Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасида Деҳли шаҳри Жомеъ масжиди Маслаҳат кенгаши бош котиби Сайид Тариқ Раҳмат Бухорий билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирдан мақсад мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, хусусан, зиёрат туризми салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқотда Тариқ Раҳмат Бухорий Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири экани ва дунёда давом этаётган пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашуви билан мазкур йўналиш ҳам ўз навбатида босқичма-босқич изга тушишига ишонч билдирди.
Т.Бухорий Ҳиндистон ва Бангладеш аҳолиси орасида Ўзбекистондаги тарихий-исломий қадамжоларга қизиқиш юқори эканини таъкидлаб, хусусан, бу борада “Тошкент-Дакка-Тошкент” йўналишида авиақатновларни тиклаш масаласини ўрганиб чиқишни таклиф қилди.
Пандемия шароитида Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилаётган хавфсиз туризм, авиаташувчилар ва туроператорларга тақдим этилаётган қатор имтиёзлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Бангладеш туркомпаниялари ўртасида яқин кунларда онлайн-тақдимотлар ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Давлатимиз Раҳбари томонидан жорий йил 16 февраль куни имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ушбу ойни халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларга содиқ ҳолда ўтказишда асосий омил бўлмоқда.
Қутлуғ ойнинг аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида соҳа ходимлари томонидан юртимизнинг барча ҳудудидаги энг оғир маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар учун ифторликлар ташкил этилиб, кўнгли ўксик кишилар оғирини енгил қилиш ва кўнгилларини шод этиш ишлари бошлаб юборилди.
Жорий йилнинг 22 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Учтепа тумани "Ҳазрат Али" масжиди имомлари билан биргаликда Давлатобод маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусан ака Алимов хонадонда бўлдилар. Ҳовли кичик бўлишига қарамй 4 та оила аҳилликда, Яратганга шукроналикда умр кечирмоқдалар. Ташриф чоғида ушбу хонадон аҳилларига рўзғор ашёлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди. Шундан сўнг хонадон эгалари билан биргаликда ифторлик дастурхонида маърифий-ҳаётий суҳбат қилинди. Якунда Юртимиз ва юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Бундай хайрия тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати