Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Ҳар мақомнинг мақоли бор

27.10.2020   1856   5 min.
Ҳар мақомнинг мақоли бор

Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирмақсуд АЛИМОВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Аввало, яқинда янада масъулиятли лавозим – вилоят бош имом-хатиблиги­га та­йинланганингиз билан мубо­ракбод ­этамиз. Маъқул кўрсангиз, энг хавфли иллат бўлиб кел­ган фитна мавзусида суҳбатлашсак...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ташаккур. Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг юзимизни икки дунёда ёруғ қилсин. Дарҳақиқат, бу иллатдан саодат асрида ҳам Расули муҳтарам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳликка чақирганлар. Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган йирик олимларидан Имом Зайнуддин Биргавий ра­ҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-Муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан, қалб хасталиклари борасида сўз юритар экан, қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталган.

Имом Муҳаммад Ходимий асарни шарҳ­лар экан, қуйидагиларни айтади: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, ма­шаққат ва балога гирифтор қилишга ай­ти­лади. Масалан, халқни давлатга қарши чи­қишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тинг­ловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фит­нага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади”.

– Ҳар мақомнинг ўз мақоли, ҳар майдоннинг ўз рижоли бор, дейилади. Уламо­лар: “Кимки ўз даври урф-одат­ларини билмаса, бас, у жо­ҳил­дир!” де­йишади.

– Ҳа, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳам юқоридаги қабилдадир. Бу икки амал, гарчи қирқ фарздан бўлса-да, ўз ўрнини топиб қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри келган жойда амри маъруф, наҳйи мункар қилиб кетавермаслик керак. Одам­ларнинг ҳолини, савиясини ҳисобга олиш шарт. Акс ҳолда мункар ишлар кўпайиб кетишига сабабчи бўлиб, тинг­ловчини яна кўпроқ таассубга берилишига замин яратиб беради. Бундан ташқари ўз бошига ҳам балолар орттириб олиши ҳам мумкин.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу айтади: “Кимки биродарига омма олдида ошкора насиҳат қилса, бас, уни айблабди. Агар ёлғиз ўзига гапирса, бас, уни тузатибди”. (“Ал-бариқат ул-маҳмудия фи шарҳи тариқат ил-Муҳаммадия”, 3-жуз, 152-бет.)

Тинч, осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳара­катлари аслида одамларнинг қонини тў­кишдан ҳам оғир, ёмон оқибат­ларга олиб келадиган гуноҳдир. Аллоҳ тао­ло Бақара сурасида таъкидлаган: «Фитна қотилликдан ҳам ёмондир» (191-оят).

– Хўш, бугунги техник тарақ­қий этган, ёлғиз кишига ҳам қўлидаги телефон орқали бир зумда ёлғон хабар етиб келиши мумкин бўлган замонда фитнадан қандай сақланиш мумкин?

– Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисга диққат қилар эканмиз, Расул алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқда. Тик турган одам билан ўтирган одам деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор қилмаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра, уларга асло эътибор қилмаслик яхши экан. Ўрнида жим тик турган одам билан юраётган одамдан мурод эса, фитнага қизиқиб турган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушганлардир. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай, шунчаки қизиққан дурустроқ саналмоқда. Яёв юрган одам билан тез-тез юраётган одамдан мурод эса, фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наз­дида сал тузукроқ одам, демакдир. Бу иллат қора тунда қора тошнинг устидаги қора ўргимчак мисоли жамиятга кириб келар экан, унга аралашган одам дарҳол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши керак.

– Албатта. Турли балою офатлар қаторида фитна иллатидан ҳам паноҳ беришини сўраб қилинадиган дуолар бордир...

– Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуола­рингизни) ижобат қилай!” – деди...» (Ғо­фир сураси, 60-оят). Мана шу оятнинг ўзи Раббимизга алоҳида бир дуо билан эмас, ўз тилимизда, истаган нарсамиздан паноҳ тилаб дуо қилишимиз учун асосдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнадан сақлашини сўраб, Аллоҳга дуо қилгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор. Масалан, мана бундай деб дуо қилганлар: “Махлуқлари ёмонлигидан, осмондан тушиб яна кўтарилганлар ёмонлигидан, ер юзида кўпайиб тарқалган ва ер юзидан чиққан (барча) нарсанинг ёмонлигидан, тун ва кундуз ёмонлигидан, (эшигимизни) яхшилик билан қоққан ҳар кимнинг ташқарида қолган ёмонлигидан Аллоҳ­дан паноҳ тилайман, ё Раҳмон, Ўзинг асра!” (Имом Аҳмад, (3/419), саҳиҳ иснод билан; Ибн Сунний, 637-ҳ. Абдулқодир Арнавут саҳиҳ эканини айтган. Қаранг: Таҳовий, 133-ҳ.; “Мажмауз завоид”, 10/127).

Суннатга кўра, биз ҳам фитнадан сақ­лашини сўраб, Раббимизга ёлворамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизни фитна бало­сидан асрасин.

А.ХУДОЙБЕРДИЕВ

суҳбатлашди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

07.07.2025   2670   4 min.
 Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим  у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.

Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени  ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.

Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар. 

Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!

Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.

Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.

“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз,  қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.

Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.

Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади”  (Тарж.).