Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир.
(Нисо сураси, 34-оят)
Аксарият эркаклар томонидан бўладиган жамийки ҳаракатлар, интилишлар, бунёдкорлик, кашфиётлар, қаҳрамонликлар, ютуқлар ва жангу-жадаллар ва ҳоказоларнинг ортида охир-оқибат, аёлнинг ризолиги, эътибори, эътирофи, меҳри, севги-муҳаббатини қозониш истаги ётади.
Масалан, Чин шаҳзодаси Фарҳодга сув етишмовдимики, Арманистонга келиб, тоғни талқон қилиб, сув чиқаради?! Йўқ, унга Шириннинг севгисини қозониши муҳим эди. Тарихдан бундай мисолларни сон-саноқсиз келтириш мумкин. Не-не улуғ салтанатларнинг пайдо бўлиши ва инқирози тарихи синчиклаб ўрганилса, аксарият ҳолларда аёлларнинг ҳал қилувчи иштирокини албатта кзатасиз.
Масаланинг иккинчи жиҳати бор: қанча қатъият ва саъй-ҳаракатлар билан суюклисига эришган эркак, сўнгра аёлига қай даражада “бўйсуниши” керак? Дарров тан оламиз: саволни бу тахлит қўйиш – мутлақо ноўриндир. Ҳаётда турли масалалар юзасидан аёли билан бамаслаҳат иш тутиш, аёли “чизган чизиқ”дан чиқмаслик, инон-ихтиёрини буткул унга топшириш – ҳар кимнинг ўз шахсий ишидир. Ўшандайларга қарата: “Эркакдай бўл”, дея “маслаҳат” бермоқчи эмасмиз.
Аммо, оилада ким етакчи бўлса, фарзандлар ҳам кўпроқ ўшанга эргашишади. Зеро, фарзандлар отадан андиша қилибми, ё ҳайиқибми, кўп ҳолларда ўз дардларини онага айтадилар. Бирор ишга жазм этсалар, аввало онага маслаҳат солишади. Она қай қарорга келса, болалар учун шу маъқул бўлади. Натижада, оилада отанинг обрўси тушади, қадри пасаяди.
Мутахассисларнинг фикрича, одамларнинг тахминан 70 фоизи бошқалар фикрига қараб иш юритишади. Фақат 30 фоиз одамларгина ўз мустақил фикрига эга.
Балки, шу 30 фоизнинг ҳам аксариятини аёллар ташкил қилар?
Сир эмаски, уйда аёл эркакка ғоя ва маслаҳат беради, қўллаб-қувватлайди, илҳомлантиради, мақсад сари йўналтиради, рағбатлантиради ва ҳоказо. Эркак эса булардан куч-қувват олиб, таъбир жоиз бўлса, тоғни талқон қилади, қаҳрамонликлар кўрсатади. Ёки, бир донишманд сўзи билан айтсак, “Эрнинг жамиятга кўрсатган таъсири – хотиннинг эрга ўтказган таъсирининг аксидир”.
“Аёл овозининг нафислиги билан эридан устун турмоғи лозим”, - дейди Маҳмуд Қошғарий. Аёл овозининг майин бўлмоқлиги эса унинг ботинига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ботинида бўронлар гувиллаб турган аёлнинг овозиям шиддатли, ташвишли бўлади. Аёлнинг биринчи вазифаси оилани бошқариш эмас, келажак учун соғлом насллар бериш, иссиқ меҳри, тенгсиз жозибасига қорилган гўзал тарбияси билан миллатни оёққа турғазишдан иборат. Бунинг учун аёлнинг ўзи соғлом бўлиши шарт.
Аслида, аёлнинг маслаҳатига қулоқ тутиш – Одам Атодан қолган суннат, дейиш мумкин. Ахир, нима бўлганидаям, Момо Ҳавво, бобомизни ўша таъқиқланган мевани тотиб кўришга кўндирганлар-ку. Одам отамиз, Момомизнинг таклифига рўйхушлик берганлар-да. Лекин, бу рўйхушлик қандай оқибатга олиб келди?
Ўтмишда кўплаб саркардаларнинг ҳалокатларига, Ҳусайн Бойқаронинг хатоларига кимлар сабабчи бўлганини бир эсга олинг. Аълоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, юрт учун ҳаёт-мамот масаласида онаси Туркон хотуннинг йўриғига бўйсунгани қандай оқибат келтирди?
Балки, шунинг учундир, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари авлодларга мана бундай ўгитни ёзиб қолдирганлар: “Хотинлар билан фақат улар айтганининг тескарисини қилиш учунгина маслаҳатлашиш керак”.
Қанчалик ғалати туюлмасин, уйлангандан сўнг, аксарият эркакларда ғаройиб руҳий ўзгаришлар содир бўлади. Анча-мунча асов йигитлар ҳам “босилиб” қолишади. Руҳшуносларнинг изоҳича, бу муҳаббат эмас, “муроса”. Айрим эркаклар эса, на муҳаббат, на муроса, дейишади. Мардона тан олиб, мазкур ҳолатни “хотиндан қўрқиш”, деб аташади. Юқорида, оилавий ҳаётда муросаю-мадора қилишлик – ҳар кимнинг ўз шахсий иши, дедик. Лекин шунда ҳам ота-она, дўст-биродарлар, маҳалла-куй назарини эътиборга олиш – оқил эрлар ишидир.
Муросаи-мадоранинг чегараси қаерда? Бу “чегара”дан кейин хотиндан қўрқиш бошланадими, ёки “хотинқули”ликми? Балки, Аллоҳ ҳукмини инкор этишдир? Худо кўрсатмасин.
Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга жаннатни ҳаром қилган: ароққа муккасидан кетган, оққ бўлган, аҳлида ифлос иш (зино) содир бўлишига рози бўлган кимса”.
Оилашунос психологларнинг аёллар гувоҳлигисиз, яширин ўтказилган “Нега хотинингиздан қўрқасиз?” сўровномаси натижасида қуйидагилар аён бўлди:
“Шарқ ҳикоят ва ривоятлари” китобида шундай воқеа келтирилган: Сулаймон алайҳиссаломдан хотини товус патидан кўшку айвон қуриб беришни сўрабди. Маликанинг илтимосини икки қилолмаган пайғамбар қушларнинг бошлиқларини бир ерга тўплаб, маслаҳат қилмоқчи бўлибди.
Мажлисга бойўғли кечикиб келибди. Сабабини сўраганида шундай жавоб қилибди:
– Икки масаланинг ечимини топиш билан банд эдим.
– Қандай масалалар экан у?
– Биринчиси: шу замонда ўлик кўпми, ё тирик?
– Сенингча, қай бири кўп?
– Ўлик кўп, чунки бомдод номозига турмай ғафлат уйқусида ётганлар ҳам ўлик қаторида саналади.
– Хўш, иккинчи масала нима экан?
– Хотин кўпми, ёки эркак?
– Қайси бири кўп экан?
– Хотин, чунки хотиннинг йўриғига юрганлар ҳам шу ҳисобга киради.
Бу гапни эшитган пайғамбар ҳеч нарса демай мажлисни тарқатиб юборибди.
Динимиз бизга оилавий муносабатлар ҳамда бахтли ҳаёт кечирмоқ учун аниқ ва тартибли қоидаларни Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари орқали кўрсатиб берган.
Мусулмон эркак рижол – мард, шижоатли, рашкли бўлади. Мардларгина оиласини, иймонини, динини, халқини ва ватанини ҳимоя қила олади. Қўрқоқ, журъатсиз, бепарво, даюслар эса аҳлини ҳам, иймонини ҳам ватанини ҳам қўриқлашга қодир бўлмайди.
Ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ким уйланса, яхши ният билан оила қурса, унинг динининг ярми мукаммал бўлди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин, Аллоҳдан қўрқсин”, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир муслим ва муслима, эр ва хотинлик даражасига етгандан сўнг ўз бурч ва вазифаларини, бир-бирларидаги ҳақларини яхши англаб етиб, унга амал қилмоғи лозим. Шундагина бахтиёр оилага айланади.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.
Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.
Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.
Имом Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.
Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада оятларини тиловат қиляпмизми?!
Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:
«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).
«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).
«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).
«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...» (Наҳл сураси, 69-оят).
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).
Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.