Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Азиз мўмин-мусулмон юртдошлар! Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсониятга ҳидоят ва эзгулик манбаи ўлароқ нозил қилган. Шу нуқтаи назардан, қолаверса, қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъий назар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шарт, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмайди.
Ота-боболаримиз қадим-қадимдан Қуръони каримни кўксиларидан пастда тутмаганлар, жойнамозларини ҳам доимо баланд жойга қўйганлар. Масжид атрофидан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда беҳуда сўз айтмаганлар. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққанда, тарқалган видеолавҳадаги ҳолат юртимиз мўмин-мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони каримни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдиради.
Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки, қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади.
Ўз навбатида, Қуръони каримни таҳқирлаган мазкур фуқаронинг шахсини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳамда конституция ва қонун ҳужжатларига зид равишда диний адоват чиқаришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини таъкидлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази