Туркиядаги “Вақф” хайрия жамғармаси “Совғам Қуръон бўлсин” шиори остида дунёнинг 80 та давлатига миллионга яқин Мусҳафи шарифни ҳадя тариқасида улашди.
Мамлакатдаги “Вақф” хайрия жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Эҳсан Aчик матбуотга берган баёнотида бундай деди: “Биз Қуръони карим маъноларини 20 та тилга таржима қилинган нусхасини босиб чиқдик. 2015 йилдан буён давом этаётган ушбу акция доирасида Туркия ва бошқа 80 га яқин хориж мамлакатидаги эҳтиёжманд кишиларга 977 101 дона Қуръони карим китобини етказиб бердик”.
Маълумот учун, Қуръони карим китобининг 645 минг 260 дона нусхаси хорижга, 331 минг 841 донаси эса Туркия ҳудудида тарқатилган.
– Хайрия жамғармамизнинг “Ҳар бир уйга Қуръони каримни киритиш” шиори доирасида хориж давлатларидаги ёғоч тахталарга Қуръони карим оятларини ёзиб ёдлаётган юз минглаб ёшларнинг орзусини амалга оширишга эришдик”, дейди Эҳсан Aчик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаган: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208 оят).
Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:
Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай марҳамат қилади: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор хурсандчилик иш бўлса ёки хабар беришса Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар. Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган тансиҳатлик, фаровонлик, бахту саодат, тинчлик ва осойишталик каби улуғ неъматларга шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ буни неъматни бардавом этади.
Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Абдулбосит Хамдамов, Янги Наманган тумани
"Усмон Зуннуройн" жоме масжиди имом хатиби
Манба: @SOFTALIMOTLAR