Аллоҳ таоло наздида замон ва маконлар фазлда баробар. Бир-биридан ортиқ ё кам жойи йўқ. Лекин Ўзи фазилатли қилган замон ва маконлар бундан мустасно.
“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой )ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят)
“Ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).
Олимлар ушбу икки оятни далил қилиб, муборак замон ва маконларда қилинган яхшилик ажр-савоби кўпай тириб ёзилганидек, гуноҳлар ҳам зиёда қилиб ёзилади, дейдилар.
“Тонгга қасам. (Зулҳижжа ой ининг аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам” (Фажр сураси, 1–3-оятлар).
Мазкур оятдаги "жуфт"дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, "тоқ"дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Муфассирлар Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни билан қасам ичгани учун ҳам уни фазилатли, дейдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодат қилинадиган бирор кун зул ҳижжанинг ўн куни-дан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у кунларда қилинган амал ушбу ўн кундаги амалдан афзал бўлмас. Бас, бу кунларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки бу таҳлил, такбир ва Аллоҳнинг зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда бир кунлик рўза бир йилги рўзага баробар бўлади. Бу кунларда қилинган бир амалга етти юз баробар (ажр) кўпайтириб берилади"» (Имом Байҳақий ривояти).
Зулҳижжа ойи зикр мавсумидир. Ҳадиси шарифда ҳам бу муборак ойнинг аввалги ўн кунида зикрни кўпайтириш, айниқса, таҳлил ва такбир каби зикрларга алоҳида урғу бериш лозим.
"Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар" (Ҳаж сураси, 28-оят).
Олимлар бу кунларда зикр қилишни мустаҳаб санайдилар. Жумҳур уламолар наздида оятдаги “Маълум кунлар”дан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.
Муҳаддислар Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида бажарилган амаллар Аллоҳ таолога бошқа ойларга қараганда маҳбуброқ бўлгани учун ҳам фазилатли, дейдилар.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилати тўғрисида жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Айни ўринда мавзуимиз билан боғлиқ бир қанча ҳадисларни келтириш билан кифояландик, холос.
Ҳадиси шарифларни теран ўрганиб, тегишли хулосага келган олимлар зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини турли савобли амаллар билан ўтказишни, айниқса, кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни тавсия қиладилар.
Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазон ойининг охирги ўн куни афзалми, деган масала устида олимлар баҳс мунозара юритишган.
Олимлар, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кундузи, рамазон ойининг охирги ўн кунининг кундузидан афзал. Рамазон ойининг охирги ўн кунининг кечаси зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кечасидан афзалдир, дейдилар.
Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида жуда кўп солиҳ амаллар бор. "Латоифул маъориф" китобида қуйидаги нақл келтирилади. Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Олдингилар учта ўнталикни улуғлар эдилар: Рамазоннинг охирги ўн куни, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни ва Муҳаррамнинг аввалги ўн куни".
Зулҳижжа ойи ўзида жуда кўп яхшилик ва фазилатларни жамлаган. Бу каби ҳолатни бошқа бирорта ойда кўрмаймиз. Зулҳижжа ойида арафа куни, нафл рўза, Қурбон ҳайити, қурбонлик, ҳаж, зикрлар, ташриқ ва шу каби кўплаб солиҳ амаллар бор.
Давоми бор...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг
"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш ва ибодат ойи эмас, балки оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун энг қулай даврдир. Ушбу муборак ойда оилавий муҳитни яхшилаш, фарзандларни тарбиялаш ва бир-бирига меҳр кўрсатиш имкони янада ошиб, жамоавий ибодат ва бирдамлик ҳисси кучаяди.
Рамазон – шукр, сабр ва саховат ойи бўлиб, айнан шу фазилатлар оилада муҳаббат ва илиқ муҳитни шакллантиради. Қуйида Рамазонда оилавий муҳитни мустаҳкамлаш йўллари ва уларнинг исломий ҳамда илмий асослари ҳақида батафсил маълумот берилади.
1. Биргаликда ифторлик ва саҳарлик қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Одамнинг эрталаб ва кечки овқатини бирга ейиши – баракадир" (Имом Муслим ривояти).
Ҳар куни бир дастурхон атрофида жам бўлиб овқатланиш оила муносабатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда иш, ўқиш ва бошқа мажбуриятлар туфайли бу доимий амалга ошмайди. Бироқ Рамазон ойи буни одатга айлантириш учун ажойиб имкониятдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ифтор ва саҳарликни барча оила аъзолари биргаликда тайёрлаши лозим.
Болаларни кичик вазифаларга жалб қилиб, уларни жамоавий ишга ўргатиш.
Ифтордан аввал дуолар ўқиш ва оилавий маънавий суҳбатлар ўтказиш.
2. Биргаликда ибодат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи ибодатга эътиборни кучайтириш учун энг мос вақтдир. Оила аъзолари биргаликда намоз ўқиши, Қуръон тиловати қилиш ва диний суҳбатлар уюштириши – уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Камида бир вақт намозни биргаликда ўқиш.
Қуръон ўқишга ва дуоларни ёдлашга рағбатлантириш.
Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ёки уйда ўқиш.
3. Оилавий сабр ва қаноатни ривожлантириш.
Қуръонда бундай марҳамат қилинади: "Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади" (Зумар, 10).
Рўза – сабр ва шукрни шакллантирадиган энг муҳим ибодатлардан биридир. Оила аъзолари Рамазон ойида ўзларини тарбиялаб, сабрни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришлари лозим.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Келиб чиққан муаммоларга хотиржам ва сабр билан ёндашиш.
Фарзандларни сабрга ўргатиш учун уларга кичик вазифалар бериш (масалан, бир ҳафта давомида ҳар куни дуоларни ёдлаш).
Рамазонда сабр ва қаноат ҳақида оилавий суҳбатлар ташкил этиш.
4. Саховат ва меҳрибонликни кучайтириш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Энг яхши одам – оиласи учун энг яхшисидир" (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойи – саховат ва меҳр-муҳаббат ойидир. Оилавий муҳитни яхшилашнинг энг яхши усулларидан бири – бир-бирига ва бошқаларга саховатли бўлиш, муҳтожларга ёрдам беришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Биргаликда хайрия ишларини амалга ошириш.
Фарзандларга садақа қилиш одатини ўргатиш.
Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон ва самимий муносабатда бўлишлари керак.
5. Оилавий анъаналарни шакллантириш оилани бирлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири – Рамазон ойида биргаликда амалга ошириладиган анъаналарни шакллантиришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ҳар куни ифтордан кейин оилавий ҳикоя ёки тажриба алмашиш одатини жорий қилиш.
Фарзандлар билан Рамазон тақвими тузиш ва уларнинг ибодатини кузатиб бориш.
Рамазон охирида оилавий йиғилиш ўтказиб, йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган яхши ишларга режа тузиш.
Рамазон оила аъзоларини бирлаштириш, меҳр-муҳаббатни кучайтириш ва умумий диний муҳитни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир. Ифтор ва саҳарликни бирга қилиш, ибодатни жамоавий адо этиш, сабр ва қаноатни шакллантириш, саховат ва меҳрибонликни ривожлантириш, шунингдек, оилавий анъаналарни яратиш орқали оила муносабатларини мустаҳкамлаш мумкин.
Рамазон – фақатгина рўза ойи эмас, балки оилани мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг гўзал даврдир. Шундай экан, бу муборак ойда оила муҳитини янада илиқ ва самарали қилишга ҳаракат қилайлик!
Осимхон Муҳиддинов