НАЗМ
Аввалғи муъман биҳнинг шарҳи
Будур иймон Худоға келтурмак,
ширк черигин замирдин сурмак,
Айтқил: “Ло илоҳа иллаллоҳ”,
Айт, маъносидин ҳам ўл огоҳ.
Калима ушбудур, муни тўхтат,
Демаги фарз бўлди бир навбат.
Яна мундин кейинки келгусидур,
Бу ақойидким, ул дейилгусидур.
Билғилу эътиқодни мунча туз
Жону кўнглунгда мундоғ ўлтурғуз –
Ким Худодур борни ҳаст эткан,
Еру кўки баланду паст эткан.
Билки, маъбуди босазо Улдур.
Жумлаи халқдин сизо Улдур.
Ҳар неким бордур, Ул яратқандур,
Ҳастлик жарчасига қотқандур.
Бирдуру йўқ шерик Анинг ишига,
Ўхшамас ҳеч ишта ҳеч кишига.
Эҳтиёжи кишига йўқтур Анинг,
Ёру ёвар ишига йўқтур Анинг.
(Бу мавзунинг давоми бор)
НАСРИЙ БАЁН
Ишониш шарт бўлган
биринчи нарсанинг шарҳи
(Иймоннинг биринчи шарти)
Аллоҳга иймон келтириш ва ширк лашкарини замирдан суриш шуки, “Ло илоҳа иллаллоҳ” (“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”) деб айтгил.
Айтгил-у, бунинг маъносидан ҳам огоҳ – хабардор бўл.
Иймон калимаси (Калимаи тоййиба – инсонни куфрдан покловчи калима) шудир, буни ёдингда сақлаб қўй. Бу калимани бир марта айтиш фарздир.
Яна бундан кейин келадиган нарса бу ақоиддир – эътиқод қилинадиган нарсалардирки, энди айтилади.
Эътиқодни шу қадар тўғри билиб ол ҳамда уни жон ва кўнгилда тўғри, маҳкам ўрнаштирки, бутун мавжудотни бор қилган, осмону ернинг бирини юксак, бирини паст қилиб қўйган зот Аллоҳдир. Балки, маъбуди босазо – ибодатга лойиқ ва муносиб бўлган зот Удир, барча халқдан – яратилмиш бутун махлуқотдан ўзгача, тенги ва ўхшаши, мисли ва мисоли бўлмаган зот Удир.
Нимаики бор бўлса, ҳаммасини У яратгандир ва борлик, мавжудлик қаторига қўшгандир. У бирдир, яккаю ягонадир ва Унинг ишигашерик йўқдир. Ҳеч бир ишда ҳеч бир кишига ўхшамайди. Унинг ҳечбир кишига эҳтиёжи йўқ (ҳожатсиз ҳожатбарордир); Унинг эши, жуфти, ёрдамчиси йўқдир (чунки бунга муҳтож эмасдир). (Бу мавзунинг давоми бор)
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази