Мусулмон диёрлари, жумладан юртимизда ҳам қадимдан масжидлар фаолиятида уларга белгиланган вақф мулклари катта аҳамият касб этган.
(“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Шаръий таърифда эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.)
Вақф Ислом шариатида кенг тарғиб этилган, манфаати давомли, савоби узлуксиз бўлган иқтисодий хайрия ишидир. Қадимдан мўмин-мусулмонлар вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эътибор қаратиб келганлар.
Вақфга оид муносабатлар қандай тартибга солинган?
Вақф мадраса, масжид, мозор, қорихона каби муассасалар фойдасиги белгиланган турли кўринишдаги мол-мулк бўлиб, унинг расмий-ҳуқуқий ҳужжати вақфнома деб аталган. Вақфномалар қозихоналарда вақф қилувчи — воқиф, қози, аълам, муфтий ва холис гувоҳлар иштирокида тузилиб, муҳрланган. Вақфномалар, маълум вақт ўтгач, шароит тақозосига кура, (вакфноманинг йўқолиши, яроқсиз холга келиши ва бошқа сабаблар билан) янгиланиб турилган. Бир масжидга турли вақтларда турли кишилар тарафидан ҳам мулклар ажратилган ва улар учун алоҳида вақфномалар тузилган. Вақфнинг бир кўринишида вақф қилинган мол-мулк вақф қилувчи, яъни воқифнинг кўлидан бутунлай чиқиб кетган, иккинчи кўриниши эса воқифга вақф қилинаётган мулкдан келаётган даромаднинг бир қисмини ўзига олиш имконини берган. Вақф хўжалиги ишларини юритувчи шахс - мутаваллини белгилаш ва вақф даромадини тақсимлаш воқифнинг ихтиёрида бўлган[1].
Ўртаҳол кишилар ҳам вақф қила олган...
Архив ҳужжатларида қайд қилинишича, 1884 йилги қайдномаларда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган вақфли масжидлар 125 тани ташкил этган. Масжидларда имом, муаззин, мутавалли, йирик масжидларда эса фаррош, сартарош ва қоровул хизмат қилган. Улар масжиднинг вақф мулкидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминланган. Масжиднинг вақфлари аввало масжид қурувчиси, қолаверса, ҳокимлар ва ўзига тўқ кишилар томонидан ажратилган. Катта мол-мулкка эга бўлмаган ўртаҳол кишилар ҳам кичикроқ маблағ эвазига дўконга эга бўлиб, бирор бир масжидга вақф қила олган.
Масжид вақфларини, асосан, шаҳардаги савдо ва ҳунармандчилик дўконлари ҳамда ерлар ташкил қилган. Бозорлардан ташқари, масжидга туташ ерда ва масжид ҳовлиларида ҳам вақф сифатида дўконлар ишга туширилган ва уларда сўфи (муаззин) ёки мутавалли савдо қилган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, тегирмонлар, обжувозлар, экинзорлар, боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар ва пул маблағлари ҳам эгалари томонидан белгиланган шартлар асосида вақф қилинган[2].
Ўктамбек Султонов “Тошкент масжидлари тарихи” рисоласидаги тадқиқотларида масжидларнинг ўз вақф мулклари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади. Унда келтирилишича, Говкуш (Говкушон) маҳалласидаги масжидга Мирҳоди Мирболта ўғли Раста бозорида бир дўкон вақф қилган.
Қуйи Дегрез маҳалласидаги Саидазимбой Муҳаммадибой ўғли ўзи қурдирган масжидига бошқа бир саройи даромадидан масжидга йилда 25 тилла вақф қилган. Шундан кундалик имом 10 тилла, жума намози имоми 5 тилла, муаззин 5 тилла, қолган 5 тилла масжид эҳтиёжига сарфланган.
Шаҳарнинг марказий масжидларидан ҳисобланган “Ҳожа Аҳрор” жоме масжиди эса 1884 йилда масжид атрофи ва бозор ичида 102 та дўкондан йилига 120 сўм, масжид яқинидаги Солиҳбек додхоҳ авлодларига қарашли бир саройдан йилига 120 сўм, жами 240 сўм вақф даромади ҳисобига фаолият кўрсатган.
Бу албатта масжидларнинг барқарор ишлаб туриши, улар қошида фаолият юритган мадраса, қироатхоналар мударрис ва талабаларининг таъминоти, қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиб туриш учун шариатнинг мукаммал ва савоби улуғ тизимидир. Бошқа жиҳатдан эса, илм аҳлига, Қуръон аҳлига ҳомийликдир. Токи илм талаб қилгувчи, Аллоҳнинг байтини хизматини қилувчи кишилар турмушида муҳтожлик сезиб, бошқа ишларга чалғимасин. Минг йиллардан бери қўлланилиб келинган мазкур тажрибанинг қанчалик самарали натижа бергани тарихдан маълум. Дунё илм-фани тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ сиймолар, мўътабар алломаларимиз бошланғич (асосан ҳал қилувчи) билимларини ана шундай вақф мулклари эвазига фаолият кўрсатган масжид ва мадрасаларда олганлар.
“Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидур”
Маълумки бугунги кунда юртимиздаги масжидларнинг молиявий таъминотини асосан иона (эҳсон) қутилари ва диний маросимлардан келиб тушадиган ихтиёрий хайрия маблағлари ташкил этади. Ана шу манбадан диний ташкилот ўз хўжалигини юритади: ходимларга маош, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни амалга оширади. Шаҳарлар маркази ёки катта йўл бўйларида жойлашган масжидлар ўз-ўзиини таъминлай олар, бироқ, чекка ҳудудлардаги масжидларга нисбатан бу фикрни айта олмаймиз. “Ўз аравасини торта олмайди”. Ҳомийлик маблағларига қараб қолинган... Бизда масжидларни расмий ҳомийлик ёки оталиққа олган давлат ёки хусусий тартибдаги ташкилот йўқ. Чунки бизда қонунчиликка кўра дин давлатдан ажратилган ва давлат диний ташкилотларни молиялаштирмайди. Яқинда депутатлардан бирининг аҳолисининг 90% фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилувчи давлатимизда ислом дини анъаналарига боғлиқ баъзи меъёрларни қонунчиликка киритиш жамиятдаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда фойда бўлишини айтган гаплари эътиборга молик. Бугун сўз эркинлиги устувор ҳимоя остига олиниб, мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари юзасидан таклиф ва шикоятлар тингланаётган экан, нима учун диний ташкилотларни янгича (тарих ва бугунги жаҳон тажрибаси) тизим асосида ишлаши учун қонунчиликка тегишли ўзгартириш лойиҳасини тақдим этиш мумкин эмас?
Бизда масжид ходимлари жуда кам ойликка ишлашади. Баъзилари иш ҳаққи олишмайди. Тўғри, Аллоҳ учун холис хизмат қилишни ихтиёр этишар, лекин масжид хизмати учун ҳақ олиш шариатда бор ва бу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларидан буён давом этиб келади.
Бундан уч йил аввал масжидлар қошида қўшимча хўжалик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳужжати қабул қилинган. Бироқ, бу етарли бўлмади. Агар биз ўтмиш тажрибасига таянган ҳолда масжидларга нисбатан вақф мулкчилигини жорий этсак-чи, нималарга эришамиз? Яъни тадбиркорлар, мулкдорлар, қўйингки, ҳиммати етган исталган киши хўжалик юритувчи субъеткларининг бир қисмини, ёки даромадининг маълум қисми, ер майдони, томорқа ва шунга ўхшаш бошқа шаклдаги мулкларини вақф қилиш механизмини тикласак, бундан вақф қилувчи ҳам масжидлар катта фойда топади. Бу қандай фойда?
Вақф қилувчининг фойдалари:
1 Аввало молини шариат кўрсатмасига биноан тўғри инфоқ қилган бўлади ва бу амали учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида чексиз савобга эга бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда кўплаб хушхабарлар келган. Улардан бирида шундай дейилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة البقرة الاية-261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Инфоқ қилиш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
«مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ»
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар қуйидаги ҳадисни айнан вақф ишига далил деб айтганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ اِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ،
صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ
(رواه الامام مسلم)
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амалидан савоб келиб туради: садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан” (Имом Муслим ривояти).
Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
قَالَ زَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ رضي الله عنه: لَمْ نَرَ خَيْراً لِلْمَيِّتِ وَلَا لِلْحَيِّ مِنْ هَذِهِ الْحُبُسِ الْمَوْقُوفَةِ أَمَّا الْمَيِّتُ فَيَجْرِي أَجْرُهَا عَلَيْهِ وَأَمَّا الْحَيُّ فَتُحْتَبَسُ عَلَيْهِ وَلَا تُوْهَبُ وَلَا تُوْرَثُ وَلَا يَقْدِرُ عَلَى اسْتِهْلَاكِهَا
яъни: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”.
Яъни масжидлар таъмири, ободлиги масалаларида қийнчилик туғилмайди. Имомлар ўз устиларида ишлашга, бор эътиборини мўмин-мусулмонларга ислом маърифатини етказишга қаратадилар.
Масжид учун фойдалари:
“Вақф” ХЖФни ташкил этишдан мақсад нима эди?
Бугун янгича ривожланиш йўлидан одимлаётган давлатимиз барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилмоқда. Замонавий услуб ва воситалар билан бирга ўтмишнинг бой тажрибасига суянмоқда. 2018 йилда муҳтарам Президентимиз Фармони асосида ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фонди диний маърифий соҳани ривожлантириш йўлидаги муҳим ва оқилона қадамлардан бири бўлди. Бироқ, юз йил аввалги буюк исломий қадрият тикланди, дея атрофга жар солганимиз – Вақф ХЖФ деярли хайр-саҳоват ишларини амалга оширувчи ташкилотга айланиб қолди (баъзи ишлаб чиқариш корхонаси ва хизмат кўрсатиш обьектлари ташкил этганини истисно этмаган ҳолда). Ҳозирда фонд айланма капиталининг асосини хайрия бўлими (бир марталик эҳсон) тушумлари ташкил этади. Жамғарма раҳбарининг ўтган йилги маълумотига кўра, «Вақф» фондига кишиларнинг ўз мулкини топшириш ҳолати учрамаган. Демак, биз вақфнинг моҳиятини, уни тиклашдан асл мақсад нима эканини одамларга етказа олмадик. Ваҳоланки, Президент Фармонида «Вақф» хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилаб қўйилган:
Ушбу вазифаларни амалга оширишда фонд ўз номининг шаръий ва тарихий моҳиятига кўра масжид, мадраса, шунингдек, шифохона, мактабларнинг вақф мулки тизимини ташкил этиш, кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, бу борада тегишли ҳуқуқий база яратиш, тўсиқ бўлаётган муаммолар юзасидан қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар билан чиқиши лозим. Халқимиз эса бу ишларга ҳарис, қўли очиқ халқ. Фақат шароит яратиб бериш, тўғри йўналиш кўрсатишимиз лозим. Шундагина бир вақтлар катта хурсандчилик билан таъсис этилган фонд ўзининг тарихий-функсионал вазифасига муносиб бўлар эди. Ва энг муҳими, кетиб қолган ишонч яна қайтади “ВАҚФ”га.
Зоиржон Содиқов
Масжидлар бўлими мутахассиси
[1] Ў.Султонов. Тошкент масжидлари тарихи. Тошкент. 2010 й.
[2] «Тошкент» энциклопедияси. 2009 й.
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.