Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб, “Мен фалончи бандамни яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Шунда уни Жаброил алайҳиссалом яхши кўради. Сўнгра осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Шунда осмон аҳли уни яхши кўради. Сўнгра Ер аҳли ҳам уни яхши кўради” (Муслим ривояти).
Аллоҳнинг севгисига эришишнинг биргина йўли бор, у ҳам бўлса Қуръони каримда марҳамат қилинади:
“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон Зотдир”, (Оли Имрон, 31).
Қалби Расулулллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим бўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши Набий соллаллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг расули, қиёмат қачон бўлади?» деди. У зот: «Унга нима ҳозирладинг?» дедилар. У: «Унга кўп намоз ҳам, рўза ҳам, садақа ҳам ҳозирлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», деди. У зот: «Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан», дедилар.
Имом Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Сафвон ибн Қудома розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳижрат қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: «Эй Аллоҳнинг расули! Қўлингизни узатинг байъат қилай», дедим. У зот қўлларини узатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мен сизни яхши кўраман», дедим. У зот: «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш билан бирга у зот буюрган ҳар бир ишга бўйсуниш ва қайтарган ҳар бир қайтариқларидан қайтиш зарур.
Ҳаётимиз мобайнида суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига диққат қилиб амал қилсак, ҳар бир сўзимиз ҳадисга мувофиқ, ҳар ишимиз суннатга мутобиқ бўлса, юқорида айтилган ҳадисга лойиқ бўлишимиз ва Қиёмат кунида ҳам суйганимиз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўламиз.
Иншааллоҳ...
Акбар Умар тайёрлади
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди