Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирон ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, бошқатдан учириб кўришар эди.
Афсуски, ҳозир ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб туради. Бу гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. У ойда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа эзгу амаллар бошқа ойлардагидек қабул бўлади. Сафар ойида ҳам тўй ва маросимлар қилиш, сафар қилиш мумкин.
Тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги масжидларини сафар ойида қурганлар. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Бу ойга “яхшилик ойи” деб ном берганлар.
Демак, инсон ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши керак. Ҳақ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир” (Бақара сураси, 233-оят), дея марҳамат қилган.
Дарвоқе, гўдак соғлом униб-ўсиши учун зарур бўлган барча озиқ моддаларни Аллоҳ таоло она сути таркибига жойлаб қўйган. Она сути таркибидаги микроэлементлар миқдори гўдак танасидаги эҳтиёжга кўра кўпайиб ё камайиб туради. Айниқса, гўдак олти ойлик бўлгунга қадар унинг озиқага бўлган эҳтиёжи фақат она сути ҳисобига таъминланади.
Ноёб хусусиятлари
1. Микроблар тушиш эҳтимоли мавжуд эмас.
2. 36–37 даражада бўлиб, боланинг тана ҳароратига мувофиқ.
3. Ошқозонга аста-секин ва оз-оздан тушади, таркибий қисми тўла ҳолда парчаланмай сўрилади.
4. Таркибида юқумли касалликлардан ҳимояловчи иммун таначалар ҳамда ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар бор.
Кўпайиши учун
Абу Али ибн Сино эмизикли аёлнинг сути кўпайиши учун, энг аввало, унинг асаби тинч бўлиши ва кўп ухлаши кераклигини айтган. Яна сут кўпайиши учун эмизикли аёллар сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишлари зарур. Сутни ширчой қилиб, ичига ёғ ёки ёнғоқ солиб ичиш жуда фойдали. Эмизишдан 20 дақиқа олдин, албатта, бирор-бир суюқлик ичиш зарур. Кунда камида икки маҳал иссиқ суюқ овқат истеъмол қилишга одатланиш ҳам она сутини кўпайтиради. Гуручли таомлар, айниқса, палов ҳамда мошли таомлар она сутини кўпайтириш хусусиятига эга.
Она сути билан озиқланган болалар ҳар томонлама яхши ривожланади. Рахит, камқонлик, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши каби хасталиклар уларда деярли кузатилмайди. Шунга қарамай, кейинги йилларда оналар ҳар хил сабабларга кўра фарзандларини сунъий озиқлар билан улғайтирмоқда. Баъзилари меҳнат фаолиятидан ажраб қолмаслиги, айримлари қоматларини сақлаб қолиш мақсадида... Сути йўқлиги ё яроқсизлиги сабаб бўлаётганлари озчиликни ташкил этади.
Зиёд Саҳмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (болани) эси паст аёлга эмизишдан қайтардилар (албатта, сут эгасига ўхшайди)” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадис чақалоқларни сунъий озиқлар билан боқишдан ҳам қайтаради. Чунки у таркиби, озиқавийлиги, жисмоний ва руҳий саломатликка кўрсатадиган таъсири жиҳатидан эси паст онанинг сутидан кўра болага зарарлироқ.
Сунъий сутнинг оқибати
Она сутининг мўъжизавийлик хусусиятлари билан сунъий сут ва бўтқалар таркиби солиштирилиб ўрганиб чиқилган. Тадқиқотлар натижасидан биттасини келтириш кифоя: она сути таркибида қанднинг 150 тури мавжуд. Маълум бўлишича, мазкур қанд моддалари ҳазм жараёни ва кейинги жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Сунъий сутларнинг бирортасида бу кўрсаткич бир ёки икки турдан ортиқ эмас. Сунъий озиқалар кунда-кунора болаларда қабзият пайдо қилади. Кўп ҳолларда буни бартараф этиш учун кимёвий дорилар қўлланади.
Она сути – Аллоҳ томонидан гўдаклар учун яратилган табиий-фитрий офият қўрғони. Ана шу мўъжизакор сутдан узрсиз фойдаланмаслик эса Яратган томонидан берилган имкониятдан воз кечиш демак.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси
(“Мўминалар” журнали 2024 йил 5-сон )