Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2026   |   18 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:03
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2026, 18 Шаъбон, 1447

Ашуро қандай кун ва ўша куни нима қилиш керак?

20.08.2020   16669   5 min.
Ашуро қандай кун ва ўша куни нима қилиш керак?

Бугун, 20 август ҳижрий 1442 йил Муҳаррам ойининг биринчи куни. Ушбу ойнинг Ашуро куни, яъни 10-куни (30 август) кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Бу ҳақда тарих китобларида батафсил маълумот берилган. Шу ўринда уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:

  1. Одам алайҳиссалом жаннатда тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйганлари сабаб, гуноҳкор бўлганлар ва ер юзига туширилганлар. У зот қилган ишларига қаттиқ пушаймон бўлиб, тинимсиз истиғфор айтганлар, тавба қилганлар. Аллоҳ таоло Ашуро куни тавбаларини қабул қилган.

Бу тўғрида Қуръони Каримда марҳамат қилинади: Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ашуро куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари Жудий тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида бундан кейин ҳар йили шу куни рўза тутганлар» (Имом Аҳмад ривояти).
  2. Намруд алайҳи лаъна Иброҳим алайҳиссаломни ёқиб юбориш учун катта гулхан ёқиб, манжаниқлар воситасида у зотни оловнинг устига улоқтирган. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан олов гулзорга айланиб, Халилуллоҳга заррача зиён етмасдан омон қолганлар.
  3. Золим Фиръавн ва унинг навкарлари Мусо алайҳиссалом ҳамда Бану Исроилга кўп азоб берган. Улар зулмдан қочиб кетаётганларида, душманлар ортларидан қувган. Аллоҳ талонинг инояти билан Мусо алайҳиссалом ва Бану Исроил эсон-омон сувдан ўтиб олган. Фиръавн ва унинг аскарлари эса сувга ғарқ бўлган.
  4. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: Бу нима? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсизлар?)”, деб сўрадилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бану Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар”, деб жавоб беришди. Шунда у зот: Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Энг аҳамиятлиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганлар. Бу нарса биз учун суннатга айланган. У зот умматларини рўза тутишга ундаганлар, қизиқтирганлар. Умматлар учун ўз Пайғамбарининг суннатларига эргашиш саодат, фазилат, барака ва нажотдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).

Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.

Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейин яшаб ўтган мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўза тутишган. Биз ҳам солиҳларнинг йўлларига эргашишга буюрилганмиз. Улар биз учун йўлчи юлдуз, нурли чироқдир.

Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани, яъни ўша куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.

Уламолар Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.

Жамоат аҳлига эргашган, уларнинг йўлидан юрганлар асло кам бўлмайдилар, надоматда қолмайдилар, ҳасрат чекмайдилар, зиён кўрмайдилар. Тутган ҳар бир куни рўзаси учун улкан савобларни қўлга киритадилар, тоғдек-тоғдек гуноҳлари дув-дув тўкилади. Бунинг барчаси биз ожиз бандалар учун ниҳоятда меҳрибон ва ўта ғамхўр Роббимизнинг чексиз иноятидир.

Эркин Қудратов,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   15210   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар