Сийрат китобларини ўқишга киришган ҳар бир инсон аввало сийратнинг қадрини ва кўп фойдалари бор эканини билмоғи лозим. Ҳозир биз сизларнинг эътиборингизга улардан муҳимларини келтириб ўтамиз:
Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Қуръонни тушунишга ёрдам беради. Қуръон бўлак - бўлак ҳолатда, бирор ҳодиса орқасидан ёки бирор мушкил ишни баён қилиш учун нозил бўлган.
Масалан: Қуръони каримда Бадр, Уҳуд, Аҳзоб, Табук ғазотлари ҳақида оятлар нозил бўлган. Сийратни ўқиб ўрганиш ушбу оятларнинг тафсирини тушунишда ёрдам беради.
Сийрат воқеаларидан бир ҳодиса ҳадис китобларида жуда қисқа ҳолатда келтирилган бўлиши, муҳаддислар бутун бошли ғазотдан бир ёки икки ўринни келтириш билан кифояланишлари мумкин. Бундай ҳолат ўқувчини сийрат китобларини ўқишга, бу воқеани қандай бўлгани, уни қайси вақтда бўлгани ва қандай ҳолатда бўлганини билишга ундайди.
Сийрат фанини ўрганиш фойдаларидан яна бири бу ислом ақидасини тушунишга ёрдам бериши. Чунки сийратни ўрганган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ислом ақидасини қандай услубда етказганини кўради. Ислом динини етказишда бошларидан ўтказган имтиҳонларни фақатгина сийратни ўрганиш орқали билиш мумкин. Масалан: Макка даврида мушриклар келтирган турли шубҳали саволларга гўзал ва чиройли тарзда жавоб берганлар. Бу даврда нозил бўлган оятлар ўлимдан сўнг қайта тирилиш қандай бўлишини ва жаннат, дўзах, ваҳий, пайғамбарлик каби ислом ақидасига тегишли бўлган нарсаларни тушинишга ёрдам беради.
Сийрати Набавий Ислом динининг ақидавий дарсларини ўргатишда Қуръон карим ва ҳадис шарифдан кейинги манба десак хато бўлмайди.
Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аҳли аёллари ва бошқа инсонлар билан бўлган ахлоқларини, У зотнинг саҳобалари ва дин душманлари билан бўлган муомалаларини ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш У зотнинг сийратларини ўрганиш билан янада мукаммаллашади.
Сийратни ўрганиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизни иймони токи мен унга ота онаси, боласи ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча иймони комил бўлмайди” деганлар.
Агар сиз У зотга муҳаббат қўймоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сиз У зотнинг қадрини билмоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафсингиздан ҳам севикли бўлишини хоҳласангиз, унда тезлик билан сийрат китобларини варақлашга тушинг. У зотга бўлган муҳаббат У зотнинг тарихларини ўқиш, ҳамда ундаги ҳикматларга амал қилиш билан бўлади.
Сийратни ўқиш билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қадрларини, Умар розияллоҳу анҳу ҳақдан ботилни ажратганларини, Усмон розияллоҳу анҳунинг дунёни жаннатга алмаштирганларини, Али розияллоҳу анҳунинг шижоатларини, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳалимликларини, Ҳаббоб розияллоҳу анҳунинг дин йўлидаги сабрларини, Билол розияллоҳу анҳунинг собит қадамлигини, Муоз розияллоҳу анҳунинг фақиҳ эканларини, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг тўғри сўз эканлигини, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг зеҳнлари ўта кучли бўлганини, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонни қай даражада билганларини билиш мумкин. Оналаримиздан Хадича розияллоҳу анҳони Исломга биринчи кирганларини, Оиша розияллоҳу анҳонинг илмларини, Савдо розияллоҳу анҳонинг фазлларини, Жувайрийя розияллоҳу анҳонинг баракаларини билиш мумкин.
7. Сийрат шаръий ҳукумларга кирувчи воситадир.
Сийратни ўрганишнинг фойдаларидан бири: толиби илмлар учун бошқа илмларни ўрганишда нарвон вазифасини бажаради. Балки, сийрат шариат илмларининг онаси ҳисобланади. Ислом тарихини қандай бошлангани, Исломда биринчи ҳукмлар қандай татбиқ қилинганини ўргатади. Исломий адабиёт қандай ривожланганини, Ҳассон ибн Собитнинг шеърларини ўргатади. Ҳаж амали биринчи бор қандай қилинганини ўргатади. Фиқҳ фанини ўрганаётган инсон ҳам сийратга мурожаат қилади. Бир ҳукм “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги даврларида бўлганми?” ёки “Мадина даврида бўлганми?” Мана шуларни ўрганиб сўнгра ҳукм қилади. Бу ишида бўлса, унга сийрат жуда зарурдир.
Сийрат ҳаёти бир йўлдир. Сизга Ислом ҳақида кенг тарзда маълумот беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб мусулмонни, унинг оиласини ва жамиятини шакллантирганликларини ўргатади. Мадинада янги жамият қурилиши, Исломдаги биринчи масжиднинг барпо қилиниши, элчилик маданияти қандай бўлишини ўргатади. Ўша пайтдаги дунё подшоҳлари билан қандай муомала қилинганини ўргатади. Mусулмонлар нима сабабдан Бадр жангида ғалаба қозондилар, нима учун Уҳуд жангида мағлубиятга учрадилар, Аҳзоб куни қамалдан қандай қутилганларини ўргатади.
Сийрат ўрганишдаги амалий услуб:
Мисол: Бугун фалон мавзуни ўрганаман деб ўз олдига вазифа қилиб олиш лозим.
Тошкент вилояти Қибрай тумани
“Саъдулла ота” жоме масжиди
имом- хатиби,
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
“(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.
“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.
“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.
“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.
Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.
Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).
Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД