Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2026   |   8 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:13
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2026, 8 Рамазон, 1447

Амир Темур саройидаги тўй, испан элчисининг таассуротлари

13.10.2020   3274   3 min.
Амир Темур саройидаги тўй, испан элчисининг таассуротлари

Кун тарихи 

Ватанимиз тарихидаги 13 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

 

1398 йил (бундан 622 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темур қўшинлари Таламба шаҳри яқинида тўхтади (У Мўлтондан қарийб 100 километрча шимоли-шарқда, Рови дарёсининг чап соҳилида жойлашган шаҳар). Тарихчи Низомиддин Шомий ўз асарида бу шаҳарнинг номини Талмина шаклида қайд этган. Тарихчи олим Люсьен Кэрэннинг маълумот беришича, Амир Темур дарёни кечиб ўтганидан сўнг биринчи бўлиб Таламба шаҳрини ишғол этган. Бу жараёнда у зоти шарифлар (пайғамбар авлодлари), аҳли илм ва уламога ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг мол-мулкини ҳимоя остига олган.

 

1404 йил (бундан 616 йил олдин) – Амир Темур саройига ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ўз кундаликларида ёзишича, шу куни Соҳибқирон яна бир катта тўй бошлаб, унга элчиларни ҳам таклиф этди. Маросим ўтказилган жойдаги иккита саропарда элчининг эътиборини ўзига тортган. Элчилар шунингдек, Амир Темурнинг суюкли набираси Пирмуҳаммад ибн Жаҳонгир Мирзони табриклаш учун ҳам таклиф этилади. Соҳибқирон ўзи қарийб етти йил кўрмаган набирасини Самарқандга чақиртирган эди.

 

Амир Темур сидқидилдан яхши кўрган “йигирма икки ёшлардаги (аслида бу вақтда Пирмуҳаммад йигирма саккиз ёшда бўлган), соқоли унча ўсмаган, қорачадан келган” темурий шаҳзода Пирмуҳаммадни Клавихо шундай тасвирлайди: “Подшоҳнинг невараси Пирмуҳаммад миллий удумга биноан жуда яхши кийинган эди. Устида кўк беқасам яктак, яктакнинг икки елкаси, кўкраги ва енгларига биттадан зарҳал ҳалқа тикилган. Бошидаги қалпоғи йирик марварид ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган, қалпоқнинг тепасига қадалган лаъл ёниб турарди. Ҳузурида ҳозир бўлган кишилар уни жуда тантанавор тарзда муборакбод этардилар”.

 

1934 йил (бундан 86 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ёзувчилар қўмитасининг қўшма мажлиси бўлди. Унда Садриддин Айний ҳамда Абдурауф Фитрат форс-тожик шоири ва мутафаккири Абулқосим Фирдавсийнинг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди. Кечада Мақсуд Шайхзода ва Титов ўз таржималарида “Шоҳнома”дан парча ўқиди.

 

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди.

 

1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкентда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган “Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида Халқаро илмий конференция очилди.

 

2008 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

2009 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 34 моддадан иборат.

 

2014 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазон кечалари ўқиладиган набавий дуолар

23.02.2026   7756   2 min.
Рамазон кечалари ўқиладиган набавий дуолар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳим, тутган рўзаларимизни, ўқиган Қуръонларимизни, зикру салавот, тасбеҳларимизни, таровеҳ намозларимизни қабул қилгин! Бизга Ўзингнинг суҳбатингни насиб қилгин, бизга дунё ва охират яхшиликларини бергин, бизни ҳидоят қилгин, тавбаларимизни қабул қилгин, бизга раҳм қилгин, бизни Ўзингнинг йўлингда, Ўзинг учун уйғотгин.

Аллоҳим, аъзоларимизни ибодатинг билан, қалбларимизни маърифатинг билан машғул қилгин. Бизни ўтган солиҳ бандаларингга эргаштиргин, уларга насиб қилган неъматларингни бизга ҳам насиб қилгин, уларга омонлик берганингдек, бизга ҳам омонлик бергин, хотиржамлик бергин!

Аллоҳим, дунё ва охиратда Ўзингнинг назарингни насиб қилгин, қалбларимизни лаззатлантиргин, бизни Ўзинг рози бўладиганлардан қилгин!

Барча ҳолатларимизда нифоқдан узоқ қилгин. Раҳбарларимизни ҳақ йўлда бардавом қилгин, қалбларимизни ислоҳ қилгин, ҳожатларимизни раво қилгин, айбларимизни яширгин, ғофиллардан қилиб қўймагин, бизга илҳом бериб, тўғри йўлларга йўллагин. Нафсларимизни ёмонликлардан асрагин, бизни Ўзингнинг зикринг, шукринг ва гўзал ибодатингга илҳомлантиргин, фазлу раҳматинг ила дуоларимизни қабул қилгин!

Қалбларимизни поклаб, ишларимизни осон қилгин, дунёю охиратдаги ғамимиз Сенга қурбат ҳосил қилиш бўлсин. Аллоҳим, бизларни амал қилувчилардан қилиб, дунёю охиратимизни обод қилгин! Шукрли қалб, зикрли тил бергин! Бу дунёда илм ва амал, охиратда жаннату жамол насиб қилгин!

Аллоҳим, эй кўзлар кўра олмас, ақллар идрок эта олмас, дунё ҳодисалари ўзгартира олмас, дунё мусибату балолари андишага сола олмас Зот! Сен тоғларнинг оғирлигини, денгиз сувларининг миқдорини, ёмғир томчиларининг саноғини, дарахт япроқларининг ададини, кеча қоронғилиги қорайтирган ва кундуз нури ёритган барча нарсаларни биласан! Ҳеч бир осмон бошқа осмонни, ҳеч бир ер бошқа бир ерни, ҳеч бир денгиз унинг тубидагиларни, ҳеч бир тоғ унинг жойидагиларни кўришингга тўсқинлик қила олмайди! Умримнинг энг хайрли пайти унинг охири бўлсин, амалимнинг энг яхшиси сўнгги амалим бўлсин, Сенинг ҳузурингга борган куним кунларимнинг энг хайрлиси бўлсин!

Аллоҳим, Сендан «Аллоҳ» исминг билан, «Рохман» исминг билан, мен билган-билмаган барча исмларинг билан мени мағфират қилишингни, менга марҳамат кўрсатишингни сўрайман.

Субҳана Роббиял Алийюл Аълал Ваҳҳоб! Ё Ваҳҳоб, ё Аллоҳим, Сени зикр қилишим учун, шукр қилишим учун, гўзал ибодат қилишим учун ёрдам бергин! Яна кўп Рамазон рўзаларини тутиб, таровеҳлар ўқиб, ҳайитларни байрам қилишимизни насиб этгин!

Ё ғиясул мустағийсин, ё Зал жалоли вал икром, ё акромал акромин!

«Моҳи Рамазон муборак» китобидан