Бугун, 17 ноябрь куни Самарқанд вилояти вакиллиги биносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Фатво бўлими мутахассиси Собир Орзиқулов ва Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассислари Мунира Абубакирова, Марям Абдуллаевалар иштирокида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар билан учрашув ташкил этилди. Ундан отинойилар билим ва савияси, вазифасига масъулият билан ёндашиш малакасини ошириш, соҳадаги сўнгги янгиликлардан воқиф этиш кўзланди.
Давра суҳбатида отинойилар билим ва дунёқараши, одамлар билан муносабати, маросим ўтказиш бўйича малакаси, бугунги кун талабига жавоб бериши ўрганиб чиқилди. Ўз навбатида, отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Шунингдек, тадбирда устозлар отинойилар ўз устида тинимсиз ишлаши, билим савияси ва касбий маҳоратини ошириши, юрт равнақи йўлида кўпроқ ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларида мувозанатни таъминлаб, юксак маданият ва эзгу қадриятлар асосида яшашни устувор вазифа сифатида тарғиб қилади. Тўй ва бошқа маросимлар ҳам шундай меъёрлар доирасида бўлиши лозим. Айниқса, ҳозирги кунда ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчилик кенг тарқалганлиги сабабли, инсонларнинг бурч ва ахлоқий талабларига зид ҳолатлар кўпаяётгани кузатилмоқда.
Ислом динида тўй маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бирлаштирувчи тадбир саналади. Ундаги энг асосий мақсад аёл ва эркакни никоҳ орқали оила қуриши ва жамоат олдида бу риштанинг тасдиқланишидир. Шундай экан, тўй зиёфатлари ортиқча харажатлар ва дабдабабозликка айланиб кетса, асосий мақсаддан четланиш вужудга келади.
Исроф ва дабдабабозлик нафақат молиявий зарар келтиради, балки диний-ахлоқий нуқтаи назардан ҳам қораланади. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:
“У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Тўйларда ихчамлик ва оддийликни сақлаш, исрофга йўл қўймаслик керак. Ортиқча исроф ва дабдабабозликнинг зарарлари қуйидагилар:
Яқин қариндошлар, дўсту қадрдонлар ва қўшниларни таклиф қилиш, камтарона дастурхон тузатиш, бир неча турли таомларни ўрнига оддий таомларни тайёрлаш, қўша-қўша машиналар ва қатор-қатор санъаткорларсиз маросимларни ўтказиш, тўйхона, уйларни ортиқча безамаслик, сарпо қилишда кераксиз ва қиммат буюмлардан воз кечиш, тўй учун сарф-харажатларни олдиндан режалаштириш, бошқа харажатларга йўл қўймаслик, динимиз кўрсатмаларига амал қилиш тўйларда дабдаба ва исрофни олдини олади.
Исроф ва дабдабабозликдан четлашиш, оддийлик ва ихчамликка эътибор бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ва масъулиятидир. Тўй ҳамжиҳатлик ва оила қуриш учун муҳим маросим эканлигини эътиборга олсак, унинг мазмунини йўқотиб, ортиқча сарф-харажатларга айлантиришдан сақланиш лозим.
Тўйларни ихчам қилишга ҳаракат қилсак, нафақат ўзимиз, балки жамиятимиз ҳам барқарор ва ислоҳ бўлади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме
масжиди имом-хатиби