Бугун бутун дунё коронавирус “COVID-19” инфекциясига қарши кураш олиб боряпти. Тарихда турли касалликлар эпидемиясига қарши курашишда ҳар бир жамият вакили, айниқса, фаоллар иштироки, шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этган.
Жумладан, XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё ҳудуд (Тошкент – 1892 й., Самарқанд – 1898 ва 1916 йй., Бухоро амирлиги – 1892 й.)ларида вабо (холера), ўлат (чума) ва безгак (лихорадка) каби касалликлар эпидемиясига қарши курашда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда қозилар, оқсоқоллар ва бошқа маҳаллий ҳокимият вакиллари қатнашган.
1892 йили Тошкентда ва 1898 йили Самарқандда оммавий ўлимга сабаб бўлган вабо касаллигининг тарқалиши маҳаллий аҳолини саросимага солиб қўйган эди. Шу мудҳиш воқеаларнинг олдини олиш учун Бухоро амирлиги билан Россия империяси бу ҳудудларда карантин эълон қилиб, тегишли чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратгани ҳақида архив ҳужжатлари сақланиб қолган.
Ўзбекистон Миллий архиви ҳужжатларига кўра, Бухоро амири Абдулаҳадхон 1892 йил 5 июлда рус фельдшерларидан бири Станислав Сталевскийни Бухоро шаҳрида тарқалган вабога қарши курашиш учун таклиф қилган. Ўтган давр мобайнида фельдшер ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарган. Бухоро амири фельдшернинг хизматини юксак баҳолаб, 1893 йил 18 августда уни катта олтин медаль билан тақдирлаган.
Кўп ўтмай, 1898 йили Самарқанд вилоятининг Анзоб қишлоғида ўлат (чума) касаллиги эпидемияга айланган. Бу хабар бутун Россия империясини ваҳимага солган. Россия империясидан бу касалликни ўрганиш учун шифокорлар жўнатилади. Улар маҳаллий аҳоли орасида касалликка қарши кураш бўйича тушунтириш ишлари олиб боришади. Жумладан, 1899 йили Петербургдан тиббиёт фанлари доктори Ягодинский Самарқандга таклиф қилинади, у самарқандлик мударрис ва талабаларга юқумли касалликлар, хусусан, чума ҳақида маъруза ўқиб, унга қарши замонавий усулларда курашиш йўллари ҳақида маълумотлар беради. Унинг маърузаси ўзбек тилига таржима қилиб турилади. Бу Самарқанд мадрасаларида ўқилган биринчи маъруза эди.
Шундан сўнг тиббиёт доктори Ягодинский Бухоро мадрасаларига маъруза ўқишга келади. Дастлаб у қозикалонга бу маърузасини ўқиб беради, шундан сўнг унга мадрасада маъруза қилишга рухсат берилади.
1898 йили Самарқанднинг Анзоб қишлоғида тарқалган ўлат касаллигининг келиб чиқиш ўчоғини ўрганган шифокор Ягодинский маҳаллий уламолар билан учрашув ўтказган. У таржимон орқали уламолар билан суҳбатлашган. Баъзилар унинг гапларига ишонмаганлари боис Ягодинский уларга юқумли касалликларнинг тарқалишига сабабчи бўлган микробларнинг ҳужайраларини микроскоп ёрдамида кўрсатган.
Кўп ўтмай, Самарқанднинг Шердор мадрасасида қози ва муфтийлар билан 300 нафар мусулмон йиғилиб, юқорида зикр этилган масалани муҳокама қилишган. Уларга ҳар хил юқумли касалликлар одамларга пичоқ кесганда, игна кирганда ёки турли-туман таом истеъмол қилганда ёхуд ифлос сувларни ичгандагина эмас, балки кўзга кўринмайдиган ниҳоятда кичкина микроблар инсон баданига кириб қолиши сабабли тана ҳароратини ошиши (иситма) касали, ўлат ва вабо каби хасталанишларга олиб келиши тушунтириб берилган. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли шифокор Ягодинскийнинг тавсияларига қулоқ сола бошлаган.
Аммо Бухоро амирлиги аҳолиси улар учун ёт бўлган рус тиббиётини ишончсизлик ва эҳтиёткорлик билан қабул қилган. Хусусан, Миллий архив жамғармаларида сақланаётган фондда қозига келиб тушган юзга яқин маҳаллий аҳоли томонидан имзоланган мурожаатнома сақланади. Унда мурожаат этувчилар рус шифокорларининг вабо касаллигига қарши курашиш талабларини рўкач қилиб, туб аҳоли уйларига кириб келаётганидан норозиликларини билдирганлар. Қозилар эса, янги тиббий ва санитария талабларининг фойдасини аҳолига тушунтиришга уринганлари ёзилган.
Хулоса қилиб айтганда, шу кунларда бутун дунёда кузатилаётган оммавий касаллик “COVID-19” коронавирусининг юртимиздаги салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича” фатвоси эълон қилингани айни муддао бўлди. Зеро, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, инсоният учун зарарли бўлган ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олиш Ислом динимизнинг асл мақсадларидан биридир.
Насриддин МИРЗАЕВ,
ЎзХИА докторанти,ЎМИ Фатво бўлими ходими
#Сайёр_йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳаж мавсумида хурматли Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг ҳол-аҳволларини сўрадилар.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Шу ташаббус айни кунларда амалга кўчиб, ҳожиларимиз маҳаллаларга кириб, тинчлик ва маънавиятни тарғиб этмоқдалар.
Бугун, 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби раисликларида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Абдуқаҳҳор домла амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг тумандаги барча имом-хатиблар ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги 20 та маҳаллага чиқиб, юзга яқин хонадонга киришди.
Ажрим ёқасига келиб қолган бир оилага кирилиб, уларга ҳожилар зарур тавсияларни беришди. Оила бошлиқлари хато қилганларини англаб етдилар.
Тадбир доирасида жисмоний имконияти чекланган онахонга махсус аравача ҳадя қилинди. Онахон кўзидаги қувонч ёшлари билан шу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқаб, уларга миннатдорлигини изҳор қилди.
Эҳтиёжманд бир оилага замонавий телевизор ҳамда рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ёш оилага адабий-бадиий китоблар улашилди.
Кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олингани тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳожиларимизнинг хизмати беқиёс эканини кўрсатмоқда.
Аслида имом-хатибларимиз ҳар куни шундай хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Бугунга келиб бу иш тизимли ва кенг кўлам касб этиб, такомиллашиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари яна «Мулла Қосим» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаиг режаларни белгилаб олишди.
* * *
Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла «Мулла Қосим» жоме масжидида жамоатга «Шукроналик ва тинчликнинг қадри» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ўз ниҳоясига етди.
* * *
Эслатиб ўтамиз, кейинги шундай тадбир Сергели туманида ўтказилади.
Улашинг | @MuslimShosh