САВОЛ:
Ютуб тармоғидаги бир видеороликда қандайдир воъиз бутун дунё мусулмонларини Сурия давлатига жиҳодга даъват қилганига гувоҳ бўлдим. Унинг айтишича, хозир Ер юзидаги барча мусулмонлар Сурияга жиҳодга боришлари фарзи айн экан. Унинг бу чақириғи тўғрими, умуман исломда фарз жиҳод қандай бўлади, шу ҳақида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ:
Аввало бу мавзуда бирор фикрга келишдан олдин бизга савол билан мурожаат қилганингиз учун ташаккур. Бу ҳам Аллоҳнинг бир карами бўлибди. Сизга жавоб ёзиш билан кўпчиликка бу ҳақда фойдали маълумот берилади, иншааллоҳ.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда яқин шарқ ҳудудларига жиҳод учун атрофдан мусулмонларни жалб қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Бунга биз ҳам гувоҳмиз. Умумий қилиб айтганда ўша даъватчиларнинг ҳаммаси аслида жиҳод мавзусида авомни алдаб келишмоқда. Уларга ишонганлар эса алданмоқда. Нега дейсизми?
Биринчидан, жиҳод исломда усули дин эмас балки, фуруъи дин масалаларидан бўлиб, унинг фиқҳий истилоҳий маъноси: Орада “уруш қилмаслик” битими бўлмаган икки — кофир ва исломий давлатнинг бир бири билан, исломий давлат тарафдан дастлаб тинч йўл билан исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, уларга қарши Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Қаранг: Фатҳ ал-қадир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188, ал-Хираший 2/107, Жавоҳир ал-иклил 1/250, Шарҳ аз-Зарқоний алал-Муватто 2/287, Ҳошиятуш Шарқовий 3/193, Ҳошият ал-Божурий 2/268).
Мана шу таъриф бутун ислом уламоларининг жумҳури, хусусан тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари тарафдан бир хил эътироф этилган таърифдир. Бунга кўра, бирор исломий давлат орада ҳеч қандай тинчлик битими тузилмаган бошқа бир кофир давлатга тинч йўл билан исломга даъват қилиб элчи юборади. Агар улар элчиларга рад жавоби берса, улар яшаб турган Ерларда ҳам Аллоҳнинг сўзини олий қилиш учун ҳарбий юришга киришилади. Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилар эди. Агар шу тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомида кетмайди.
Энди яқин шарққа, хусусан, сиз саволда тилга олган Сурия давлатига эътибор қаратамиз: Сурияда шу таърифда белгиланган шартларнинг бирортаси топиладими? Йўқ! Биттаси ҳам топилмайди. Чунки Сурияда асосан мусулмонлар билан мусулмонлар уруш бошлашди. Ҳукумат ҳам, унга қарши чиққан жангари тўдалар ҳам ҳаммаси “ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган мусулмонлар эмасмиди?! Мусулмон билан мусулмоннинг уруши “жиҳод” деб айтиларканми?! Асло! Ўша воиз “Сурияда жиҳод бўляпти” деб айтган гапида Аллоҳдан уялмасдан мусулмонларни алдаяпти. Жиҳод ва унга доир шаръий ҳукмларни билмайдиганлар эса унинг ёлғонларига лаққа тушяпти.
Иккинчидан, шуни аниқлаштириб олиш керак: ўзи исломда жиҳоднинг ҳукми нима? Фаразан бирор ҳудудда шариат талабларига жавоб берадиган жиҳод амалиёти топилса, унга бориб қатнашишнинг ҳукми нима? Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг аксарини ташкил қилувчи жумҳурнинг қавлига кўра, мабодо шаръий жиҳод топилган тақдирда, унга бориб қатнашиш фарзи кифоя ҳукмида бўлади. Яъни, маълум аскарлар ҳарбий сафарга отланса, бошқалардан фарзлик соқит бўлади. ҳамманинг ёппа бориши шарт эмас. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/129)
Яна Сурияга қайтамиз: у ерда шаръий талабга жавоб берадиган жиҳод йўқлиги кундек равшан бўлсада, майли ҳаққоний жиҳод бўляпти деб фараз қилайлик, унга бориб қатнашиш Ер юзидаги барча мусулмонларга фарз бўлди деб жар солаётган жарчи, барибир мусулмонларни алдаётган бўлиб чиқади.
Учинчидан, жиҳоднинг ҳукми қачон фарзи айн бўлади? Қуйидаги ҳолатларда жиҳод кифоя даражасидан фарзи айн даражасига кўтарилади:
1-) Жанг майдонида ҳар икки томон — ислом ва куфр лашкари учрашиб, қарама-қарши саф тортган чоғда;
2-) Душман тўсатдан бостириб келган чоғда;
3-) Давлат раҳбари бирор душман кофир қавмдан хавфсираб, ёппасига ҳарбий чақириқ эълон қилганда. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/132)
Сурияга чорлаб жар солаётганлар “Сурияда жиҳод фарзи айн” деб лоф уришяпти. Ва ҳолбуки жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмас.
Тўртинчидан, шаръий жиҳодни ким ташкиллаштиради ўзи? Тўғри келган одам рўпарасидан чиққан одамни жиҳодга чақириб ҳарбий амалиёт бошлайверадими, ёки бошқача шаръий тартиби борми? Буни ҳам яхши билиб олишимиз керак. Шаръий талаб даражасидаги жиҳодни оддий фуқаролар эмас, балки султон, давлат раҳбарлари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Одиий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди. (Қаранг: Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252, ал-Муғний 8/352, ал-Маҳаллий 7/291).
Бешинчидан, шариат талабига мос келадиган жиҳод ташкиллаштирилган тақдирда, унга тўғри кетилаверадими ёки шартлари борми? Буни ҳам билиш керак. Шариат талабига мос келадиган жиҳодга бориш учун қуйидаги шартлар керак:
А) Ота-онанинг изни. Модомики улар мусулмон бўлса. Ота-онанинг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб жиҳодда қатнашишга рухсат сўрайди. Расулуллоҳ ундан “ота-онанг тирикми?” деб сўрайди. У: “ҳа”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ: “икковининг хизматини қилиб жиҳод қил” дейдилар. Яъни, сенга ота-онанг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз эмас. Бу ҳадис далолатига кўра, ота-онанинг хизмати жиҳоддан олдинда туради.
Мантиқан олиб қаралганда ҳам жиҳод фарзи кифоя. Сиз бормасангиз, ўрнингизга бошқа кимдир бориб жанг қилади ва шу билан сиздан фарз соқит бўлади. Ота-она хизмати эса фарзанд учун фарзи айн. Сиз хизматларини қилмасангиз қўшнингизга ё ошнангизга сизнинг ота-онангизга хизмат қилиш фарз бўлмайди. Шунинг учун ҳам тарихда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам келиб: “мен Румга жиҳод учун боришга назр қилдим лекин, ота-онам ман этишяпти?” – деб айтганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: “ота-онангга итоат қил, Рум сендан бошқа жиҳодчиларни топиб олади” – деб кескин жавоб берган. Бунга ўхшаш воқеалар Умар ва Усмон розияллоҳу анҳума халифалик даврларида ҳам бўлган. Суфёни Саврий, имом Авзаъий ва салафлар давридаги бошқа аҳли илмлар “Ота-онанинг розилиги жиҳод учун шартдир”, деб фатво берганлар (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/220, Жавоҳир ал-иклил 1/252, Ҳошияту Дасуқий 2/175-176, ал-Муҳаззаб 2/229, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/57, ал-Муғний 8/358, ал-Маҳаллий 7/292).
Б) Ота-она дастлаб фарзандининг жиҳодга боришига изн берса ва кейин фикри ўзгариб рухсатидан қайтишса, фарзанд жанг майдонини ташлаб ота-онасининг хузурига қайтиб келиши вожиб бўлади. (Қаранг: Равзатут-толибин 10/212, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/58, ал-Муҳаззаб 2/229, ал-Муғний 8/359).
В) Ҳақдорнинг изни. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига бир саҳоба келиб сўрайди: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима дейсиз, агар мен Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам гуноҳларим кечириладими?” Расулуллоҳ: “ҳа, агар майдонда сабр билан душманга юзма юз турсанг, орқа қилиб қочмасанг ва шу тарзда қатл қилинсанг, гуноҳларинг кечирилади. Лекин қарзларинг эмас. Чунки менга Жаброил шундай деган” – дейдилар. (Имом Муслим ривояти)
Бўйнида қарзи бор одам ҳақдорнинг изнисиз жиҳодга бора олмайди. Жумҳур фуқаҳолар шундай деган. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳатто ҳақдор изн берган тақдирда ҳам, қарздор жиҳодга бормасдан қарзини узиш учун уйда қолиши мустаҳаб дейилган. (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/221, Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252 ).
Г) Шаръий жиҳодга бориб том маънода мужоҳид бўлиш учун яна бир шарт, давлат раҳбарининг рухсати бўлиши керак. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/136). Давлат рухсат бермаса шаръий жиҳод бўла олмайди.
Хулоса қилиб айтганда жиҳод шаръий жиҳод бўлиши учун, унда қатнашганлар жиҳоднинг фазлига эришиб, мужоҳидлик мақомига етиши учун, ўлганлар эса шаҳидлик даражасини қўлга киритиб сўроқсиз жаннатга кириши учун Ислом шариати белгилаб қўйган талабга мос шартлар топилиши керак. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод бўла олмайди. Балки, Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.
Биз сизга шуни маслаҳат берардикки, яна шунга ўхшаш видеороликларга кўзингиз тушганда ундаги воизларнинг жим-жимадор даъватларига ишониб қолишга шошилманг. Бирор илм аҳлидан бу ҳақда батафсил маълумот сўранг. Ҳақиқатни билганингиздан кейин эса ўша видео остида интернетга жойлаганларга қарата: “сиз жиҳоднинг нималигини биласизми ўзи?” деб савол қолдиринг.
©️ Ботиржон ТОЖИБОЕВ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори