Туркиядаги “Вақф” хайрия жамғармаси “Совғам Қуръон бўлсин” шиори остида дунёнинг 80 та давлатига миллионга яқин Мусҳафи шарифни ҳадя тариқасида улашди.
Мамлакатдаги “Вақф” хайрия жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Эҳсан Aчик матбуотга берган баёнотида бундай деди: “Биз Қуръони карим маъноларини 20 та тилга таржима қилинган нусхасини босиб чиқдик. 2015 йилдан буён давом этаётган ушбу акция доирасида Туркия ва бошқа 80 га яқин хориж мамлакатидаги эҳтиёжманд кишиларга 977 101 дона Қуръони карим китобини етказиб бердик”.
Маълумот учун, Қуръони карим китобининг 645 минг 260 дона нусхаси хорижга, 331 минг 841 донаси эса Туркия ҳудудида тарқатилган.
– Хайрия жамғармамизнинг “Ҳар бир уйга Қуръони каримни киритиш” шиори доирасида хориж давлатларидаги ёғоч тахталарга Қуръони карим оятларини ёзиб ёдлаётган юз минглаб ёшларнинг орзусини амалга оширишга эришдик”, дейди Эҳсан Aчик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳар «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жомеъ масжидида гапириш ва эшитиш имконияти чекланган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Ушбу суҳбатда имом-ноиб Дилшод домла Ходиев маъруза қилиб, «Мусулмоннинг мусулмонга нисбатан эҳтироми» мавзусида батафсил тушунчалар берди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларига жавоб берилди. Жараён малакали сурдо таржимон орқали иштирокчиларга етказилиб, уларнинг тўлиқ фаол иштирокини таъминлади.
Суҳбат якунлангач, ҳомийлар кўмагида иштирокчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Яратган Ҳақ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва самарали айласин!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати