Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

“Салафи солиҳ” ва “Салафий” атамалари ҳақида

27.11.2020   3315   5 min.
“Салафи солиҳ” ва “Салафий” атамалари ҳақида

Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади.

Истилоҳда эса, “Салаф” сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди — уммати Муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди кўзда тутилади. Яъни салафи солиҳлар. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейинги авлод. Кейин улардан кейинг аср авлоди", деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Бу уч аср авлодининг яхшилиги шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзал ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг бошида тўғридан тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳоблардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ!

Кейинги авлод эса тобеинлар бўлиб, улар саҳобаи киромларнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод – табаъ тобеинлар келди. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан Ислом дини бизгача етиб келди. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир!

Иброҳим ал-Лаққоний “Жавҳара”да айтади: “Салафи солиҳ” атамаси қайдланмасдан умумий ишлатилса, ундан саҳобаи киромлар тушунилади. Чунки саҳобларнинг ҳаммаси адолатли, ишончли олимлар эди. Ҳар бирининг ривояти, гарчи хато бўлса ҳам қабул қилинади. Чунки уларнинг хатоси ижтиҳод билан бўлган. Мужтаҳиднинг хатосига эса Аллоҳ савоб беради. Саҳобалар шу умматнинг энг ҳурматли устозлари эди. Уларнинг орасида бидъатчи, адашган аҳли залолат битта ҳам бўлган эмас. Аммо саҳобалардан кейинги авлод ичида ишончли уламолар кўп бўлиши билан бирга, бидъатчи ва ҳадис тўқийдиган уйдирмачи ваззоълар ҳам бор эди.

“Салафи солиҳ” атамаси яна саҳобалардан кейинги даврга мансуб фақиҳлар, муҳаддис ва муфассирлар каби ўз даврининг пешво уламоларини ҳам қамрайди. Масалан тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом, Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳни, шунингдек, имом Авзаиъй, Мужоҳид, Суфёни Саврий ва Суфён ибн Уяйналар ҳам “Салафи солиҳ” атамаси ичига киритилади.

Аллома Ибн Ҳажар “Завожир”да Имом Заҳабийдан нақл қилиб айтади: мутақаддим уламолар билан мутааххир уламолар орасини ажратиб турувчи чегара учинчи асрнинг сўнггидир. Яъни дастлабки ҳижрий уч аср. Ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги халаф олимлари, фозилу авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атама ишлатилмайди.

Салафийлар – ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли суннат имоми — имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган эътиқодий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир.

Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Имом Ашъарий Аллоҳнинг муташобиҳ (маъноси махфий) исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини Ибн Таймия инкор этади. У оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар ақоидини қайта жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини таъкидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “Салафийя”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври — ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди.

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмосига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлмаган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши — ижмога хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. Масалан, унинг фикрича, Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий эмас балки, ҳодис Аллоҳ томондан яратилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрини зиёратига бориш (агарча, ибн Таймияга қадар, қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида бу амал жорий бўлишига қарамасдан) бидъат ва залолатдир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонламоқ — мавлид байрами ҳам бидъат ва фойдасиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган асори атиқаларни табаррукан асраб-авайламоқ гўёки ширкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа азиз-авлиёлар билан дуоларда тавассул этмоқ, қабрларни зиёрат қилмоқ ва шу каби бир қанча жорий амаллар “бидъат”, “тавҳид ақидасига зид” бўлган. “салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги жирканч буд-санамларга тенглаштирилади.

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,

Марғилон шаҳар “Саид Жалолхонтўра” масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Илм олиш йўллари: Муқаддима - 1 сон

08.07.2025   3862   1 min.

#Аждодлар_меросини_ўрганамиз

Буюк мутафаккир ва фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг етук шогирди, ҳанафий олим Имом Зарнужий раҳимаҳуллоҳнинг "Таълимул мутаъаллими ториқот таъаллуми" китоби асосида илм олишнинг фойдалари, одоблари, инсон ва жамият тараққиётида илм-фаннинг ўрни ҳақида сўз боради.

Саккиз асрдан бери илм аҳли, талабалар ва зиёлилар орасида кенг фойдаланиб келинаётган мазкур асар ҳақида Аллома Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳақида "Кўп фойдаларга эга, нафис, манфаатли китоб", дея таъриф берган.


Абдувоҳид домла Аҳмадалиев
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси