Мусулмонларнинг тиббиётга қўшган энг катта ҳиссаси биринчи бўлиб шифохоналар ташкил этганлигидир. Қарийб 900 йил олдин мусулмонлар диёрида касалхона очилган.
Биринчи шифохона халифа Валид ибн Абдулмалик даврида фаолият юритган. Бу шифохона моховлар учун эди (Табарий. “Тарихи умам вал мулук”).
Орадан 900 йилдан кўп вақт ўтгачгина Парижда биринчи Европа касалхонаси очилди. Ислом ўлкаларида шифохоналарнинг баъзилари кўчма, баъзилари муқим фаолият кўрсатган.
Шифохоналар “бемористон” деб номланган, улар медицина университети вазифасини ҳам бажарган. Барча шаҳарларда шифохоналар бор эди, кўчма шифохоналар чекка ҳудудларга хизмат кўрсатган. Уларни туяларга ортиб юришган. Султон Маҳмуд Салжуқий (ҳижрий 511-525 йилларда) ҳукмронлик қилган даврда қирқталаб туялар шифохона асбоб-ускуналари ортилган юкларни кўтариб юрган. Кўчма шифохонада бир нечта тажрибали табиблар ишлаган (Ибн Қафтий. “Тарихи ҳукамо”).
Катта шаҳарларда жойлашган шифохоналар юқори савияда бўлган.
Машҳур шифохоналар сирасига Бағдоддаги “Азудия” (ҳижрий 371 йил), Дамашқдаги “Нурий” (ҳижрий 549 йил), Қоҳирадаги “Мансурий” шифохоналарини (ҳижрий 683 йил) киритиш мумкин. Қуртуба (Кордоба) шаҳрининг ўзида уларнинг сони элликдан ортиқ бўлган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар тиббиёти”).
Шифохоналар турли бўлимлардан: жарроҳлик, тери касалликлари, кўз касаллиги, суяк синиши каби бўлимлардан ташкил топган. Табиб шогирдлари билан касалларни кўриб, ташхис қўйган, талабалар бевосита даволаш жараёнида иштирок этган.
Сўнгра устоз катта хонақода уларга маъруза ўқиган. Шифохоналарда кутубхоналар мавжуд бўлиб, тиббиёт адабиётлари билан бирга, фиқҳ китоблари ҳам бўлган. Қоҳирада жойлашган “Ибн Тулун” шифохонасида 100.000 дона китоб бўлган экан. Шифохона атрофидаги катта экин майдонида муолажалар учун зарур гиёҳлар экилган.
Шифохоналарда касаллик юқишининг олдини олиш учун тартиб жорий қилинган. Келган беморнинг кийими ечилиб, унга махсус либос берилган. Бемор ўзига хос палатада даволанган, унинг бошқа палаталарга кириши таъқиқланган. Ҳар бир касалга алоҳида идиш-товоқ, кароват, кўрпа-тўшак берилган. Бу ҳозирги “Гигиена қоидалари”га аслида мусулмон ўлкаларида асос солинганига ишора.
Парижда биринчи очилган шифохона мусулмонларникидан тубдан фарқ қилган. Касаллар дарди ҳар хил бўлса-да, битта палатада даволанган. Бир неча бемор битта кароватда ухлаган. Хона шу даражада ҳидланиб кетар эканки, табиб ва ҳамширалар хонага бурунларини беркитиб киришган. Бемор ўлиб қолса, бир кунгача хонада қолиб кетар экан ҳатто! (Мустафо Сабаий. “Мин равонъ ҳазоратина”).
“Азудия” шифохонаси ҳижрий 371 йил Бағдодда Азудуддавла ибн Бувайҳ томонидан бунёд этилган бўлиб, дастлаб 24 нафар табиб хизмат кўрсатган. Кейинчалик улар сони кўпайиб, катта кутубхона ташкил қилинган. Шифохонада 24 соат давомида хизмат кўрсатилган.
Ибн Жубайр ажойиб бир ҳолатни ҳикоя қилади: у ҳижрий 580 йилда Бағдодга қилган сафарида боғ-роғлар билан ўралган маҳалланинг марказида гўзал бир қаср бўлиб, касалларга вақф қилинганди. Булар келиб бемалол истиқомат қилар, қасрнинг барча харажатлари давлат хазинасидан ва бойлар вақф қилган сармоядан қопланар экан (Мустафо Сабаий. “Мин равовъ ҳазоратина”).
“Ислом ва Олам” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Банданинг ҳаққи енгил қараладиган нарса эмас. Бу ҳақ – то адо қилинмагунча кечилмайдиган ҳақ. Бу шундай ҳақки, Аллоҳ таоло аралашмайдиган ҳақ.
Банданинг ҳаққи иймоннинг бир бўлаги. Адо қилинмагунча жаннатга киришдан тўсиб турадиган девор. Бандани ҳаққини адо қилиш аслида иймон келтиришдан бошланади.
Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.
“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир” бу калом Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир” буниси эса банданинг ҳаққидир.
Ушбу жумлалар бир-биридан ажратилганда эса, иймон мукаммал бўлмайди.
“Намозни баркамол ўқингиз”, Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Закот берингиз” банданинг ҳаққидир.
“Аллоҳга итоат этингиз” Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Пайғамбарга итоат этингиз” банданинг ҳаққидир.
“Менга ва ота-онангга шукр қилгин”
“Менга (шукр қилгин)” Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Ота-онангга шукр қилгин” банданинг ҳаққидир.
Агар киши Аллоҳнинг ҳаққини гўзал адо қилса-ю, банданинг ҳаққига риоя қилмаса нажот топмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ҳаж қилса-ю, (унда) рофас (фаҳш) ва фисққа йўл қўймаган бўлса, у уйига худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
“Ҳаж” – Аллоҳнинг ҳаққи.
“Фахш ва фисқ” бандалар ҳаққига риоя қилмаслик оқибатида бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради”, дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда” , дедилар (Имом Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).
“Намоз ва рўза” Аллоҳнинг ҳаққи. Аёл уни адо қиларди.
“Тилдаги озор ва беҳаёлик” бандаларнинг ҳаққи. Шу ҳақ адо қилинмагани сабабли “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор тумани “Охунгузар” масжиди имом-хатиби.