Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш ва халқимизга танитиш мақсадида,“Энг ноёб қўлёзма асарлар” номли янги рукн остида кутилмаган нодир топилмалар тўғрисида ажойиб мақолалар ва фотолавҳалар эълон қилинади.
Юртимизда энг бой қўлёзмалар жамланган бўлиб, уларнинг бир қисми Диний идора кутубхона-музейида сақланади. Қўлёзмалар фонди алоҳида бўлимлардан ташкил топган бўлиб, уларда араб, форс-тожик, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 3 мингдан зиёд қўлёзма, 9 мингдан ортиқ тошбосма ва 9 мингдан кўп янги нашр китоблар мавжуд.
Кутубхона-музейи мутахассислари қадимий қўлёзмалар ва бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш борасида янги изланишларни бошлаб юбордилар.
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ва ихтисослашган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўлёзма манбалар билан ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз. Шунингдек, қўлёзма асарларни тадқиқотчи ва битирувчи талабалар диссертация мавзуси сифатида илмий муомалага киритиш энг фойдали ва муҳим иш эканини алоҳида таъкидлаймиз.


Илк тадқиқот манбаси
Дастлабки ўрганадиган қўлёзма манбаимиз – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхона-музейида 1490-инвентар рақами билан сақланаётган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ربيع الأبرار و نصوص الأخبار - “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”) қўлёзма асаридир.
Муаллиф тўғрисида
“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” асари муаллифи Абул-Қосим Маҳмуд ибн Амр аз-Замахшарий – Ўрта Осиёлик аллома, араб тилшунослиги ва грамматикаси асосчиси, хаттот, араб-форс-туркий луғатларнинг муаллифидир.
У милодий 1075 йил 18 мартда, ҳижрий 467 йил Ражаб ойининг 27 куни Хоразмнинг қадимги Замахшар қишлоғида туғилиб, бошланғич сабоқни отасидан олганлар. Илм-фанни чуқур ўрганиш мақсадида Бухорода бир қанча муддат Хоразмшоҳлар даврида ижод билан машғул бўлади.
Отаси саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва кўп вақтини Қуръони карим тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшар қишлоғидаги бир масжидда имомлик ҳам қилган.
Аз-Замахшарий Марв, Нишопур, Исфаҳон, Сурия, Боғдод, Ҳижоз ва икки марта Макка шаҳрида бўлган. Қаерда бўлишидан қатъи назар, араб тили луғати ва грамматикасини, маҳаллий аҳоли шевалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганишни давом эттирган.
Аллома кўп асарларини Макка шаҳрида ёзади. У ерда у “Аллоҳнинг қўшниси”, “Бутун дунё ўқитувчиси”, “Барча араблар ва бошқа халқларнинг устози”, “Хоразмнинг шон-шарафи” каби унвонларга сазовор бўлган.
Аз-Замахшарий мантиқ, грамматика, дин, луғатлар, адабиёт, педагогика, тарих ва жўғрофияга оид 60 дан ортиқ асарлар ёзиб, илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшади. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бугунги кунда «ал-Кашшоф» қўлёзмасининг 100 дан ортиқ нусхаси ва унга ёзилган 20 дан ортиқ шарҳлари дунё фондларида сақланмоқда.
Маҳмудаз-Замахшарий 538 ҳижрий йилда вафот этган.
Қўлёзма асар ҳақида
Китобнинг номи “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” бўлиб, унда борлиқ ҳодисаларининг ҳикматлари ҳамда дин ва дунё одоблари баён этилган. Шунингдек, асарда адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган.
Унинг ёзилган санаси ҳозирча номаълум. Китоб яхши сақланган, муқоваси қоғоз картон, орқа жилди эса матодан қилинган. Саҳифаларнинг ҳолати бутун, лекин тешилган ва йиртилган жойлари бор.
Асар 5 та бўлимдан иборат бўлиб, 98 та бобни ўз ичига олади (баъзи олимлар эса “92 бобдан ташкил топган” ҳам дейишган). Ўлчами бўйи 26,5 см. 17,5 см. 5,5 см.саҳифаларсони 403 та. Насх хатида ёзилган. Бу китобнинг қўлёзма нусхаси дунёда кам топилади. Тошбосма нусхаси Байрут шаҳрида 1991-1992 йиллар (1412-1413 ҳижрий)да нашр қилинган.
Бу асарнинг нодир қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг асосий фондида ҳам 2384-инвентар рақами остида сақланади. Шунингдек, Голландиянинг Лейден шаҳри ва Германиянинг Берлин шаҳри кутубхоналарида ҳам ушбу асарнинг қўлёзмалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира, Табриз ва Бағдод шаҳарларида форс тилига таржима қилинган, тўрт жилдли нусхалари ҳам мавжуд.


Асардан лавҳалар:
Умар ибн Абдулазиз айтган эканлар. Ҳеч ким менга тобеин Товус ибн Кайсончалик яхши насиҳат қилмаган эди. Товус ибн Кайсон менга шундай ёзадики, агар ёрдам сўрайдиган бўлсанг, хайр аҳлидан ёрдам сўрагин! Шунда амалингни барчаси хайр бўлади. Ёмон кишилардан ёрдам сўрамагин! Агар улардан ёрдам сўрасанг ишингни барчаси ёмонликка бўлади.
* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади қайси бир банда биродарини Аллоҳ учун зиёрат қилса, унга осмондан нидо қилувчи фаришта шундай дейди: “Қандай ҳам яхши қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, жаннатдан бир жой тайёрладинг”.
* * *
Тил қулоқ билан қалб ўртасидаги адолатдир. Қуръонни қулоғингиз эшитадиган ва қалбингиз тушунадиган қилиб ўқинг.
Қўлёзма мундарижаси
Қайд этганимиздек,китоб 5 жуз, 98 бобдан ташкил топган бўлиб, бир-биридан ажойиб ва қизиқарли бобларни ўз ичига олган. Айрим боблар мазмунини қуйида баён этамиз:
1-боб дунё ва охиратни эслаш тўғрисида;
2-боб осмонлар, юлдузлар, арш ва курсий ҳақида;
3-боббулутлар, ёмғир, қор, момақалдироқ, чақмоқ, ёғингарчиликка оид;
4-боб ҳаво, шамол,иссиқ ва совуқ кунлар ҳамда соя-салқин ҳақида;
16-боб мукофот, жазо,эваз ва улушга оид;
17-боб нодонлик, нуқсон, хато, бузиш, ўзгартириш ва шунга ўхшаш нарсаларга бағишланган;
18-боб телбалик, аҳмоқлик, ғафлат, хафалик шошқалоқлик ва сабрсизлик, фойдасиз нарсалар ва ўйинлар билан овора бўлишга доир;
19-боб сукут қилдирувчи жавоблар, сўз билан жароҳат етказиш, тан олиш ва юз ўгириш, таъна, шубҳа, қайсарлик ва жанжалкашлик тўғрисида;
20-боб жиноят, гуноҳва уларга оид чора ва жазоларҳамда узрлар, гуноҳларни тарк этиш ва тавба ҳақида;
33-боб сафар, сайр қилиш, айрилиш ва жўнаш, манзилга етиш, видолашув, узоқда бўлиш, яқин бўлиш, кетиш-келиш ва шу кабилар оид;
34-бобёшлик ва йигитлик, кексалик ва шунга ўхшаш мавзуларга бағишланган;
35-боб ватанга муҳаббат ва уни соғиниш, аҳли оила ва қадрдонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишга доир;
60-боб илм, ҳикмат, одоб, китоб, қалам ва шуларга тегишли нарсалар тўғрисида;
62-боб хиёнат, ўғрилик, алдов, қотиллик, чақимчилик, туҳмат ва сирларни ошкор қилиш ҳақида;
78-боб мол-дунё, касб, тижорат, нифоқ қимматчилик ва арзончилик, савдодаги ёлғон, тўлов ва божлар, бойлик ва фақирлик каби мавзуларга оид;
80-бобҳазиллашиш, кулишнинг жоиз ўринлари ва мазаҳ қилишдан қайтариш кабиларга бағишланган.
Хулоса
“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”) асарида ҳар бир замон ва макон учун муҳим бўлган масалалар баён этилганини инобатга олган ҳолда илмий изланувчилар, мустақил тадқиқотчилар ва талаба ёшларга мазкур ноёб асарни кенг тадқиқ этиш ва халқимизга етказишнитавсия этамиз.
Мурожаат учун:
Телефон: +998 71 240 08 31
Телеграм: https://t.me/MuzeyKutubxonaBOT
Электрон почта: muzeykutubxona@mail.ru
Муҳаммадносир АБДУВОСИЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
музей-кутубхонаси мутахассиси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;
(б) молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
(в) аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
(г) оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан ошириш.
II. Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш
2. Кенг жамоатчиликнинг ташаббуси ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида тайёрланган никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин.
3. Ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида белгилансинки:
(а) 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:
(i) давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
(ii) ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
(б) никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.
4. Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
(а) курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилсин;
(б) талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилсин.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;
(б) масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;
(в) академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.
6. Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
7. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.
III. Ваколатли орган ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш
8. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар латентлигининг олдини олиш, қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳолатга тушиб қолган вояга етмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро занжирни яратиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
(а) эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади;
(б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакилларининг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос сифатида белгиланади;
(в) эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик аниқланган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатлари назарда тутилади.
9. Ички ишлар вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
(а) 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқсин;
(б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимини Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимига “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилсин.
10. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
11. Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан хабар бериш мажбурияти юклатилган ташкилотлар билан келишган ҳолда ҳар ярим йиллик якунига кўра мазкур масала бўйича идоралараро қўшма умумлаштиришни ўтказиб, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш амалиётини жорий этсин.
IV. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш
12. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
13. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда зўравонлик ҳолатини содир этган шахснинг руҳиятида бузилиш мавжуд деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан унинг мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказилишини ташкил этиш, руҳиятида бузилиш аниқланганда белгиланган тартибда тиббий муассасага жойлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.
14. Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги тартибларни белгилаш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш;
(б) вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш.
15. Кенг жамоатчилик, эксперт ва фаолларнинг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;
(б) мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш.
16. 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгилансин.
17. Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги:
(а) 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартларга асосланган дастур асосида махсус тайёргарликдан ўтказилиши ҳамда улар томонидан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид ишлар тергов қилиниши ва кўрилишини таъминласин. Бунда қоида тариқасида махсус тайёргарликдан ўтказишда аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилишига эътибор қаратилсин;
(б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” махсус ўқув дастурини ташкил этсин.
18. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин:
(а) Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:
(i) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
(ii) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
(б) ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш;
(в) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш.
19. Барча кўринишдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан асослантирилган таклифлар киритилсин:
(а) Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан биргаликда – аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), Интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда Интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш;
(б) Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги – зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар (агрессор) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, бу жараёнда оила ва хотин-қизлар масканлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш.
V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
20. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш,
шу жумладан, оила институтини мустаҳкамлаш ва маиший зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича креатив индустрия мутахассислари, блогер ва инфлюенсерларни жалб қилган ҳолда медиамаҳсулотларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.
21. Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи режа-графикни тасдиқлаб, амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) ҳар бир вилоят кесимида “маҳалла еттилиги” билан оилавий (маиший) зўравонлик тушунчалари ва унинг олдини олишга қаратилган ўқув семинар машғулотлари ўтказиш;
(б) умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари иштирокида аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш борасида ёшлар билан учрашувлар ўтказиш.
22. Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
23. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Маҳкамова, Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев ва ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов белгилансин.
24. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н.Ж. Хакимова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев