НАЗМ
Илм сифатиға ишоратдур
Яна бири илмдур сифатларидин,
Олимул-ғайб бўлди отларидин.
Фикру андишадин эмас бу илм,
Касб ила пешадин эмас бу илм.
Тоғда тош, тузда қум ададларини,
Анга зоҳир дурур, билур барини.
НАСРИЙ БАЁН
Аллоҳнинг сифатларидан яна бири илм сифатидир. Унинг номларидан бири Олимул-ғайб – ғайбни, олам аҳлига номаълум ва пинҳон бўлган нарсаларни мукаммал билувчидир. (Яъни, Аллоҳ таъоло замон ва макондан холи ҳолда, мавжуд ва номавжуд – бўлган ва бўладиган нарсаларни, катта-кичик – кулл ва жузъ (бутун ва бўлак, мумкин ва номумкин), яширин ва ошкор ҳамма нарсани ва ҳар бир ҳодисани энг яхши тарзда билувчи ва бутун билимларнинг манбаъи бўлган Зотдир.)
Бу илм фикр ва андишадан – хаёл, мулоҳаза ва тасаввурдан эмас, шунингдек, касб билан пешадан – меҳнат қилиб бировдан олинадиган, уриниш, тиришиш билан эгалланадиган илм ҳам эмас.
Тоғдаги (каттаю кичик) тошлар, чўлдаги қумларнинг саноқлари ҳам Аллоҳга маълумдир, У зот барчасини мукаммал билади.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Савол: Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида тушунча берсангиз, уни жума куни ҳам тутса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
Абул Аббос Маккий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу таоло анҳумонинг шундай деганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сен доимо рўза тутар ва кечалари ибодат қилар экансан?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Агар сен шундай қилсанг, кўзинг заифлашиб, нафсинг толиқади. Ким йил бўйи рўза тутса, рўза тутмабди. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш – йил бўйи рўза тутиш кабидир”, дедилар.
“Мен бундан ҳам кўпроғига қодирман”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Унда Довуд алайҳиссаломнинг рўзасини тут, у киши бир кун рўза тутар ва бир кун оғзи очиқ бўлар ҳамда душманга йўлиққанда қочмас эди”, дедилар.
Кимдир мазкур ҳадисга амал қилиб, Довуд алайҳиссалом рўзасини тутаётганда унинг рўзаси жума кунига тўғри келиб қолса, ҳеч кароҳиятсиз жоиз бўлади.
Кишининг нафл рўза тутишга одатланган кунлари ёки Ашуро куни каби фазилатли рўзалар жума, шанба ёки якшанба кунларидан бирига тўғри келиб қолса, шу куни рўза тутиши дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.