Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Қор парчаси – мўъжиза

19.11.2020   7324   5 min.
Қор парчаси – мўъжиза

Қишда қор ёғишини томоша қилиш завқли иш. Тўғрими? Ҳамма жой оппоқ қорга бурканади, атроф мусаффо, ҳаво топ-тоза, учиб-учиб тушаётган қор парчаларига қўлингизни тутсангиз, кафтингизга қўниб эриб кетади.

Биз қорни уч ёки тўрт кўринишда тасаввур қиламиз: майда қор. Қор майдалаб ёққанда қаттиқ совуқ бўлади, одамнинг хаёлига осмонда қор тугаб қолаётгандек, ана шу қор охиргисидек туйилади; ўртача қор, бу қор ёққанда ҳаво мўътадил бўлади, суяккача ўтиб кетадиган совуқ бўлмайди; лайлак қор. Бу қор ҳамманинг жону дили. Аммо у узоқ вақт ёғмайди ва ҳаво ҳарорати ҳам ёқимли бўлади; шилта қор. Бу ёмғир аралаш ёғадиган қор. Бунда ҳам ҳаво хийлагина совуқ бўлади.

Демак, билганларимиз шу тўрт хил қор экан. Уларни ҳажмига қараб ажратамиз. Аммо Аллоҳ таолонинг мусаввирлигини қарангки,  ушбу қор зарраларининг бирортаси бошқа бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири алоҳида санъат асаридир.

Олимларнинг таъкидлашича, ер юзини буткул қор қопласа ҳам ҳеч бир қор заррасига бошқасига ўхшамайди.

Америкалик тадқиқотчи олим Вильсон Бентлей 50 йил давомида олиб борган кузатишлари натижасида 1985 йил шундай хулосага келди. Қор заррасини суратга туширишни санъат даражасига кўтарган олим умрининг ярмини шу ишга сарф этди.

Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк Яратувчини танишга кифоя қилади. Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).

Қорнинг мўъжизаси шу билан тугамайди. Ҳар йили қишда тоғларда муз захираси йиғилади. Муз қалин бўлиши учун қор кўп ёғиши керак. Агар тоғлар меъёрида муз захирасини тўплаб ололмаса, ўша йили дарёларнинг суви кам бўлади. Шунингдек, яйловларга ва далаларга ҳам қор кўп ёғса, ўша баҳорда ўт-ўлан мўл бўлади, экин-тикин баракали бўлади.

Аллоҳ таоло муборак Каломида: «У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир» (Анъом сураси, 99-оят), деб марҳамат қилган.

Бундан аён бўладики, қиш фаслининг қаҳратони ва қор-ёмғирлари бизнинг баҳоримизни, ёзимизни, кузимизни сероб қилиш учун экан. Биз эса ана шу ғанимат фаслда Қуръони каримни мутолаа қилайлик, зикрни кўпайтирайлик, амри маъруфлар, наҳйи мункарлар эшитиш учун муҳтарам олимларимизнинг суҳбатига бориб файз олайлик. Дўстларни зиёрат қилиб иймонлашайлик. Зотан, улуғларимизнинг тавсиялари ҳам шу ўзи.

Қуръони каримни қанчалик кўп ўқисак, қалбларимиз шифо топади, кўнглимиз роҳатланади, кўзимиз равшанлашади, хотирамиз мустаҳкам бўлади. Қалб шифо топса, тананинг бошқа аъзолари ҳам соғлом бўлиши машҳур ҳадисда ворид бўлган. Яна бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар (Байҳақий, Абу Нуайм Қузоий ривоят қилган Жалолиддин Суютий бу ривоятни “Жомеул аҳодис”да, Муттақий  Ҳиндий “Канзул уммол”да келтирган)

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ѐки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди” (Ибн Қудома. Мухтасару минҳожил қосидин).

Ёғаётган қор парчалари, тунларнинг қуюқлиги биз бандаларга ана шу ҳикматларни эслатиб, ибодатга маҳкам бўлишимизга ундайди.

 

Фотограф Алексей Клжатов ҳам кўп йиллардан бери қор парчаларининг йирик планли суратларини тасвирга тушириш билан шуғулланади. У доимий равишда ўз расмларини Flickr ресурсига жойлаб келади. “Мен уйимнинг очиқ айвонида LED чироғ билан ёритилган шиша устига тушаётган қор парчаларини суратга оламан. Баъзида эса табиий ёруғлик ҳамда фон сифатида қора толалардан фойдаланаман”, деб ёзади у.

Қуйида Алексей тасвирга олган қор парчаларидан намуналар келтирилди:

 ЎМИ матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Ўтган солиҳлар тафаккур қилганда

09.07.2025   2268   4 min.
Ўтган солиҳлар тафаккур қилганда

Бу мавзуда салафларимиздан келган бир қанча таъсирли ривоятлар бор. Қуйида уларнинг айримларини келтираман:

1. Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Мен хушуъни Исроил ибн Юнусдан ўргандим. Биз унинг атрофида эдик, у ўнг томонида ким бор, чап томонида ким борлигини билмасди — охират ҳақида тафаккур қиларди".

2. Юсуф ибн Асбат раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ менга хуфтон намозидан сўнг: "Таҳорат идишини (обдаста) бергин", деди. Унга бердим. У ўнг қўли билан олиб, чап қўлини ўнг қўлининг устига қўйди ва тафаккурга чўмди. Мен ухлаб қолдим, сўнг саҳарда турдим — қарасам, идиш ҳали ҳам қўлида. "Тонг отди", дедим. У эса бундай деди: "Сен идишни берган пайтингдан буён шу ҳолда охират ҳақида тафаккур қилдим".

3. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
У Суҳайл ибн Адийни сукунатда, тафаккурда кўриб:
"Қайси нуқтага етдинг?" деб сўради.
У: "Сирот кўпригидаман", деб жавоб берди.

4. Муҳаммад ибн Васеъ раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
Басралик бир киши Абу Зарр вафотидан кейин унинг хотини Умму Заррга бориб, унинг ибодатини сўради. У бундай деди: "Абу Зарр кун бўйи уйнинг бир четида  тафаккур қилиб ўтирарди".

5. Умму Дардо (Абу Дардонинг хотини) айтади:
"Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг энг афзал ибодати — тафаккур ва ибрат олиш эди".

6. Сиррий Сақатий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ҳар куни бурнимга қарайман — юзим қорайганми, деб. Таниш жойда ўлишни ёқтирмайман — ер мени қабул қилмай қўйса, шарманда бўлишдан қўрқаман".

7. Абу Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
Бир куни у юриб кетаётган эди, тўхтаб, кўйлагини бошига ташлаб, йиғлашга тушди.
Уни кўриб: "Нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У бундай жавоб берди: "Ўтган умримни, кам амалимни, яқинлашган ажалимни тафаккур қилдим".

8. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни йиғлади. Сабабини сўрашди. У бундай деди: "Дунё ва унинг шаҳватлари ҳақида ўйладим. Улар тугамай туриб, аччиқ алам билан алмашади. Агар бунинг ўзида ибрат бўлмаса ҳам, ақлли киши учун унда панд насиҳат бор. Энди ўз ҳолингизга қаранг, аҳли оилангиз, яхши кўрган кишиларингиз билан бугун жам бўлиб турибсиз, эртагачи? Эртага эса, албатта улардан ажралиш бор".

9. Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳнинг ҳолати:
У тўлин ой кечаси уйнинг томига чиқди. Осмонга қараб Осмон ва ернинг яратилиши ҳақида тафаккурга чўмди ва йиғлай бошлади. Шунчалик қаттиқ таъсирландики, томдан қўшнисининг ҳовлисига йиқилиб тушганини сезмай қолди. Қўшни уни ўғри деб ўйлаб, қиличига ёпишди. Аммо келиб қараса — Довуд экан. "Қандай қилиб томдан тушиб кетдинг?" - деб сўради. Довуд: "Қандай йиқилганимни сезганим йўқ", деб жавоб берди.

10. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
У дўстлари билан ўтирган эди, чироқ ўчиб қолди. Ҳамма ёқни зулмат қоплади. Кейин чироқни ёқишди. Қарасалар, Суфённинг кўзларидан оқаётган ёши юзи ювяпти. Ундан: "Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У: "Шу онда қабр зулматини эсладим…", деб жавоб берди.

Хулоса:
Салафи солиҳлар ҳар бир ҳолатда тафаккур қилганлар — таом еганда, юрганда, ётганда, ҳатто сув идишини ушлаб турган пайтда ҳам охиратни эслаб йиғлардилар. Улар учун тафаккур — ибодатнинг қалби эди.


Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ