






Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни Имом Шофеъий Имом Аҳмад ибн Ҳанбални зиёрат қилгани уйига борди. Иккиси кечки овқатни бирга егач, Имом Шофеъий унинг ҳужрасида эрталабгача ётиб қолди.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизи отасига: “Отажон, бу киши сиз бизга таърифлаб берган Имом Шофеъийми?” деб сўради.
Отаси: “Ҳа, қизим, шундай”, деди.
Қизи: “У кишига учта эътирозим бор. Сизга айтсам, етказиб қўясизми, отажон?” деди.
Отаси рози бўлгач, қизи бундай деди: “У кишининг олдига овқат олиб келганимизда кўп таом еди. Натижада ётганидан сўнг таҳажжуд намозига уйғонмади. Бомдод намозини эса таҳоратсиз адо қилди...”.
Имом Аҳмад Имом Шофеъийга қизининг гапларини айтди. Имом Шофеъий дарҳол жавоб берди: “Эй Аҳмад, чинданам мен кўп овқат едим. Чунки сахий инсонлар берадиган таомда шифо борлигини билардим. Бахилнинг таоми эса дарддир. Кечки намозга турмаганимнинг сабабига келсак, ухлаш учун бошимни ёстиққа қўйганимда кўз олдимга Қуръон ва ҳадис келди. Аллоҳ таолонинг изни билан ўйлаб ётиб, етмиш иккита фиқҳий масаланинг ечимини топиш насиб қилди. Шу ишим мусулмонларга кўпроқ манфаатли бўлади, деб таҳажжуд намозига турмадим. Сизлар билан бомдод намозини таҳоратсиз ўқиганимга келсак, Аллоҳга қасамки, кўзларимни юмиб ётганим билан икки кўзимга уйқу келгани йўқ, таҳоратим ҳам синмади. Хуфтон намозига олган таҳоратим билан бомдод намозини ҳам адо қилдим”, деб жавоб берди.
“Солиҳлар даврасида” китобидан олинди