بسم الله الرحمن الرحيم
إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ (١)
وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا (٢)
فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا (٣)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
«(Эй Муҳаммад!) Қачонки Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи Зотдир» (Наср сураси).
Суранинг аввалида “ан-Наср” сўзи келгани учун, “Наср”, яъни ғалаба деб номланган. Наср улкан ғалаба, Маккаи мукаррама фатҳидир. Бундан ташқари, суранинг “Тавдийъ” – «видолашув» деган номи ҳам бор.
Мадинада нозил бўлган бу сурада Макканинг фатҳ этилиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишлари, Араб яриморолида Ислом динининг ёйилиши, ширк ва санамларнинг йўқ бўлиши билдирилган.
Шунингдек, бу сурада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари яқинлашгани ҳақида хабар ва Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилган.
Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда: “Наср сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенгдир”, дейилган.
Имом Насоий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо менга: “Қуръондаги охирги нозил бўлган сурани биласанми?” деганида, мен: “Ҳа, биламан, у “Иза жаа а-насруллоҳи...” сурасидир”, дедим, у зот: “Тўғри айтдинг”, дедилар».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтади: “Умар ибн Хаттоб мени Бадрда иштирок этган катта ёшли кишилар билан бирга (ҳузурларига) киритар эдилар. Бундан уларнинг баъзилари таажжубланишар эди. Кунларнинг бирида уларни ҳузурларига чақиртириб, мени ҳам улар билан бирга таклиф қилдилар. Буни фақат (кичик бўлсам ҳам) қандай эканимни кўрсатиш учун қилганлар, деб ўйладим. У куни Умар ибн Хаттоб: “Иза жаа а-насруллоҳи валфатҳу...” сураси ҳақида нима дейсизлар, деб улардан сўрадилар. Улардан баъзилари: “Агар ғалаба қозониб, бизга зафар берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишимизни буюрган”, дейишди. Баъзилари ҳеч нарса дейишмади. Умар ибн Хаттоб мендан сўради: “Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?” Мен: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда нима дейсан?” дедилар. Мен: “У Расулуллоҳнинг ажалларидир. Аллоҳ таоло у зотга билдирган”, дедим. Яъни, “Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса, мана шу ажалингиз аломатидир. Парвардигорингизга ҳамд айтинг ва Ундан мағфират сўранг. Зеро, У тавбаларни қабул қилгучи Зотдир”. Ҳазрат Умар: “Мен ҳам сен айтган нарсанигина биламан холос”, дедилар».
«(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида...»
Оятдаги “Аллоҳнинг нусратида”дан мурод шуки, албатта, нусрат Аллоҳ томонидан бўлади. Нусрат, мадад ва ғалаба У зотдан бошқа бирор махлуққа муносиб эмас. Фақат Унинг ҳикмати билан амалга ошади. Шунинг учун бу нусрат улуғланмоқда. Яъни, у ҳақиқатда воқе бўлувчидир.
Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ва Имом Насоийлар Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан қилган ривоятда келтирилишича, “Иза жаа а-насруллоҳи...” нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг жоним (тез кунларда) вафот этиши ҳақида хабар берилмоқда. Мана шу йил жоним узилади”, дедилар».
«...одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда...» Яъни, араб ва бошқаларни сизга юборилган динга жамоат-жамоат бўлиб киришаётганининг шоҳиди бўлсангиз... дейилмоқда. Чунки дастлаб инсонлар битта-битта ёки иккита-иккита бўлиб динга киришар эди. Бора-бора қабилалар ёппасига Исломни қабул қиладиган бўлди.
«...дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи Зотдир». Яъни, агар Макка фатҳ этилиб, Ислом кенг қулоч ёйса, Аллоҳнинг сизга берган неъматлари шукрига намоз ўқинг ва У зотга ҳамд ва тасбеҳ айтинг.
Бу ерда ҳамд ва тасбеҳ ораси бирлаштирилмоқда. Чунки нусрат ва фатҳ Аллоҳга ҳамд айтишни тақозо этади. Бу Аллоҳнинг улуғ фазли ва марҳаматидир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан қилган ривоятда айтилишича: “Иза жаа а-насруллоҳи вал фатҳу” сураси нозил бўлгандан кейин Расулуллоҳ намоз ўқийдиган бўлсалар, албатта, унда “Субҳанака роббана ва биҳамдика, Аллоҳуммағфирлий”, дер эдилар.
Сурадан ўрганганларимиз:
Аллоҳ таолонинг ҳар бир неъматига мос равишда шукр, ҳамд ва ва сано айтиш шарт. Аллоҳнинг Набийи алайҳиссаломга ва у зотнинг умматига энг катта неъматларлардан бири душманлари устидан нусрат ва ғалаба берилгани ҳамда мусулмонлар қибласи, Каъба ёки Байтул-ҳаром, Макканинг фатҳ этилишидир.
Аллоҳ таоло бу улуғ неъмат – Макка фатҳига яна бошқа бир неъматни қўшиб бердики, у ҳам бўлса араблар ва бошқаларнинг Ислом динига жамоат-жамоат бўлиб киришларидир. Бу нарса Макка фатҳ этилганида содир бўлди.
Араблар: “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарам аҳли устидан ғалаба қозонсалар, бирор куч ёрдам бера олмайди. Аллоҳ Ҳарам аҳлини фил соҳиблари (Абраҳа қўшинлари)дан омонда қилган эди”, дейишар эди.
Бас, улар тўп-тўп бўлган ҳолда Исломни қабул қилишди.
Аллоҳ таоло бу сурага Ўзи учун кўп намоз ўқиб, тасбеҳ айтиб, зафар ва фатҳлар пайти Аллоҳга ҳамд айтиш, зикрда бардавом бўлиб, мағфират сўрашни буюриш ила хотима ясамоқда. Чунки Аллоҳ таоло тасбеҳ ва истиғфор айтувчи бандаларининг тавбаларини қабул этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъсум (гуноҳлардан йироқ) бўлишларига қарамай, истиғфор айтишга буюрилмоқда. Демак, умматларига ҳам бу нарса жуда зарур экани ойдинлашади.
Имом Муслим Ойша онамиздан ривоят қилади. «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтардилар. Шунда мен: “Ё Аллоҳнинг расули, Сиз, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаётганингизни кўрмоқдаман”, десам, у зот: “Раббим менга тез орада умматим орасида ажойиб нарсаларни кўришимнинг хабарини берди. Агар ўша аломатни кўрсам, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаман. Ҳақиқатан, мен уни Наср сурасида кўрдим. У Макканинг фатҳ этилиши ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришларидир», дедилар.
Аллоҳ ҳузурида ҳақ дин Исломдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 19-оятида: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир» ва яна шу суранинг 85-оятида: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг дини Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир», деб огоҳлантирган.
Аллоҳ таоло аввал тасбеҳ, кейин ҳамд, сўнгра истиғфор айтишга буюрди. Саҳобалар бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари хабарини берувчи эканига иттифоқ қилишди. Ривоят қилинишича, бу сура нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба айтиб: “Албатта, бандага Аллоҳ дунё билан охиратга йўлиқиш орасида ихтиёр берди. Банда Аллоҳга йўлиқишни ихтиёр қилди”, деганлар.
Тафсир китоблари асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш ва ибодат ойи эмас, балки оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун энг қулай даврдир. Ушбу муборак ойда оилавий муҳитни яхшилаш, фарзандларни тарбиялаш ва бир-бирига меҳр кўрсатиш имкони янада ошиб, жамоавий ибодат ва бирдамлик ҳисси кучаяди.
Рамазон – шукр, сабр ва саховат ойи бўлиб, айнан шу фазилатлар оилада муҳаббат ва илиқ муҳитни шакллантиради. Қуйида Рамазонда оилавий муҳитни мустаҳкамлаш йўллари ва уларнинг исломий ҳамда илмий асослари ҳақида батафсил маълумот берилади.
1. Биргаликда ифторлик ва саҳарлик қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Одамнинг эрталаб ва кечки овқатини бирга ейиши – баракадир" (Имом Муслим ривояти).
Ҳар куни бир дастурхон атрофида жам бўлиб овқатланиш оила муносабатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда иш, ўқиш ва бошқа мажбуриятлар туфайли бу доимий амалга ошмайди. Бироқ Рамазон ойи буни одатга айлантириш учун ажойиб имкониятдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ифтор ва саҳарликни барча оила аъзолари биргаликда тайёрлаши лозим.
Болаларни кичик вазифаларга жалб қилиб, уларни жамоавий ишга ўргатиш.
Ифтордан аввал дуолар ўқиш ва оилавий маънавий суҳбатлар ўтказиш.
2. Биргаликда ибодат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи ибодатга эътиборни кучайтириш учун энг мос вақтдир. Оила аъзолари биргаликда намоз ўқиши, Қуръон тиловати қилиш ва диний суҳбатлар уюштириши – уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Камида бир вақт намозни биргаликда ўқиш.
Қуръон ўқишга ва дуоларни ёдлашга рағбатлантириш.
Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ёки уйда ўқиш.
3. Оилавий сабр ва қаноатни ривожлантириш.
Қуръонда бундай марҳамат қилинади: "Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади" (Зумар, 10).
Рўза – сабр ва шукрни шакллантирадиган энг муҳим ибодатлардан биридир. Оила аъзолари Рамазон ойида ўзларини тарбиялаб, сабрни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришлари лозим.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Келиб чиққан муаммоларга хотиржам ва сабр билан ёндашиш.
Фарзандларни сабрга ўргатиш учун уларга кичик вазифалар бериш (масалан, бир ҳафта давомида ҳар куни дуоларни ёдлаш).
Рамазонда сабр ва қаноат ҳақида оилавий суҳбатлар ташкил этиш.
4. Саховат ва меҳрибонликни кучайтириш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Энг яхши одам – оиласи учун энг яхшисидир" (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойи – саховат ва меҳр-муҳаббат ойидир. Оилавий муҳитни яхшилашнинг энг яхши усулларидан бири – бир-бирига ва бошқаларга саховатли бўлиш, муҳтожларга ёрдам беришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Биргаликда хайрия ишларини амалга ошириш.
Фарзандларга садақа қилиш одатини ўргатиш.
Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон ва самимий муносабатда бўлишлари керак.
5. Оилавий анъаналарни шакллантириш оилани бирлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири – Рамазон ойида биргаликда амалга ошириладиган анъаналарни шакллантиришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ҳар куни ифтордан кейин оилавий ҳикоя ёки тажриба алмашиш одатини жорий қилиш.
Фарзандлар билан Рамазон тақвими тузиш ва уларнинг ибодатини кузатиб бориш.
Рамазон охирида оилавий йиғилиш ўтказиб, йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган яхши ишларга режа тузиш.
Рамазон оила аъзоларини бирлаштириш, меҳр-муҳаббатни кучайтириш ва умумий диний муҳитни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир. Ифтор ва саҳарликни бирга қилиш, ибодатни жамоавий адо этиш, сабр ва қаноатни шакллантириш, саховат ва меҳрибонликни ривожлантириш, шунингдек, оилавий анъаналарни яратиш орқали оила муносабатларини мустаҳкамлаш мумкин.
Рамазон – фақатгина рўза ойи эмас, балки оилани мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг гўзал даврдир. Шундай экан, бу муборак ойда оила муҳитини янада илиқ ва самарали қилишга ҳаракат қилайлик!
Осимхон Муҳиддинов