Бугунги кунда Жиззах вилоятидаги бинолари эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган 8 та масжид қайтадан қуриляпти. Шулардан бири, Фориш тумани олис Бағдод шаҳарчасидаги “Янгиқишлоқ” масжидидир. Масжид шу вақтгача, тўғрироғи 2019 йилга қадар универмаг биноси ўрнида фаолият кўрсатиб келгани ачинарли ҳол. Кўрган инсон бу эски дўконниинг деворига илинган ёзувидан билмаса, масжид деб ўйламас эди.
Диний идора Жиззах вилояти вакиллигининг кўпдан бери шу жойда аҳоли учун ёзда салқин, қишда иссиқ бўлган том маънодаги намозгоҳни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида ниҳоят 2019 йили тегишли рухсат асосида саҳоватпеша кишилар кўмаги ҳамда қишлоқ аҳолисининг ҳашари билан янги масжид қуриш ишлари бошланди.
Олти сотихдан ортиқ майдонда қурилаётган ибодат уйи 800 кишини сиғдира оладиган хонақоҳ, таҳоратхона, аёллар учун намозхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлади. Бундан ташқари, масжид ҳовлисида ёрдамчи хўжалик ташкил этилиб, иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган.
Ўтган бир йилдан зиёд вақт мобайнида хонқаҳоқ ва минора кўтарилиб, том қисмлари ёпилди. Ҳозирда таҳоратхона қурилиши давом этмоқда. Тез кунда кунда эшик, дераза-ромлар ўрнатилади.
Аҳамиятлиси, мазкур масжид Жиззах-Нурота-Навоий катта йўли ёқасида жойлашган бўлиб, зиёрат туризми ҳамда маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулай нуқта ҳисобланади. Шу боис савоби улуғ амалга ҳисса қўшиш истагида бўлганлар қуйидаги ҳисоб-рақамлари орқали қурилиш ишларига ҳисса қўшишлари мумкин:
Агробанк Фориш филиали:
ҳ/р: 20212000904004960001
МФО: 00133 ИНН:202939611
Узкард:
п/к: 8600042317309242
т/р: 23120000500000133001
Имом-хатиби Нишонов Рустам номида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.