Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!
17-ўгит: Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг» (Аҳзоб сураси )
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).
Хулоса:
1. Муҳаммад алайҳиссаломга энг аввало Аллоҳ таоло саловот айтмоқда. Аллоҳ томонидан у зотга юборилган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.
2. Аллоҳ таолонинг муқарраб фаришталари ҳам тўхтовсиз ҳолда Пайғамбаримизга салавот юбориб туради. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.
3. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишилар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга буюрилгандирлар. Мўминлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.
4. Қуръон ва суннатда буюрилган бирорта амал ҳақида “Аллоҳ ва Унинг фаришталари шу амални бажаради”, деган хабар келмаган. Фақатгина, Росулуллоҳга саловот айтиш ҳақидагина ушбу амални Аллоҳ ва Унинг фаришталари ҳам бажариши айтилмоқда. Бу эса, саловот айтишнинг фазилатини янада юксалтиради.
5. Қолаверса, саловот айтган киши Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш билан биргаликда жудаям кўп ажр ва савобларга эга бўлади.
6. Аввало, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишига Аллоҳ таоло саловот айтади.
7. Атиги бир марта саловот айтган кишининг ўнта гуноҳи, хатоси ўчирилади.
8. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишининг даражаси ўн баробар кўтарилади.
9. Агар бу саловотлар қанча кўп бўлса, берилган ваъдалар ва хушхабарлар ҳам шунчалик зиёда бўлиб бораверади.
10. Саловотнинг турлари жудаям кўпдир. энг қисқаларидан бири: “Соллаллоҳу алайка я Росулаллоҳ”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи”, каби жумлалардир.
Аллоҳумма солли аъла саййидина Муҳаммад, Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:
Ёрбек Ислом
Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, ортга қайтмас демократик ислоҳотларимиз кафолати бўлган Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури ҳамда юксак хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституциямизда муҳрлаб қўйилган қоида ва тамойиллар Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз учун беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, янада кенг ваколат ва масъулиятга эга бўлган миллий парламентимиз ҳамда илк марта маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан сайланган раислар бошчилик қилаётган вилоят Кенгашлари, жамият бошқарувида ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётган маҳалла институти фаолияти мисолида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани ҳақидаги конституциявий қоиданинг амалий тасдиғини кўрамиз.
Айниқса, янги парламентимиз томонидан жорий йилда судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга оид қонунлар ҳамда юртимизда дўстлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, инклюзив жамият, ёшлар, хотин-қизлар масалалари, кам таъминланган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш бўйича кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинганини таъкидлаш лозим.
Маҳаллий кенгашлар ҳам ўз ҳудудларидаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Улар томонидан ўтган даврда 25 мингдан зиёд масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилингани, мансабдор шахсларга 14 мингга яқин депутатлик сўровлари юборилгани ҳам шундан далолат беради.
Вакиллик органларини чинакам халқ минбари, халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимизнинг давоми сифатида 2026 йилнинг 1 январидан туман ва шаҳарларда ҳам ҳоким ва Кенгаш раислари вазифаларини алоҳида ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Бир сўз билан айтганда, халқ ҳокимиятчилиги, вакиллик демократияси, Конституция ва қонун устуворлиги каби конституциявий принципларга бундан буён ҳам содиқ қолиб, ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилаётган бу йилги байрам тадбирлари орқали шу йўлда эришган ютуқларимиз чуқур таҳлил қилиниб, янги ва долзарб вазифалар белгилаб олинмоқда.
Кейинги вақтда барча соҳа ва тармоқларда қўлга киритаётган натижаларимизга шу нуқтаи назардан баҳо берар эканмиз, уларнинг замирида, энг аввало, инсонпарварлик ва халқпарварлик тамойиллари мужассам эканини ва улар ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этиш ўринлидир. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилда аҳоли жон бошига даромад 3 минг 500 долларни ташкил этгани, мактабгача таълимда қамров 78 фоиз, олий таълимда эса 42 фоизга етгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан75,1 ёшга узайгани ва бошқа рақамларни келтириш мумкин.
Конституциямизга асосан давлат зиммасига юклатилган ижтимоий мажбуриятларни бажариш ҳамда юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 миллион нафардан зиёд фуқаро камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга туширилди.
Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда.
Масалан, 2025 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди. Глобал инновация индексида юртимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бўйича кучли учликдан жой олди. “S&P”, “Fitch” ва “Moodyʼs” каби нуфузли халқаро агентликлар томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги оширилди.
Нуфузли халқаро анжуман – ЮНЕСКО Бош конференцияси сўнгги 40 йил давомида биринчи марта Париждан ташқарида, яъни, Самарқандда муваффақиятли ўтказилгани ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги кунда биз Конституциямизнинг ҳар бир нормасини давлат ва жамият ҳаётида амалий фаолият мезонига айлантиришимиз зарур. Айниқса, ёшларимизга Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялаш олдимизда турган ғоят муҳим вазифадир.
Фақат Конституция ва қонунларимизга чуқур ҳурмат, пухта ҳуқуқий билим ва амалий тажриба асосидагина биз давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиб, Ватан ва халқ олдидаги фарзандлик бурчимизни шараф билан адо эта оламиз. Шундагина Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи, бунёдкорлик салоҳияти амалда янада ёрқин намоён бўлади.
Барчамиз учун миллий мустақиллигимиз, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли бўлган Конституциямиз шарафланадиган ушбу қувончли айём муносабати билан сизларни яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Сиз, азиз юртдошларимга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик ва фаровонлик тилайман.
Конституциямиз ва барча ютуқларимизнинг ижодкори бўлган мард ва олижаноб халқимиз доимо омон бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти