Ҳаромни тарк этмоқ ҳалолни талаб қилишдан хайрлидир.
Гўзал, ёқимли сўзлашишнинг сири бекорчи гапларни тарк этишдир.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу
***
“Ҳусни хулқ бу—яхшилик улашмоқ, ёмонликдан тийилмоқ ва очиқ юзли бўлмоқдир”!
Ҳасан Басрий
***
Ҳар қанча ажойиб ва буюк бўлмагин, ҳамма одамлар сени бирдек яхши кўриши амри маҳолдир.
Нажиб Маҳфуз
***
Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.
Минг йил ўқисаму, мендан «нимани билдинг», деб сўрасалар, «ҳаддимни билдим» дейман.
Жалолиддин Румий
***
Баъзан ортингга қараб қўй: шунда қаердан келганингни унутмайсан.
Ошиқларга уйқу ҳаромдир.
Баъзан узоқлашмоқ керак, яқинлашмоқ учун. Баъзан эсламоқ керак, эсланмоқ учун. Баъзан йиғламоқ керак, очилмоқ учун. Баъзан сукут яхшидир, тингламоқ учун.
Шамс Табризий
Ҳар бир нарсанинг занги бўлади, қалб нурининг занги эса тўйиб овқатланишдир.
Абу Сулаймон Дороний
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Марғилон шаҳрида жаҳон тамаддуни ва ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлардан бири — Имом Бурҳониддин Марғилоний номи билан боғлиқ янги илмий-маърифий туризм маркази барпо этилмоқда. “Наврўз” маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган мазкур мажмуа нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида кўрилмоқда.
Бош режа асосида қурилаётган марказда Бурҳониддин Марғоний илмий-тадқиқот маркази, замонавий шаклда ташкиллаштириладиган музей, миллий услубда барпо этиладиган “Отабек ва Кумуш” уйи, сунъий кўл, мақом театри, гастрономия ва хизмат кўрсатиш марказлари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар ҳамда бозор инфратузилмаси назарда тутилган.
Мазкур қурилишлар келажакда Марғилон шаҳрининг тарихий, илмий ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу жой, шубҳасиз, зиёрат ва илмий тадқиқот мақсадида келувчилар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Шу кунларда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази биноси билан бир қаторда бошқа муҳим иншоотларнинг ҳам қурилиши бошланган.
Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ домла Олимов бошчилигида мажмуа билан яқиндан танишиш мақсадида объектга бордилар.
Ташриф чоғида имом-хатиблар бу ердаги қурилиш ишларининг ҳолати билан танишдилар, лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан масъуллардан маълумотлар олишди.
Мазкур мажмуа нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси ҳамда бутун мамлакатимиз учун муҳим маданий-маърифий маскан бўлиб, у келажакда ёшлар тарбияси, диний соҳа ходимларининг салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраш йўлида хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати