Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Март, 2025   |   19 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:28
Пешин
12:36
Аср
16:46
Шом
18:37
Хуфтон
19:50
Bismillah
19 Март, 2025, 19 Рамазон, 1446

2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

06.09.2020   4909   3 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 111–112 ОЯТЛАР

وَقَالُواْ لَن يَدۡخُلَ ٱلۡجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ تِلۡكَ أَمَانِيُّهُمۡۗ قُلۡ هَاتُواْ بُرۡهَٰنَكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ١١١

111. Улар: "Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди", дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар", денг.

Ислом дини эътиқод борасида ҳамма нарсани тасдиқлайверадиган, далил-ҳужжатларсиз ишонаверадиган хурофотчиларни ҳам, ҳис ортидаги барча нарсани инкор этадиган, фитрат овозига, ақл нидосига ва мўъжиза даъватига қулоқ солмайдиган моддапарастларни баравар рад этади. Ислом чин имонга, асл эътиқодга чақиради, лекин қатъий далил ёки ишончли ҳужжат бўлсагина. У бундан бошқасини рад этади ва хурофот деб ҳисоблайди. "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар" Исломнинг шиоридир. Ислом қалблардаги фитрат овозини бўғиб, бошлардаги ақл мантиғини тан олмай илоҳни инкор этган динсизларни ҳам, "илоҳ"ларининг саноғи бўлмаган, ҳатто қўй-сигирларга сиғинадиган, санаму тошларга ибодат этадиган бутпарастларни баравар қоралайди. Ислом шериксиз, туғмаган ва туғилмаган, ягона Илоҳга имон келтиришга чақиради.

بَلَىٰۚ مَنۡ أَسۡلَمَ وَجۡهَهُۥ لِلَّهِ وَهُوَ مُحۡسِنٞ فَلَهُۥٓ أَجۡرُهُۥ عِندَ رَبِّهِۦ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ١١٢

112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.

Ҳақиқатан куфр ва ширкни тарк этиб, Аллоҳ таоло тарафига юзланган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан четланган, яхшиликлар ва солиҳ амаллар қилган саодатманд кишиларнинг дунё ва охиратдаги мукофотини Парвардигор тўкис қилиб беради. Қиёмат куни гуноҳкор ва осийлар ҳисоб-китоблари қандай бўлиши, дўзах ё жаннатга киришларини билолмай, даҳшат ичида сарсон ва ҳайрон бўлиб туришганида имонли кишиларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар оқибатларини ўйлаб ғам-андуҳ ҳам чекишмайди.

Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Сафарда суннат намози ўқиладими?

17.03.2025   1998   5 min.
Сафарда суннат намози ўқиладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ислом шариати – энг гўзал ва енгиллик динидир, Бошқа шариатлардан фарқли равишда ўзига хос жиҳатларидан бири ҳам мусулмонларга енгиллик ўлароқ баъзи ўринларда рухсатлар ва енгилликлар берилганидир. Биргина намознинг ўзида бетоб ва узрли кишилар, қариялар ва мусофирларга нисбатан қатор енгилликлар мавжуд. Унга кўра мусофир кишилар тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъатга қисқартириб ўқишлари жоиз экани оят ва ҳадислар билан собит бўлган. Аммо фарз намозларига тобе бўлган равотиб суннат намозлари ҳам сафарда ўқилиш, ўқилмаслиги борасида ихтилофли қарашлар мавжуд.

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларининг бу борадаги фикрларини келтириб ўтамиз:

"Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий мазҳаби устидан танқидлар кўпайганда, "бу мазҳабнинг гаплари далилсиз, ҳадисга суянмаган, фикрга суянган нарса кабидир", деган бўҳтону туҳматларга раддия қилиш учун катта бир илмий жасорат кўрсатиб, фиқҳ бобларининг ҳаммасида ҳанафий мазҳабининг барча ҳукмларига оят ва ҳадислардан далилларни тўплаб келтирган буюк олим ҳисобланадилар. Мана шу китобда "Сафарда татоввуъ, яъни фарз бўлмаган намозларни ўқиш тўғрисидаги бобда биринчи бўлиб Имом Термизий Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис келтирилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн саккиз марта сафар қилдим. Ана шу сафарим давомида у Зотнинг қуёш қиёмдан оғгандан кейин, пешиннинг фарзини ўқишдан олдин икки ракъат суннат ўқишни бирор марта тарк қилганларини кўрмадим".

Расули Акрам алайҳиссалом билан бирга ўн саккиз марта сафарда бўлган саҳобий ул Зоти шарифнинг суннат ўқиганликларини айтган бўлсалар-у, "сафарда суннат ўқишлик гуноҳ, ўқимаслик эса суннат" дейишлик нодонлик ва жоҳиллик эмасми?!

Ҳанафий мазҳабида мўтабар ҳисобланган "Оламгирия" китобида бу ҳақида шундай дейилади:

"Суннат намозлар қаср қилинмайди. Баъзи уламолар мусофир суннатни тарк қилишини жоиз ҳисоблаганлар. Лекин мухтор қавлга кўра суннатларни хавф ҳолатидагина ўқимайди, аммо хотиржамлик ва барқарорлик ҳолатларида суннатни бажо қилади".

Юқоридаги фикр ва далиллардан умумий хулоса ясайдиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг деярли барча имомлари – Ҳанафийлар, Шофеий, Ҳанбалий ва Моликийлар ҳам сафарда роитиба суннат намозларини ўқиш афзаллигини таъкидлайдилар. Бу фақат жоиз бўлибгина қолмай, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари – суннатларидир. Бу борада ихтилофлар чиқариш У Зот алайҳиссаломнинг шафоатларидан умидвор бўлган мусулмоннинг иши эмас.

Ҳанафий мазҳабининг яна бир мўтабар манбаларидан бири, Иброҳим Ҳалабийнинг "Ҳалабийи Кабир" деб аталадиган машҳур асарида қуйидагича ибораларни кўришимиз мумкин:

يرخص للمسافر ترك السنن على قول البعض. و قال: الفضل لا يرخص. و فى المبسوط لشمس الأئمة لا قصر فى السنن و تكلموا فى فضل. و قال الهندوانى الفعل افضل حالة النزول و الترك فى حالة السير. انتهى. و هذا الأعدل اذا لم تكن مشقة حالة النزول. و قد تقدم عن ابن عمر انه قال:"لو كنت مسبّحا لـأتممت". و قال هشام: "رأيت محمدا كثيرا لا يتطوع فى السفر قبل الظهر و لا بعدها، و لا يدع ركعتي الفجر و المغرب، و ما رأيته يتطوع قبل العصر و لا قبل العشاء". كذا فى شرح الهداية للسروجى.

"Мусофир учун баъзиларнинг қавлига кўра суннатларни тарк қилишга рухсат берилади, фазл жиҳатидан рухсат берилмайди деганлар ҳам бор. Шамсул Аимма "Ал-Мабсут" да: "Суннатларда қаср қилинмайди, унинг фазилати борасида уламолар гапириб ўтганлар" дейилган. Ал Ҳиндувоний: "Сафарда бирор жойга бориб тушган ҳолатда суннатларни қилиш афзал, йўлда кетаётган ҳолатда эса тарк қилиш яхши" деган. Бирор жойга бориб тушган ҳолатда машаққат бўлмаса, демак, мана шу фикр адолатлироқдир. Ибн Умардан келган бир ривоятда, "Агар суннат ўқийдиган бўлсам, фарзларни тўла ўқирдим" деган. Ҳишом айтади: "Муҳаммад (Ибн Ҳасан Шайбоний)ни кўп бора кўрганманки, сафарда пешиндан олдин ҳам, кейин ҳам нафл (яъни, суннат) ўқимасди. Лекин бомдод ва шомнинг икки ракъат (суннат)ини тарк қиламасди. Асрдан олдин ҳам, хуфтондан аввал ҳам нафл ўқиганини кўрмаганман.

Ушбу иборалардан маълум бўладики, сафарда суннат намозларини тарк қилишга рухсат берилган бўлсада, фазилат жиҳатидан уларни ўқишликда ҳам гуноҳ йўқ.

Ҳилола ИСМОИЛОВА,
4-курс талабаси