Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Смитсон Осиё санъати миллий музейи Фрир ва Саклер санъат галереялари директорининг катта ўринбосари Масуме Фарҳод билан видеоконференцалоқа шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, Масуме Фарҳод Ўзбекистон Президентининг Фрир ва Саклер санъат галереяларига ташрифини самимият билан эсга олди ва мазкур ташриф музей тарихидаги муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.
«Ўзбекистон Президентига ўз коллекцияларимизни тақдим этиш биз учун катта шараф бўлди ва менда давлат раҳбари томонидан икат тарихий илдизлари ва Марказий Осиёнинг қадимий асоори-атиқаларига берилган аҳамият катта таассурот қолдирди», - деди у.
Фрир ва Саклер галереялари 1846 йил ташкил этилган Смитсон институтининг таркибий қисми ҳисобланади. Институт Америка Қўшма Штатларидаги 20 га яқин музей ва мажмуани бирлаштирган дунёдаги энг йирик тадқиқот ва таълим муассасаларидан биридир.
Масуме Фарҳод Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини изҳор қилди. Унинг сўзларига кўра, Америка томони ўзбек халқининг бой маданияти ва бебаҳо маданий меросини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш бўйича яқин ҳамкорликка интилмоқда.
Учрашувда 2021 йил Вашингтонда бобурийлар сулоласи ва уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган кўргазмани ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Масуме Фарҳод Ўзбекистоннинг ушбу тадбирда фаол иштирок этиш, шу жумладан кўргазма таркибини мамлакатимиздан етказиб бериладиган экспонатлар ва илмий асарлар билан тўлдиришга тайёрлигини мамнуният билан олқишлади.
Кўргазма доирасида бобурийлар сулоласи (1526-1857 йиллар), «Бобурнома» китоби, Бобурнинг санъат ривожи ва рағбатлантиришидаги ўрни, ўша давр расмлари, Фрир ва Саклер галереялари тўпламларидаги қўлёзмалар, шунингдек, ҳукмдорларга тегишли тарихий ҳужжатлар ва улар яратган боғлар меъморчилигига асосий эътибор қаратилиши режалаштирилмоқда.
Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётига бағишланган алоҳида тақдимот ташкил этиш кўзда тутилган. Ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари илмий меросини чуқур ўрганиш, бағрикенг ислом динини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш ҳам мақсад қилинган.
Масуме Фарҳод бўлажак кўргазманинг муҳимлигини таъкидлаб, «мамлакат тарихини билиш унинг замонавий тараққиётини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради», - деб қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан ҳикоя қилинади: “Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Сафар асносида йўлдан адашдим. Бир пайт йўл устига ташлаб қўйилган кишига кўзим тушди. У шу туришда ўлимини кутиб яшаётгандек эди.
Бориб, салом бердим. Саломимга алик олди. “Ёнингизда туришимни хоҳлайсиз-ми?” деб сўрадим. “Сени нима қиламан?” деди ҳайрон бўлиб. “Сизга суҳбатдош, улфат бўламан”, дедим.
“Сенда мен учун қанақа улфатлик бор?!” деб сўради. “Агар бемор бўлсангиз, хизматингизда бўламан”, дедим. У: “Менга Кифоя қилувчи, Рост сўзловчи, аҳволимни Билувчи Зот бор. Ким Уни дўст деб билмаса, ундай кимсага бошқа улфат, суҳбатдош, дўст йўқ” деди.
“Менга яхшилик турларидан бирортасини ўргатинг ёки бирор насиҳат қилинг, эшитиб, амал қилай” дедим. Шунда у бошини кўтариб менга қаради ва: “Эй биродарим! Ўзингни ўз нафсингдан сақла! Қалбингга бирор иллат киришидан эҳтиёт бўл! Агар бир маъсиятни қилмоқчи бўлсанг, бошингни юқорига кўтар! Кимга қарши бўлаётганингни, Кимга журъат қилаётганингни, Кимга қарши уруш бошлаётганингни бил! Аллоҳга исён қилган кимса, Унга қарши урушган кимса бўлиб қолишини билмайсан-ми?! Қилиб турган солиҳ амалларингда бардавом бўл! Белингни маҳкам боғла! Сени бу дунёдан кетказилишидан олдин ўзинг Аллоҳ сари юзлан! Жаҳаннам муридларнинг кечаларини бедор қилганини, обидларнинг қалбларини жароҳатлаганини билмайсан-ми?! У Зот Китобида уларни мақтаб бундай деган:
كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ
“Улар кечалари оз ухлар эдилар”.
وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 17-18-оятлар).
У ушбу оятларни ўқидию, қичқириб юборди. Шу заҳоти жони узилди. У кишига ўхшаган етук кишини кўрмадим. Аллоҳ раҳматига олсин!”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди