Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!
17-ўгит: Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг» (Аҳзоб сураси )
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).
Хулоса:
1. Муҳаммад алайҳиссаломга энг аввало Аллоҳ таоло саловот айтмоқда. Аллоҳ томонидан у зотга юборилган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.
2. Аллоҳ таолонинг муқарраб фаришталари ҳам тўхтовсиз ҳолда Пайғамбаримизга салавот юбориб туради. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.
3. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишилар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга буюрилгандирлар. Мўминлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.
4. Қуръон ва суннатда буюрилган бирорта амал ҳақида “Аллоҳ ва Унинг фаришталари шу амални бажаради”, деган хабар келмаган. Фақатгина, Росулуллоҳга саловот айтиш ҳақидагина ушбу амални Аллоҳ ва Унинг фаришталари ҳам бажариши айтилмоқда. Бу эса, саловот айтишнинг фазилатини янада юксалтиради.
5. Қолаверса, саловот айтган киши Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш билан биргаликда жудаям кўп ажр ва савобларга эга бўлади.
6. Аввало, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишига Аллоҳ таоло саловот айтади.
7. Атиги бир марта саловот айтган кишининг ўнта гуноҳи, хатоси ўчирилади.
8. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишининг даражаси ўн баробар кўтарилади.
9. Агар бу саловотлар қанча кўп бўлса, берилган ваъдалар ва хушхабарлар ҳам шунчалик зиёда бўлиб бораверади.
10. Саловотнинг турлари жудаям кўпдир. энг қисқаларидан бири: “Соллаллоҳу алайка я Росулаллоҳ”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи”, каби жумлалардир.
Аллоҳумма солли аъла саййидина Муҳаммад, Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:
Ёрбек Ислом
1. Ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД