Бугун, 16 сентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Тест жараёнларини Давлат тест маркази олиб бормоқда.
Айни пайтда юртимиздаги мавжуд 10 та мадрасадан 8 тасида, яъни Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ал-Беруний”, Андижондаги “Саййид Муҳйиддин Махдум”, Намангандаги “Ҳидоя”, Бухородаги “Мир араб” ва “Жўйбори калон”, Хоразмдаги “Фахриддин ар-Розий”, Сурхондарёдаги “Имом Термизий”, Қашқадарёдаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
Тошкентдаги “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртларида эса имтиҳон ўтказилгани йўқ. Уларда имтиҳон эртага, 17 сентябрда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили бўйича қуйидаги фанлардан қабул имтиҳонлари ўтказилади:
- 1-блок “Чет тили” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
- 2-блок “Тарих” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.
Қабул имтиҳонлари тест синови шаклида ўтказилади.







Мадрасаларга қабул имтиҳонлари тафсилотини сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузуридаги Республика ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида мутахассислар учун “Электрон кутубхона маълумотлар базасини шакллантириш ва фойдаланиш асослари” мавзусида онлайн ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотлар давомида электрон каталоглар билан ишлаш, кутубхона фондларини рақамлаштириш, ноёб ва қимматли манабаларни сақлаш, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий ва хорижий маълумотлар базаларидан фойдаланиш бўйича муҳим билим ва кўникмалар берилди.
Шунингдек, соҳада қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича иштирокчилар батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Ўқув курслари якунида Республика ахборот-кутубхона маркази директори Асқар Газиев томонидан тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур тадбир ахборот-ресурс марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва замонавий электрон кутубхона хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎМИ Кутубхона бўлими