Самарқандда туризмнинг асосий йўналишларидан бири – зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш бўйича департамент бошлиғи Дилшод Нарзиқулов ЎзА билан суҳбатда айтиб ўтди.
Унга кўра, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси атрофида "ҳалол" стандартига тўлиқ жавоб берадиган умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхоналар ва савдо маркази ташкил этиш режалаштирилган.
"Бугунги кунга келиб халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган еттита уч-тўрт юлдузли меҳмонхона қурилмоқда. Ушбу объектларнинг ишга туширилиши билан вилоятнинг зиёрат туризмидаги салоҳияти сезиларли даражада ошади ва меҳмонларнинг узоқроқ яшаши учун шароит яратилади. Нуробод тумани Оқсой қишлоғидаги "Ҳазрати Довуд" мажмуасига туташ ҳудудда "Оқсой ҲД" МЧЖ дор йўли тортиш учун 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани амалга оширмоқда. Вилоятнинг тоғли ҳудудларида санаторий-соғломлаштириш майдонларини қуриш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди. Ҳозирги кунда 30 дан ортиқ дам олиш жойлари мавжуд бўлиб, улар кунига 4 700 нафар меҳмонни қабул қилиши мумкин", - дейди Нарзиқулов.
У, шунингдек, 2019 йилнинг охирида, тахминан 150 миллион сайёҳлар зиёрат туризми доирасида бутун дунё бўйлаб саёҳат қилишганини маълум қилди.
"Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган туроператорлар томонидан вилоятнинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳиятини кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар Самарқанднинг келаси беш йилда зиёрат туризми учун дунёдаги энг яхши ўн йўналишдан бирига айланишига замин яратади. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида Самарқандда пиёдалар йўлларини таъмирлаш, шаҳар атрофи ва ичкарисида велосипед йўлларини яратиш, 30 та янги маданий мерос объектини сайёҳлик йўналишларига киритиш каби вазифалар белгилаб олинди", - деб хулоса қилди Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун, 20 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг бир қудсий ҳадис шарҳига бағишланган “Эй бандаларим...” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғофуров, институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Соатмурод Примов, шунингдек, бошқа ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди.
Тақдимотда эътироф этилганидек, мазкур салмоқли асар динимизнинг кўпгина асослари, ҳукмлари, одоблари, қалб иши билан боғлиқ нозик нукталарни қамраб олган.
Китоб номига асос бўлган “Эй бандаларим...” деб бошланувчи узун ҳадисда Аллоҳ таоло бандаларига бир неча марта хитоб қилиб, зулмдан, залолатдан узоқ бўлишга чорлайди. Ҳар нафасда Ўзига муҳтож эканимизни эслатади. “Эй бандаларим! Булар сизнинг амалларингиз. Мен уларни ҳисоблаб қўяман...” дея бизни огоҳ этади.
Қалб Худонинг назаргоҳи экан, китобда келтирилган мана бу парча ҳар бир ўқувчининг ўз қалбини юмшатиб, поклаб туришида дастур вазифасини ўтайди:
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ "Сойдул хотир" китобида айтади: “Билдимки, агар рақоиқ (қалбни юмшатувчи сўзлар) ва салафи солиҳлар ҳаётларига назар солиш аралашмаса, фиқҳ ва ҳадис эшитиш билан шуғулланишнинг ўзи қалбни ислоҳ қилишда етарли бўлмайди. Фақат ҳалол ва ҳаромни билишнинг ўзи қалбни юмшатишда катта таъсирга эга эмас, балки рақоиқ ҳадислар ва салафи солиҳларнинг қиссаларини зикр этиш қалбни юмшатади”.
Сўзга чиққанлар асарнинг ана шундай муҳим масалаларни эслатиши билан ҳам аҳамиятли эканини таъкидлашди. Якунда китоб юртимиз мўмин-мусулмонлари учун манфаатларга бой бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати