Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Феврал, 2026   |   7 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:06
Пешин
12:41
Аср
16:24
Шом
18:11
Хуфтон
19:23
Bismillah
24 Феврал, 2026, 7 Рамазон, 1447

Жаннатга кирувчиларнинг икки ахлоқи

27.01.2021   2038   2 min.
Жаннатга кирувчиларнинг икки ахлоқи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилинадики:

اکثر ما يدخل الناس الجنة تقوی الله و حسن الخلق (راموز الاحاديث: 3/80)

Жаннатга дохил қилувчи сабабларнинг энг асосийси – Аллоҳдан қўрқишдир, тақводир, муттақий, хуш ахлоқли қул бўлмоқдир.

Инсон гўзал ахлоқли бўлса, ишлари юришади, инсонлар билан муомала, муносабатлари яхши йўлга қўйилади, бошқаларга ҳам фойдаси етади. Бошқаларнинг бахтли бўлишига сабабчи бўлади... Ёмон ахлоқли инсон эса, бошқаларнинг хафагарчиликларига, жамоат тартибининг бузилишига сабабчи бўлади. Бир қанча келишмовчиликлар, нотинчликларни юзага келтиради. Аллоҳ Таоло инсонни гўзал ахлоқи туфайли жаннатга киргизади.

Инсон бу гўзал ахлоқларни ўрганиши, билиши шарт. Гўзал ахлоқларнинг номини билиш яхши аммо бунинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, уларни ўрганиши, касб этиши, амалда татбиқ этиши, ўзлаштириши лозим!..

Масалан, адолат–  одил бўлиш, золим бўлмаслик, ноҳақлик қилмаслик жуда аҳамиятли гўзал ахлоқ турларидан ҳисобланади. Инсон бунга ҳаётининг ҳар лаҳзасида, ҳар ерда амал қилиши лозим. Аёлига, фарзандига, қўшнисига, ўзига нисбатан, ишда ва бошқа ҳар қандай муносабатларда адолатли бўлиши керак. Аксинча, адолатсизлик энг ёмон хулқлардандир.

Сабр ва сабот ҳам яхши ахлоқ туридандир. Инсонга ғам-ташвиш келтирувчи, кайфиятини, кўнглини бузувчи нарсалар ҳам бор, албатта. Лекин гоҳида уларни ҳам қилишга мажбур бўлади. Мисол учун ўқувчи футбол ўйнаш билан дарс қилиш орасида тараддудланиб қолса, яъни дарс қилаётганда дўстларини кўриб қолса, сиқилади, улар билан ўйнагиси келади. Аммо дарс қилиш зарурроқ. Бунинг учун ўзини қўлга олиши, сабр қилиши керак бўлади. Дарс қилиш қийин, машаққатли лекин муваффақиятларни қўлга киритиш учун фазилатли, етук инсон бўлиш учун шартдир.

Жангда ҳам ғалаба қилиш учун сабр шарт. Қуръони Каримда зафар қозониш учун иккита шарт қўйилган:

  1. Тақво... Инсонни жаннатга элтувчи тақво, зафар қозонишнинг ҳам шартидир. Инсон Аллоҳдан қўрқувчи, эҳтиёткор, парҳезкор, ҳисоб-китобли, гуноҳ ва ҳаромдан сақлангувчи. қочувчи инсон бўлиши лозим.
  2. Сабр... Инсон сабрли бўлиши керак. Сабр қилдими, қасд қилинган нарсани қўлга киритади. Бир нарсага эришгунча қанча ғам-ташвишлар чекади аммо алалоқибат муваффақиятга эришади. Сабр – аччиқ, аммо таъми ширин, лаззатли. Аччиқ қалампир каби оғизни куйдирса ҳам, ёқимли таъми бор... Сабр инсонни оқибат ҳадду ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Рамазон туҳфаси

23.02.2026   4760   2 min.
Рамазон туҳфаси

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан Рамазон ойида кўплаб саховат тадбирлари ўтказилмоқда.

Муборак Рамазон ойида инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, кам таъминланган ва эҳтиёжманд шахслар, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар белгилаб олингани эътиборга молик.  

Жумладан, республикадаги 8 минг 992 та маҳаллада “еттилик” тавсияси асосида ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда 100 минг нафар ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий реестрга киритилган фуқароларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.

Рўйхатга киритилган фуқаролар таркиби асосан эҳтиёжманд аёллар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий реестрдаги фуқаролар, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганлардан иборат экани эътиборли.

Мазкур фуқароларга давлат кўмаги сифатида 100 минг дона Рамазон совғалари тайёрланди. Ҳар бир совғада 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган (ун, ўсимлик ёғи, гуруч, шакар, макарон, гречка, хурмо, печенье, қора чой, ичимлик суви).

Транспорт вазирлиги билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари марказлашган ҳолда ҳудудларга етказилиб, ҳудудий омборларга жойлаштирилмоқда.  

Туман (шаҳар) ҳокимлари бошчилигида, тегишли мутасаддилар иштирокида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, маҳсулотлар маҳаллаларда “еттилик” аъзолари ва фаоллар томонидан эҳтиёжманд оилаларга манзилли етказилишига эътибор қаратилади.  

Айтиш керакки, республика бўйича (оила сони, маҳсулот тури ва миқдори кесимида) ягона ҳисобот юритилади.  

Рамазон ойида барча маҳаллаларда эҳтиёжманд оилалар хонадонларида маҳалла раислари томонидан ифторлик дастурхонлари ташкил этилади. Унга жами 629 минг нафардан ортиқ обрў-эътиборга эга нуронийлар, кўча (уй) бошилар, ижтимоий дафтар ва “Ижтимоий реестр”даги фуқаролар жалб этилади.

Ифторликларда диний уламолар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик ҳиссини ошириш ва маънавий қадриятлар ҳақида маърузалар қилинади.

Ҳар бир маҳалладан 5 нафардан, жами 45 минг нафардан ортиқ камбағал оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Ҳар бир маҳалладан 10 нафардан, жами 100 мингга яқин камбағал оилаларнинг томорқаларига сабзавот, полиз, картошка ва бошқа турдаги экинлар экилади.

20 минг нафар эҳтиёжманд оила аъзоларининг муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга саёҳатлари ташкил этилади. Барча маҳаллаларда кайвони ва ҳожи онахонлар иштирокида сумалак сайллари ўтказилади.

Мазкур хайрия ва маънавий-маърифий тадбирларни Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллигида барча маҳаллаларда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш чоралари кўрилади.

Н.Усмонова, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари