Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани «Амиробод» овул фуқаролари йиғинидаги «Сафо» жоме масжиди ўтган асрнинг 1955-йиллари қурилган. 2000-йилгача ҳар ҳил ташкилотлар хизмат уйи сифатида фойдаланиб келган. Масжид 2000-йили «Сафо» номи билан Адлия вазирлигидан расмий рўйхотдан ўтиб фаолият кўрсата бошлади. Эски масжид иморати аҳолига ноқулай жайдан қурилган, ёнида автотранспорт ва пиёдалар йўли йўқ. Шу боис куз ва қиш мавсумида масжидга борувчилар, жумладан нуроний отахонларга муаммо туғдирар эди.
2018-йили ҳомийлар ва маҳаллий аҳолининг кўмаги билан мазкур масжиднинг янги иморатининг қурилиши бошланиб, 2020-йили қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунланди
29-октябрь куни «Сафо» масжидининг янги иморатини фойдаланишга топшириш маросими бўлди. Унда Элликқалъа тумани ҳокими С. Авезов, Қорақалпоғистон мусулманлари қозиёти қозиси Ш. Бауаддинов, тумандаги масжид имом-хатиблари, фахрий нуронийлар иштирок қилдилар. Туман ҳокими С. Авезов, Қорақалпоғистон мусулманлари қозиёти қозиси Ш. Бауаддиновлар сўзга чиқиб, намозхонларни бу қутлуғ даргоҳ, гўзал кошона, эътиқод маскани билан қутладилар, сўнгги йилларда мамлакатда дин эркинлиги соҳасида, намозхонларнинг ибодат қилиш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Туман аҳолисини масжид очилиши билан табрикладилар.
Масжид қурилишида ўз кумакларини аямаган инсонларга ташаккурнома ва қимматбахо совғалар топширилди.
Масжид кишини ўзига оҳангрободек тортади. Лойиҳага асосан ўта мустаҳкам таъмал тоши устига пишиқ ғиштдан қурилган. Масжид мажмуасида 300-350 нафар намозхон учун зарур бўлган барча шарт–шароитлар яратилган. Мўжазгина кутубхона ташкил этилган. Масжид чорбурчак шаклида бўлиб, унинг қишки намозхонаси тепасида маҳобатли гумбаз қад ростлаган.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 29 июнь – 2 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Владивосток шаҳрида хизмат сафарида бўлишди. Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Бош консули М.Хайриддинов каби нуфузли вакиллар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов ҳам иштирок этди.
Сафар давомида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳридаги паспорт-виза хизматида, Владивосток, Хабаровск шаҳарларидаги ўзбек диаспораси раҳбарлари ва Приморск ўлкасидаги ўзбек диаспораси вакиллари, ўзбекистонлик талабалар, турли хизматларда фаолият кўрсатаётган мигрантлар билан, Владивостокдаги “Владторг” савдо компаниясида, Владивостокда ООО “Виктория” қурилиш фирмасида, Приморск ўлкасидаги “Доброфлот” балиқовлаш компанияси заводларида хизмат қилаётган ватандошларимиз билан самимий суҳбатлар ўтказилди.
“Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” каби мавзуларда ўтган суҳбатлардан юртдошларимиз керакли тушунчалар ҳосил қилиб, мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати