Келиб чиқиши жазоирлик бўлган Квебек университети талабаси Линда Алиан халқаро эътирофга сазовор бўлган компьютер тизими хавфсизлигининг янги моделини ишлаб чиқди.
Ислам.ру хабарига кўра, магистр даражасини олиш доирасида Линда ҳар қандай компьютер тизимига кириш назоратни таъминлайдиган хавфсизликнинг янги моделини ишлаб чиқиш уддасидан чиқди. Бу ҳижобдаги талабанинг биринчи бундай ютуғи эмас. Аввалроқ, унинг Science Direct платформасида чоп этилган илмий мақоласи тармоқлар ва коммуникацияларнинг келгуси ривожланиши бўйича ўн тўртинчи халқаро конференция мукофоти билан тақдирланди. Унинг иши Springer Journal of Ambient Intelligence ва Humanized Computing халқаро илмий журналларда ҳам чоп этилди.
HoBAC аббревиатураси остидаги модель ҳар қандай компьютер тизимининг рақамли активларини рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази