Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Азиз мўмин-мусулмон юртдошлар! Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсониятга ҳидоят ва эзгулик манбаи ўлароқ нозил қилган. Шу нуқтаи назардан, қолаверса, қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъий назар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шарт, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмайди.
Ота-боболаримиз қадим-қадимдан Қуръони каримни кўксиларидан пастда тутмаганлар, жойнамозларини ҳам доимо баланд жойга қўйганлар. Масжид атрофидан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда беҳуда сўз айтмаганлар. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққанда, тарқалган видеолавҳадаги ҳолат юртимиз мўмин-мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони каримни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдиради.
Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки, қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади.
Ўз навбатида, Қуръони каримни таҳқирлаган мазкур фуқаронинг шахсини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳамда конституция ва қонун ҳужжатларига зид равишда диний адоват чиқаришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини таъкидлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
Саҳар вақти дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб алайҳиссаломга фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб алайҳиссалом: “Албатта, Роббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳдан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Ҳатиб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода розияллоҳу анҳу: “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий алайҳиссалом қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
“Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн”
Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ.
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД