Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2026   |   9 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:03
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:14
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2026, 9 Рамазон, 1447

Туркия “Вақф” жамғармаси 80 та давлатга миллионга яқин Қуръони карим тарқатди

12.01.2021   2249   1 min.
Туркия “Вақф” жамғармаси 80 та давлатга миллионга яқин Қуръони карим тарқатди

Туркиядаги “Вақф” хайрия жамғармаси “Совғам Қуръон бўлсин” шиори остида дунёнинг 80 та давлатига миллионга яқин Мусҳафи шарифни ҳадя тариқасида улашди.

Мамлакатдаги “Вақф” хайрия жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Эҳсан Aчик матбуотга берган баёнотида бундай деди: “Биз Қуръони карим маъноларини 20 та тилга таржима қилинган нусхасини босиб чиқдик. 2015 йилдан буён давом этаётган ушбу акция доирасида Туркия ва бошқа 80 га яқин хориж мамлакатидаги эҳтиёжманд кишиларга 977 101 дона Қуръони карим китобини етказиб бердик”.

Маълумот учун, Қуръони карим китобининг 645 минг 260 дона нусхаси хорижга, 331 минг 841 донаси эса Туркия ҳудудида тарқатилган.

– Хайрия жамғармамизнинг “Ҳар бир уйга Қуръони каримни киритиш” шиори доирасида хориж давлатларидаги ёғоч тахталарга Қуръони карим оятларини ёзиб ёдлаётган юз минглаб ёшларнинг орзусини амалга оширишга эришдик”, дейди Эҳсан Aчик.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аслида қанақа?

26.02.2026   1245   4 min.
Аслида қанақа?

Мулоҳаза

Яқинда бир мақолани таҳрир қилаётиб, унда улуғ тобеин Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг исми “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилганига гувоҳ бўлдим. Шунда иккиланиб, ҳақиқатан шундаймикин, дея анъанавий ва электрон манбаларни кўздан кечирдим.


Имом Шамсиддин Заҳабийнинг “Сиярул аълом ан-нубало” китобида Абу Абдуллоҳ Ваҳб ибн Мунаббиҳ ибн Комил ибн Сиж ибн Зий Кибор Абновий Яманий Зиморий Санъоний деб ёзилган экан. Шунингдек, википедиянинг араб, турк, инглиз ва рус тилларидаги ҳаволаларида ҳам алломанинг исми шундай берилган. Лекин ўзбек тилидаги айрим интернет сайтларида “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилган. Ҳатто она тилимизда чоп этилаётган баъзи китобларда ҳам шундай.


Аслида буюк тобеиннинг асл исм-шарифи Ваҳб ибн Мунаббиҳдир.


Аллома ҳижрий 34 йили Яманда таваллуд топган. У олдинги пайғамбарлар, олимлар ҳақида китоблар ёзган, “Анбиёлар қиссаси”, “Ахёр (яхши инсон)лар қиссаси” каби китоблар муаллифи.


Буюк тобеин ҳижрий 110  йили Яманнинг Санъо шаҳрида вафот этган. Аллома ҳақида Имом Ибн Касир “ал-Бидоя ван-ниҳоя” китобида маълумотлар келтирган.

* * *

Айрим замондош уламоларнинг исмлари ҳам ҳар хил ёзилган. Масалан, 96 ёшли мисрлик уламо, Дунё мусулмон олимлари уюшмаси собиқ раҳбари исми баъзи китобларда, интернет сайтларида “Юсуф Қарзовий” деб берилган бўлса, айримларида “Юсуф Қаразовий” шаклида ёзилган. Араб, турк ва инглиз тилларидаги википедиялар (https://ar.wikipedia.org/wiki, https://en.wikipedia.org/wiki, https://tr.wikipedia.org/wiki)да Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий деб берилган.  Аслида ҳам шундай бўлиши керак.

* * *

Ўзбек китобхонларига гўзал асарлари билан яхши таниш бўлган замондош уламолардан бири Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг исм-шарифи баъзан “Ноблусий”, “Ноблисий” каби ҳар хил ёзилади. Суриялик 88 ёшли олимнинг асл исм-шарифи Муҳаммад Ротиб Нобулсийдир.

 

Кўпчилик Имом Дороний билан Имом Доримийни алмаштириб қўяди. Аслида иккаласи бошқа-бошқа олимлар бўлиб, бири Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган тасаввуф олими, бири эса Самарқандда туғилган муҳаддис алломадир.

 

Имом Доронийнинг тўлиқ исми Абу Сулаймон Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Атийя Инсий Дороний бўлиб, у ҳижрий 140 йилда Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган ва ҳижрий 215 йилда вафот этган тасаввуф уламоларидан бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий аллома ҳақида “Насойимул муҳаббат” асарида маълумот келтирган.

 

Имом Доримийнинг тўлиқ исми Ҳофизул кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, у ҳижрий 182 йилда Самарқанд шаҳрида дунёга келган.

 

Имом Доримийнинг энг машҳур китоби “Сунани Доримий”дир. Аллома ҳадис илми билан чегараланиб қолгани йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эди. У зот “Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира” деб номланган фиқҳ китоби муаллифидир. Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ҳам ёзган. Лекин тафсир бизгача етиб келмаган.

* * *

“Исмлар ҳам атамалар каби грамматик қурилишда тил қонунларига бўйсунади” деган қоидага кўра, арабча бўлган “Оиша” ва “Хадийжа” каби исмлар ўзбек тилида “Ойша”, “Хадича” деб тил меъёрларига риоя қилинган ҳолда ёзилиши тавсия этилади.

Хулоса шуки, ўзбек ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда босма ва электрон нашрларда, оммавий ахборот воситаларида диний атамаларнинг ҳар хил ёзилиши олдини олиш мақсадида тарихий манбаларда келган исмлар, жойлар, асарлар номларининг алоҳида имло луғати тузилса, айни муддао бўларди. 

 

Толибжон НИЗОМ

Ибратли ҳикоялар