу диннинг асосини ташкил қилади. Ана шу эзгу ният Ислом салтанати ташкил топган дастлабки йилларданоқ унинг бутун оламга тарқалишига туртки берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан икки йил ўтмай, бу интилиш мусулмонларнинг улкан ғалабасига – Дамашқ фатҳига олиб келди. Шаҳарнинг ва шаҳар аҳолисининг фатҳ қилиниши Ислом салтанати мислсиз суръатда кенгайиб борган келгуси асрдаги барча фатҳлар учун андоза, намуна бўлди...»
«...Ғарбнинг энг қудратли давлати ҳукми остида бўлган қадимий шаҳар энди Шарқдан келган куч томонидан бошқарила бошлади. Эски тартиб маҳв этилди, кучлар нисбати ўзгарди. Дамашқда келгусида бутун дунёни ўзгартириб юборадиган янгича ҳокимият шакли пайдо бўлди. Ҳайратланарли томони шундаки, Исломнинг тарқалиши мусулмон давлатининг ҳудудлари кенгайишига асосланган бўлса-да, янги Ислом ҳукмдорлари шаҳар аҳлини ўз динига киришга мажбурламади, ҳолбуки, шаҳарнинг асосий қисмини насронийлар ташкил қилар эди. Шаҳардаги энг қадимий ибодатхоналардан бирининг тарихи бунга ёрқин мисолдир.
Профессор Талал Ақилий
(Дамашқ университети):
«Бу атрофлар бозор эди. У Рум эҳромини ўраб турарди. Эҳромнинг ичида қадамжо бор эди. Бу девор Рум эҳромининг ташқи девори эди. У ўзгармаган, бироқ бинонинг моҳияти ўзгарди. Рум эҳроми энди Византия черковига айлантирилди».
VII асрда шаҳарни фатҳ қилган мусулмонлар черковни тортиб олишмади, балки умавийлар масжидини қуришди. Бу масжид ҳозир ҳам бор. Бир неча ўн йиллар давомида ушбу бино насронийлар черкови бўлиб турди. Буни қарангки, мусулмонлар уни насронийлар билан баҳам кўришга қарор қилишди.
«Шарқ томонда масжид, ғарб томонда эса черков эди. Дамашқ аҳли – мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам жанубий дарвозадан кириб келар, сўнг ўз ибодатхонаси томонга – мусулмонлар масжидга, насронийлар черковга юрар эди. Бу ҳолат 70 йил давом этди».
Дамашқнинг мусулмонлар томонидан фатҳ қилиниши диний ва маданий бағрикенглик ҳамда ҳарбий куч асосида бўлди. Ушбу тамойилларга кейинги фатхдарда ҳам, ҳатто бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга молик шаҳарни фатҳ қилишда ҳам қатъий риоя қилинди. Бу шаҳар алоҳида стратегик аҳамият касб этмаса-да, минтақадаги барча диний жамоалар учун, жумладан, ёш Ислом давлати учун ҳам улкан аҳамиятга эга эди.
Қуддуси шариф. Ҳадисларга кўра, Жаброил фаришта Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Исро, яъни мўъжизавий тунги сайр асносида айнан мана шу шаҳарга олиб келган. У зот бу ерда бошқа пайғамбарларга намозда имом бўлганлар, сўнг Аллоҳ таолонинг даргоҳига кўтарилганлар.
Қуддуси шариф – мусулмонларнинг Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан кейинги учинчи муқаддас шаҳридир.
Доктор Юсуф Саъид Носиҳ
(Қуддуси шариф вақфи исломий археология бўлими ходими):
«Меърож ходисаси Ислом ахли учун улкан аҳамшп касб этади. Зеро, бу тунда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларга намоз ўқиб берганлар. У зот улул азм (сабот-матонатли) пайғамбарларга – Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга имом бўлганлар».
Бироқ VII асрнинг бошида Қуддуси шариф ҳам, Дамашқ ҳам византияликларнинг қўл остида эди. Қуддуси шариф насронийлар учун ҳам муқаддас шаҳар ҳисобланиб, унинг асосий қадамжоси Муқаддас мақбара ибодатхонаси эди.
Дамашқ фатҳидан атиги уч йил ўтгач, 637 йилда мусулмон қўшинлари Қуддуси шариф остонасига келиб тўхтади. Византия қўшинлари Дамашқдан чиқиб кетгани учун ша-ар аҳли ҳеч қаердан ёрдам кута олмас эди. Қуддуси шариф тўрт ой қамал қилинди, бироқ шаҳар ҳокими патриарх Софроний шаҳарнинг тақцири ҳал бўлганини тушуниб, таслим бўлишга қарор қилди.
Софроний жуда қалтис йўл тутган эди – шаҳар насронийлар учун муқаддас эди, уни ўзи учун ҳам муқаддас деб билган бошқа куч ишғол қилса, шаҳарнинг қисмати не кечади?
Халифа Умар ибн Хаттоб патриархнинг таклифига биноан Муқаддас мақбара ибодатхонасига ташриф буюриб, уни кўздан кечирди. Шу пайт мусулмонларнинг намоз вақти кириб қолди. Патриарх унга шу ерда, черковнинг ичида намоз ўқиб олишни таклиф қилди, бироқ кутилмаганда халифа таклифни рад қилди. У ҳайратда қолган патриархга бунинг сабабини шундай тушунтирди: «Келгусида мусулмонлар «Бу ерда халифа Умар намоз ўқиган», деб уни эгаллаб олишлари ва черковни масжид қилиб олишлари мумкин».
Ушбу эҳромнинг насронийлар учун нечоғлик азизлигини билган мусулмонлар раҳбари халифа Умар намоз ўқиш учун бошқа жой топишга қарор қилди. У намозни Муқаддас мақбара ибодатхонасидан бир неча метр нарида ўқиди. Ҳақиқатдан ҳам, кейинчалик бу ер катта масжидга айланиб унинг номи билан аталди.
Мусулмонлар ўзлари учун энг муқаддас шаҳарлардан бирини фатҳ қилган эдилар. Бинобарин, улар Жаброил фаришта Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тунда олиб келган жойни ҳар қанча эҳтиром қилсалар, арзирди. Ҳозир бу ерда мусулмонларнинг энг қадимий меъморий обидаларидан бири – «Қуббатус сахра» масжиди жойлашган.
«Мусулмонлар «Қуббатус сахра» масжидига келишса, аввало Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб икки ракъат намоз ўқийдилар. Бу Ислом таълимотида жуда муҳим аҳамият касб этади».
Қуддуси шариф фатҳидан кейин ҳам насронийларга ўз черковларини сақлаб қолишга рухсат берилди. Румликлар ва византияликлар даврида шаҳардан ҳайдаб чиқарилган яҳудийларга қайтишга рухсат берилди. Диний багрикенглик Ислом таълимотининг асосларидан бири эди. Ислом салтанатининг келгуси муваффақиятини ана шу буюк фазилат белгилаб берди. Янги мусулмон давлатга фуқаро бўлиб, унинг ҳимояси остига кириш учун ғайридинлар – насроний ва яҳудийлар жон солиғи, яъни жизя тўлашлари кифоя эди...»
(Иқтибос тугади)
Музаффар фотиҳ Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўрсатмаларига амал қилиб, ишни Убулла деган жойни фатҳ қилишдан бошладилар. Кейин эса Сийн, Валажа ва Уллайс деган жойларда душман билан тўқнашиб, ғолиб келдилар. Сўнг Ҳийра, Анбор, Айнут-тамр, Давматул жандал деган жойларни фатҳ қилдилар. Ундан сўнг Ҳасийд, Ханофис ва Фироз деган ерларда ҳам рақибларни мағлуб этдилар.
Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни Шом томонга ўтишга амр қилдилар. Ироққа эса Мусанно ибн Ҳориса Шайбонийни тайинладилар,
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Шомга кетгач, Форс подшоҳи Мусанно ибн Ҳориса Шайбонийга қарши катта лашкар юборди. Бобилда икки тараф тўқнашди ва мусулмонлар ғолиб бўлдилар.
Форс империяси таназзулга юз тутди.
Рум жангининг бошланиши
Сўнгра Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ерларини фатҳ қилишни ирода этдилар. Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгач, Рум фатҳига бирин-кетин лашкар жўната бошладилар.
Холид ибн Саъид бошлиқ лашкарни Шом остоналарига, Амр ибн Ос бошлиқ лашкарни Фаластинга, Шураҳбил ибн Ҳасана бошлиқ лашкарни Урдунга, Язид ибн Абу Суфён бошлиқ лашкарни Балқо томонга, Абу Убайда ибн Жарроҳ бошлиқ лашкарни Ҳимс томонга юбордилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳар бир лашкарни кузатгани пиёда юриб чиқар, уларга дунё ва охиратларига фойдали бўлган насиҳатларни қилар эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юборган лашкар Шом ўлкасига етиб борди.
Бу хабар Рум подшоҳи Ҳирақлга етганида, у ўз халқига мусулмонлар билан сулҳ тузишни таклиф қилди. Улар бош тортишди. Кейин румликлар ниҳоятда кўп сонли лашкар тўплашди.
Амр ибн Оснинг таклифига биноан, лашкарбошилар тўпланиб маслаҳат қилдилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга хабар йўлладилар. У киши уларга «Сизга ўхшаганлар озлиги учун эмас, гунохдари учун мағлуб бўладилар. Гуноҳлардан сақланинглар» деган хабарни юбордилар.
Ярмук жанги
Икки томон Ярмук деган жойда ўзаро қарама-қарши жойлашди. Амирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ёрдам сўрадилар. У киши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўз лашкарининг ярмини олиб Ироқдан Шомга ўтишга амр қилдилар. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу етиб келиб, ҳаммани бир қўмондонлик остида бирлаштиришни таклиф қилдилар. Кўпчилик у кишининг ўзларини амир қилиб сайлади. Жанг бошланди. Мусулмонлар мазкур жангда ғалабага эришдилар.
Мусулмонларнинг бу тарихий ғалабаси «Ярмук жанги» номи ила машҳурдир. Ярмук жанги тугаши билан музаффар фотихдарга маҳбуб халифалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар келди.
Аслида хабар жангдан олдин келган эди. Унда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амирликдан бўшатилгани ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг амир этиб тайинлангани ҳақида ҳам ran бор эди. Лекин ҳал қилувчи жангдан олдин мусулмонларга машъум хабарни билдирмаслик учун Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳам, Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам уни ошкор қилмаган эдилар.
ҲАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ ВАФОТЛАРИ
Ҳижрий 13 йил жумодул охир ойининг 8-куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иситма касалига чалиндилар. Хасталик тобора зўрая борди.
Имом Табарий, Ибн Жавзий ва Ибн Касирларнинг таъкидлашларича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хасталиклари оғирлашганда, халқаро ва ички вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўзларидан кейин мусулмонларнинг ихтилофга тушишларидан қўрқиб, уларга ўз ўлимларидан олдин янги халифа танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин ким халифа бўлиши кераклигини тезда ҳал қила олмадилар. Улар ишни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзларига оширдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хаста ҳолларида Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Саъид ибн Зайд, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқа муҳожиру ансорлардан бўлган саҳобаи киромларни якка-якка чақириб, бу иш хусусида маслаҳат қилдилар. Ҳамманинг фикри Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуда тўхтади.
Ҳамма маслаҳатчилар бир фикрга келганларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидаги ахдномани Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айтиб туриб ёздирдилар:
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ушбу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрнинг бу дунёдаги охиргшва охиратдаги аввалги пайти, кофир мўмин бўладиган, фожир таслим бўладиган пайтда берган аҳдномасидир. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Сизлардан яхшиликни аямадим. Агар у сабр ва адолат қилса, унинг ҳақида менинг билганим шу. Агар у зулм қилса, бу улуғ ишни ўзгартириб юборса, ҳар ким қилмишига яраша жазосини тортади. Мен фақат яхшиликни ирода қилдим. Мен ғайбни билмайман. «Зулм қилганлар эса тезда қайси қайтиш жойига қайтишларини билурлар» (Шуаро сураси, 227-оят).
Сўнгра хаста ҳолдаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўтариб одамларнинг олдига олиб чиқишди. У киши уларга ахдномани ўқиб бердилар ва: «Сизларга ўзимдан кейин қолдирган кишимдан розимисиз? Мен сизларга қа-риндошимни эмас, Умарни қолдирдим. Унга қулоқ осинглар ва итоат қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилиб, шу қарорга келдим», дедилар. Одамлар: «Эшитдик, итоат қиламиз!» дедилар.
Сўнг у киши Умар розияллоҳу анҳуни олдларига чорлаб, қуйидагиларни айтдилар:
«Мен сени ўзимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қолдирдим.
Эй Умар! Аллоҳнинг кечки ҳаққи бор, уни кундузи қабул қилмас. Кундузги ҳаққи бор, уни кечаси қабул қилмас. У Зот фарз адо қилинмагунча, нафлни қабул қилмас.
Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозиси оғир келадиганларнинг тарозиси оғир бўлиши уларнинг ҳаққа эргашгани учундир. Зотан, ҳакдан бошқа нарса қўйилмаган тарози оғир бўлади.
Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозиси енгил келганларнинг тарозиси енгил бўлиши уларнинг ботилга эргашганидандир. Зотан, ботилдан бошқа нарса қўйилмаган тарози енгил бўлади.
Эй Умар! Билгинки, енгиллик ояти шиддат ояти ила бирга, шиддат ояти енгиллик ояти ила бирга нозил бўлган. Мўмин ҳам рағбат қилиб, ҳам қўрқиб туриши учун шундай бўлган. У Аллоҳдан ўзига номуносиб нарсани сўрайдиган даражада рағбат қилмайди. Шунингдек, икки қўли бўшашиб қоладиган даражада қўрқмайди ҳам.
Эй Умар! Билгинки, Аллоҳ дўзах аҳлини уларнинг энг ёмон амаллари илазйкр қилган. Қачон уларни эсласам, асло улардан бўлмасликни орзу қиламан. У Зот жаннат аҳлини уларнинг энг яхши амаллари ила зикр қилган, чунки У Зот уларнинг ёмонликларини кечиб юборган. Қачон уларни эсласам: «Уларнинг амаллари олдида менинг амалим нима бўлибди», дейман. Агар менинг васиятимни ёдлаб олган бўлсанг, ўлим туфайли ғойиб сен учун ҳозирдан маҳбуброқ бўлмасин. Сен ундан қочиб қутула олмассан».
Аммо бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа этиб тайин қилинди, деган ran эмасди. Бу халифаликка номзод кўрсатиш эди. Халифани сайлаш эса кейинроқ халқ томонидан бўлиши керак эди.
Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни яна ётган жойларига олиб кирдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфлари ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Ўлимни бу қадар хотиржамлик билан кутиб олиш осон иш эмас. Айниқса, бир миллатга бош бўлиб турган одам бундай пайтларда беморлигини даволатишга уринади.
Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одатдан ташқаридаги одамлар тоифасидан эдилар. У киши ўлимни мардлик, ҳатто хурсандчилик билан кутиб олдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жумодус соний ойининг тугашига саккиз кун қолганда, сешанба куни олтмиш уч ёшларида вафот этдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларни динга қайтардилар. Арабларни Исломда қайта бирлаштирдилар. Уша пайтдаги икки улкан империяни фатҳ қилишни бошладилар. Қуръони Каримни бир мусҳафга жамладилар ва бошқа кўплаб улкан ишларни амалга оширдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг қозилари, Абу Убайда розияллоҳу анҳу девонбегилари, Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эса у кишининг мирза-котиблари эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Ислом жамияти вилоятларида қуйидаги волийлар иш юритар эдилар:
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг охирги сўзлари «Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» (Юсуф сураси, 101-оят) ояти бўлган экан («Тарихи Табарий»).
Ушанда ҳижрий 13 йил жумодул охир ойининг 21-куни (милодий 634 йилнинг 21 август) эди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни хотинлари Асмо бинт Умайс ва ўғиллари Абдурраҳмонлар ювиб, ўзларининг кийимларига кафанлаганлар. Жанозаларини эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўқиганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳужраларига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига кечаси дафн қилинганлар. У кишининг бошлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига тўғрилаб қўйилган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига ўғиллари Абдурраҳмон, саҳобалардан Умар, Усмон, Абдурраҳмон ибн Авф ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳулар тушганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг жаннати экани аниқ бўлган оз сонли кишилардан бири эканлари ҳаммамизга маълум. Бунинг баъзи далилларини эса юқорида ўрганиб ўтдик.
Аллоҳ таолонинг Узи у кишидан рози бўлсин! Омийн!
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ИККИНЧИ ФАСЛ
УМАР ИБН ХАТТОБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ:
Фатҳлар;
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тинчлик жабҳасидаги оламшумул ишлари;
Ҳазрати Умар ва илм;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Намозда рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш масаласи
Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма Ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа пайтда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма номозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.
Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчиларимиз пайдо бўлдилар. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Ана ўшаларимиз ўзларини, худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, Ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек ҳис этар эдилар. Бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса, ўша масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини бир юз эллигинчи Ҳижрий санада туғилган Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана ўша буюк мужтаҳидларимиз энг аввал келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли ила амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилардилар. Агар бизда бир озгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсизлигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.
Келинг, илмсизлигимизга барҳам бериш ва хатони такрорламаслик умидида бу масалани илмий йўл ила яна бир кўриб чиқайлик.
Намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш керак деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси
Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхати бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари туради. Улар ўзларининг бу ҳукмларига бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар:
Биринчи далил:
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни очсалар икки қўлларини елкалари баробар кўтариб туриб такбир айтар эдилар. Кейин қачон рукуъга такбир айтсалар ҳам шунингдек, қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар ҳам уларни худди ўшандоқ кўтарар эдилар ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа ва лакал ҳамд», дер эдилар», деганлар.
Мана шу саҳиҳ ҳадисда намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Иккинчи далил:
Имом Бухорий келтирган ривоятда Нофеъ розияллоҳу анҳу: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса, унга тош отар эди», деган.
Бу ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлаб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари амал қилибгина қолмай, ўзгаларни ҳам мазкур ҳукмга бўйсунишларига ҳаракат этганлари яққол кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Ҳанафий уламолар, дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик, келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик, дейдилар.
Имом ат-Таҳовий, Имом Ибн Абу Шайба ва Имом ал-Байҳақийлар ўз китобларида келтирган ривоятда Мужоҳид розияллоҳу анҳу: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У икки қўлини намоздаги биринчи такбирдан бошқа ҳеч кўтармас эди», деганлар.
Олдинги икки ривоят ва биз келтирган учинчи ривоятни қўшиб ўргансак, рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик бу амал насх бўлганидан кейин унга амал қилишни тўхтатганлар.
Сиз ҳам, ҳурматли Шофеъий, Ҳанбалий ва ушбу масалада улар билан ҳамфикр бўлганлар, биз ҳам саҳобий ўзи қилган ривоятга зид амал қилса, ривоятини эмас, амалини қабул қилишга иттифоқ қилганмиз. Чунки саҳобийлар насх бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳукмга хилоф амал қилмайдилар. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир каттаю кичик нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ эргашувчи ягона саҳобий бўлганлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид, эргашиш зарур ҳисобланмаган ишларни ҳам ўта аниқлик билан қилиб юрганлари маълум ва машҳур. Шундоқ одам насх собит бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳадисга хилоф иш тутиб, рукуъга боришда ва ундан қайтишда икки қўлни кўтаришни тарк қилмас эдилар.
Учинчи далил:
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ўз Сунанларида, Имом Бухорий «Рафу ълядайни фиссолати» деган рисолаларида ва Имом Таҳовий «Мушкилул-Осор»да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон фарз намозга турсалар такбир айтиб, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Худди шу ишни қироатларини тамом қилиб рукуъга боришни ирода қилсалар ҳам, рукуъдан бош кўтарсалар ҳам қилар эдилар. У зот намозда ўтирган ҳолларида ҳеч қўлларини кўтармас эдилар. Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб, такбир айтар эдилар», дейилган.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу далилларига жавоб қуйидагича: Бу ривоят собит эканини яхши биламиз. Лекин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг айни ўзларидан бунинг акси содир бўлгани ҳақида ривоят бор. Ана шу ривоятни ҳам этиъборга олиб туриб, (ниҳоий) ҳукм чиқарилса, жуда ҳам яхши бўлар эди.
Имом ат-Таҳовий ва Имом Ибн Абу Шайбалар Осим Ибн Кулайбнинг отасидан қилган ривоятда: «Али розияллоҳу анҳу икки қўлларини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди», дейилган.
Имом Абу Бакр Ибн Абу Шайба Абу Исҳоқдан келтирган ривоятда эса: «Абдуллоҳ (Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақатгина намозни бошида кўтарар эдилар, холос», дейилган.
Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Бўлмаса Ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятга хилоф иш қилмас эдилар. Шу билан бирга Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобеъинларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда, икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ўзларига далил қилиб келтирган юқоридаги ҳадисда зикр қилинган «Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб такбир айтар эдилар», деган жумла уларнинг зиддига катта ҳужжатдир. Чунки улар саждадан туришда қўл кўтариш керак демайдилар. Ўз-ўзидан «нима учун бир ҳадиснинг маълум бўлагига амал қиласизлар-у, бошқа бўлагига амал қилмайсизлар», деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Сажда қилиб бўлиб тураётганда ва бошқа ҳолатларда ҳам икки қўл кўтарилиши ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Мана шу нарсанинг ўзи ҳам аввал намозда такбираи эҳромдан бошқа жойларда ҳам қўл кўтариш бўлиб, кейинчалик насх қилинганига далолатдир. Бу ҳақиқатни Ҳанафийлар тўлиқлигича олиб, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бир қисмини қабул қилиб, рукуъга кетиш ва ундан қайтишга тегишли жойини қабул қилмаган чиқадилар.
Ҳанафийлар мухолифларнинг ҳар бир далилига худди шу қабилда раддия қиладилар. Биз намуна учун келтирилган мисоллар билан кифояланиб, энди бу масалани қадимда қандоқ муноқаша қилингани ҳақидаги икки ривоятни ўрганиб чиқайлик:
Имом ат-Таҳовий келтирган ривоятда ал-Муғийра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Иброҳимга, Воилнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон намозни бошласалар, рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар, икки қўлларини кўтаришларини кўрдим, деган ҳадисига нима дейсиз, дедим». У киши: «Агар Воил у зотнинг ундоқ қилганларини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ундоқ қилмаганларини эллик марта кўрган», деди.
Кўриниб турибдики, рукуъга кетаётиб ва ундан қайтаётиб икки қўл кўтарилади, деганлар Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилганлар. Буюк тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий розияллоҳу анҳуга бу гап айтилганда, у киши Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини раддияга келтирганлар ва қайси бир ҳадис қабул қилишга лойиқроқ эканини тасдиқлаш мақсадида уларнинг ровийларининг ҳолларини зикр қилиб ўтганлар. Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу иймонга келганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида фақатгина бир ҳафта туриб, намоз ўқишни ўрганганлари ва қайтиб кетиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайта кўрмаганлари машҳур. Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таълим учун алоҳида муомала қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтармаганлари ҳақидаги ривоят соҳиби Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса, энг биринчи иймонга келган саҳобалардан бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг умрларининг охирларигача ажралмаган улкан саҳобийлардан биридирлар. Албатта у киши Воил розияллоҳу анҳуга қараганда кўп нарсани билишлари турган гап.
Иккинчи мисол Имом ал-Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён Ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан Имом Абу Ҳанифа билан Имом ал-Авзоъий ора-ларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар:
«Абу Ҳанифа билан ал-Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда ал-Авзоъий Абу Ҳанифага:
- Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? деди. Абу Ҳанифа эса:
- Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ нарса бўлмади, деди.
- Қандоқ қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир, менга аз-Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! деди ал-Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа:
- Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва ал-Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, деди.
- Мен сенга аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди, дейсан-а?! деди ал-Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига:
- Ҳаммод аз-Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Ал-Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал, деб жавоб берди. Шунда ал-Авзоъий жим қолди».
Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. Ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам улар мулоҳаза қилган эканлар.
Ҳанафийларнинг далиллари
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур масала бўйича мухолиф томонларнинг далилларини муноқаша қилиб, уларга раддия берибгина қолмай, ўз ҳукмларини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар ҳам келтирганлар. Қуйида эътиборингизга улар келтирган далиллардан қисман ҳавола қиламиз:
Биринчи далил:
Имом Муслим Жобир Ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ҳузуримизга чиқдилар ва: «Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўрмоқдаман?! Намозда сокинлик ила туринглар!» дедилар», дейилган.
Маълумки, намоз янги фарз бўлган пайтда ҳозирги каби тўлиқ бўлмаган. Баъзи ҳолатларда ҳар хил майда овоз чиқариш ёки ҳаракатлар ҳам бўлиб турган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ ишларни қилган одамларга аста-секин тарбия бериб, хатоларини тузатиб борганлар. Бу маънода ҳадис китобларимизда бир қанча ривоятлар келган. Ушбу биз таҳлил қилаётган рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўлни кўтариш масаласи ҳам аввалда бор бўлиб, кейин мансух қилинганлигини мана шу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳукмнинг мансух бўлгани, амалдан қолганидан бехабар баъзи саҳобийлар аввалгидек рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўлларини кўтариб, намоз ўқиётганларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан кўриб турганлар. Кейин ташқарига чиқиб, уларга ушбу ҳадисда келтирилган гапларни айтганлар.
Иккинчи далил:
Имом Термизий Алқама розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Абдуллоҳ Ибн Масъуд мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми, деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади», дейилган.
Ўз-ўзидан маълумки, бунга ўхшаш кишиларни огоҳлантириб қўйиб, қилинган ишлар ўта аниқлик билан адо этилади. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ким эканликлари эса ҳаммамизга маълум. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг пайғамбарлик даврларида ҳар доим бирга юрган, улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийлар.
Худди шу маънодаги ҳадисни Имом Насаий ҳам ривоят қилганлар.
Учинчи далил:
Имом ат-Таҳовий ал-Асвад розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Умар Ибн Хаттобнинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаслигини кўрдим», дейилган.
Тўртинчи далил:
Имом Ибн Абу Шайба ал-Асвад розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Умар ибн Хаттобнинг орқасида намоз ўқидим. У ўз намозида бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Аш-Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқларни ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим», дейилган.
Бешинчи далил:
Имом ал-Байҳақий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарларнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни бошлашдаги қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармас эдилар», дейилган.
Олтинчи далил:
Имом ат-Таҳовий Абу Бакр Ибн Айёш розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим», дейилган.
Еттинчи далил:
Намоз ҳамманинг кўз ўнгида, ҳар куни беш марта адо этиладиган, эътиборли ва улкан ибодат. Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозларини йиллар давомида кўпчилик ўта диққат билан кузатиб, ўрганиб келган. Ана шундоқ нарсага тегишли, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариладими-йўқми, деган масалада ҳар хил гап айтилишининг ўзи бу иш ҳақида шубҳа туғдиради. Бу эса, Ҳанафийларнинг иши тўғри эканини кўрсатади.
Саккизинчи далил:
Ҳанафийлар рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш ҳақида келган ривоятлар кўплиги, саҳиҳлиги, баъзи гапларга қараганда саҳобаи киромларнинг элликталаридан ривоят қилинганлигини яхши биладилар. Аммо, шундоқ бўлса ҳам, насх ворид бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Чунки насх ривоятнинг кучли ва кучсизлигига ёки кўп ва озлигига қараб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Ҳадис ҳар қанча кучли бўлса ҳам оятнинг кучига ета олмайди. Шундоқ бўлса ҳам Қуръони Каримнинг баъзи оятлари мансух бўлгани маълум ва машҳур.
Тўққизинчи далил:
Ушбу муноқаша қилинаётган қўл кўтариш ҳақидаги масалада бир ақлий далил келтириш учун Ҳанафий мазҳаби уламолари вақтинча насх ҳақидаги даъволаридан кечадилар. Айтайлик, насх ворид бўлмади, дейдилар улар. Ундоқ пайтда умумий қоидага биноан бир ҳукм ҳақидаги ҳадислар қарама-қарши бўлиб қолса, саҳобалар нимага амал қилган бўлсалар, ўша олинади. Агар саҳобаларнинг амаллари ҳам қарама-қарши бўлиб қолса, қиёсга қайтилади. Ушбу масалада ҳам қиёсга қайтиладиган бўлса, аслида намозда сукунат, ортиқча ҳаракат қилмаслик таъкидланади. Намознинг ичида қўл кўтаришлик ортиқча ҳаракатдир. Такбири таҳримадаги қўл кўтариш намоз ичидаги эмас, унинг бошланишидаги кўтаришдир.
Шу ерга келганда, муҳтарам ўқувчидан далиллар келтиришга якун ясаш учун изн сўраймиз. Агар қолган далилларни ҳам келтирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетган гапни яна ҳам чўзиб юрмай, хулосага ўтиб қўяқолганимиз маъқулдир.
Хулоса
Кўриб турибмизки, барча фиқҳий масалалар, жумладан, омийн масаласи, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш каби масалаларда Ҳанафий мазҳабидагилар ҳадисга амал қилмайдилар, деган даъво, мутлақо ёлғон ва ботил даъводир. Аксинча, Ҳанафийлар ҳадисларни бош-қалардан кўра чуқурроқ ва аниқроқ ўрганиб, амал қилишларини ўзимиз илмий равишда ўрганиб чиқдик. Шу билан бирга Ҳанафийлар бошқа мазҳаб атбоъларига ўхшаб, ўзга мазҳабдагиларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиб келганлар.
Ҳозирги давримизда ҳам Шофеъий ва Ҳанбалийлар қўл кўтариб, Ҳанафий ва Моликийлар қўл кўтармай тинчгина намозларини ўқиб келишар эди. Ичимиздан бир неча оятни чала ёд олган ва уч-тўрт ҳадиснинг таржимасини ўрганиб олганларимиз чиқиб, мазҳаббоши мужтаҳидларимизга тош ота бошлашди. Мусулмонлар оммаси ўз ибо-датларини адо қилишда Қуръон ва Суннатга амал қилмас-ликда айбланди. Динга эндигина қайтаётган халқ оммаси ўртасида уламолар ичида қолиши лозим бўлган масалалар олиб чиқилиб турли ихтилофларга йўл очилди. Оқибатда мусулмонларга кўпгина кулфатлар етди.
Азиз дин қардошлар! Ўтган саҳифаларда ҳозирда ихтилофларга сабаб бўлаётган масалалардан иккитасини кўриб чиқдик. Аслида бундай масалалар анчагина бўлиб қолди. Янгилари ҳам пайдо бўлмоқда. Бу ҳолат яна ҳам авж олиб боравериши мумкин. Чунки ичимиздан, мазҳаб ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уни қўйиб Қуръон ва Суннатга амал қиламиз, деган даъво билан чиқаётганлар, аслида, Ҳанафий мазҳабини рад этиб, бошқа мазҳабга эргашмоқдалар. Улар баъзи масалаларни фақат ўша мазҳабда айтилгани ҳақ, ундан бошқаси ботил, деб ўйламоқдалар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар оммасини бидъатга берилганликда, Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда ва бошқа нарсаларда айбламоқдалар. Бу фикримизнинг тасдиғи учун биргина мисол келтирайлик.
Кейинги мавзулар:
Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш;
Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги тўғрисидаги замонавий ҳужжат ва фатволар;
Тўққизинчи қарор.