Транспорт университети ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирокида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилишга бағишланган онлайн маърифий маъруза ташкил этилди.
Масофавий тарзда ўтказилган тадбирда Ҳомиджон Ишматбеков Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалалар белгилангани юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароит қилиб берилаётганини таъкидлади.
Йиғилиш иштирокчилари диннинг халқимиз маънавияти ва руҳиятига таъсири хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Маърифий маъруза мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши турадиган ёшларни тарбиялашга қаратилган.
Онлайн тадбир давомида Ҳомиджон домла иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Бу каби маърифий суҳбатлар талабалар хатти-ҳаракатига масъулият ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг республика ва халқаро майдонида фаолияти” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шавкатжон Хамдамов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Мусохон домла Аббосиддинов иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Мусохон домла Аббосиддинов иштирокчиларни меҳмонлар билан таништириб, ташрифнинг асосий мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. У кишининг таъкидлашича, бундай учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини бойитиш, амалиётдаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириш ва уларни масъулиятли йўлга рағбатлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Музаффар Камолов ўз маърузасида динимиз равнақи, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, битирувчи курс талабаларига қаратилган қимматли тавсиялар ҳам берилди. У киши талабаларга амалиёт давомида бириктирилган масжидларда холис ният билан, виждонан ва масъулият билан хизмат қилиш, бу хизматни Аллоҳ розилиги учун адо этиш кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Шавкатжон Хамдамов мамлакатимизда сўнгги йилларда диний соҳа ва халқаро алоқалар йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидига кўра: Диний идоранинг халқаро нуфузи юксалиб бормоқда, бир қатор нуфузли ташкилотлар билан янги меморандумлар имзоланмоқда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирда 5 та йирик халқаро ташкилотга аъзо, шунингдек, Муфтийлар кенгашининг ҳам тўлақонли аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шавкатжон Хамдамов бу имкониятлар диний соҳамизга берилган катта эътибор ва ишонч белгилари эканини, уларни қадрлаш ва масъулият билан ишлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонларнинг эзгу фикр ва тавсиялари ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, билимли, халол ва виждонли диний соҳа ходими бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.
Таълим муассасаси Матбуот хизмати