Вақт нима? Ундан қандай фойдаланиш керак?
Вақт – гўё инсоннинг ҳаёт кийими тўқиладиган ип. Пишиқ ва нафислигига қараб, унинг қиймати ошади. Aгар иплари тўзғиган бўлса, ҳаётнинг ҳам маъниси қолмайди.
Вақт ўтиб кетса, қайтиб келмайди. У инсон сарф этадиган асосий сармоядир. У қанчалик кўп бўлса ҳам, оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, кўпдир. Инсон ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, уни яхши амалларга сарфласа, умри баракали бўлади.
Умрнинг ғанимат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан гўзалроқ таърифлаган киши бўлмаган.
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг:
1) кексалик келишидан аввал ёшлигингизни; .
2) касал бўлишдан аввал саломатлигингизни; .
3) фақирлигингиздан аввал бойлигингизни; .
4) бир ишга машғул бўлишингиздан аввал бўш вақтингизни;
5) ўлимдан аввал тириклигингизни!” (Имоми Ҳоким ривояти).
Ислом уммати мана шу олтин қоидаларга риоя қилган пайтларда башариятнинг гултожи бўлиб, мусулмон ренессансига асос солдилар.
Афсуски, бугун бундай дея олмаймиз. Чунки умримиз “телеграм”, “инстаграм”, “фэйсбук”, “тик-ток” каби ижтимоий тармоқларда соврилмоқда. Ҳатто кечаси билан бедор, турли ўйинлар ўйнаб ёки кўнгилхушлик билан вақт ўтказаётганлар кўпайиб кетди. Бундай иллатларнинг яна бири чойхона, гап-гаштагу турли зиёфатларнинг ҳаддан ташқари кўплигидир. Вақти-вақти билан дўст-ёр ва биродарлар билан кўришмоқ яхши. Бироқ унинг ҳам меъёри бўлиши керак.
Aгар инсон чойхонага сарфлаган вақтини фарзандларининг таълим-тарбиясига бағишласа, ўзи учун ҳам, фарзандлари учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Шу билан бирга, гап-гаштак, чойхоналарда фойдали мавзулар кўтарилиб, яхшиликка тарғиб, ёмонликдан қайтариш бўлса, нур устига нур. Лекин аксар ҳолларда чойхона бекорчи ва ғийбат гаплардан иборат бўлади. Бундай ҳолатлар қалбни қорайтиришдан, умрнинг, пулнинг исрофидан бошқа нарса эмас.
Халқимизда “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман” деган мақол бор. Умрнинг исрофи қаттиқ пушаймонликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг, у худди бир сув кабидурки, биз уни осмондан ёғдиргач, баҳорда у сабабли ер ўсимликлари бир-бирига аралашиб (қўшилишиб) кетур, сўнгра кузда шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур” (Каҳф сураси, ٤٥-оят).
Ушбу оятнинг мазмун-моҳиятини яхши англаган инсон умрини исроф қилмайди.
Бир мулоҳаза қилинг. Aйни шу соатларда дунёнинг турли бурчакларида бинолар қад кўтармоқда, янги-янги кашфиётлар қилинмоқда, илм мажлислари ўтказилмоқда, инсонларга яхшилик улашилмоқда, ёш йигит-қизлар турмуш қурмоқда, чақалоқлар дунёга келмоқда, кимлардир бу фоний дунё билан хайрлашмоқда.
Aммо биз-чи? Ҳеч бир эзгу амалсиз ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарса йўқотмагандек хотиржаммиз. Қимматли вақтимизни бой бераётганимиз бизни асло ташвишга солаётгани йўқ. Ҳар бир сония заволни топади, ҳар бир лаҳза йўқлик қаърига кетади.
Бу ҳаётда “Эсизгина умрим-а, ёшлик йилларимни беҳуда ўтказиб юборибман. Қанийди, умр бошқатдан берилганда бу хатоларни такрорламаган бўлар эдим”, дея афсус-надомат чеккан жуда кўп инсонларни кўряпмиз.
Сиз-чи, азизлар. Чуқурроқ бир ўйлаб кўринг... Умрингизни нималарга сарфлаяпсиз? .
Отабек ЙЎЛДОШЕВ,
Арнасой тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.
“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:
– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:
– Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.
Шунда Аллоҳ таоло:
– Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.
Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).
Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.
Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:
– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).
Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.