Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

Зулҳижжа ойи фазилати

06.06.2024   3465   5 min.
Зулҳижжа ойи фазилати

Аллоҳ таоло наздида замон ва маконлар фазлда баробар. Бир-биридан ортиқ ё кам жойи йўқ. Лекин Ўзи фазилатли қилган замон ва маконлар бундан мустасно.

“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой )ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят)

“Ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Олимлар ушбу икки оятни далил қилиб, муборак замон ва маконларда қилинган яхшилик ажр-савоби кўпай тириб ёзилганидек, гуноҳлар ҳам зиёда қилиб ёзилади, дейдилар.

“Тонгга қасам. (Зулҳижжа ой ининг аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам” (Фажр сураси, 1–3-оятлар).

Мазкур оятдаги "жуфт"дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, "тоқ"дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Муфассирлар Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни билан қасам ичгани учун ҳам уни фазилатли, дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодат қилинадиган бирор кун зул ҳижжанинг ўн куни-дан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у кунларда қилинган амал ушбу ўн кундаги амалдан афзал бўлмас. Бас, бу кунларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки бу таҳлил, такбир ва Аллоҳнинг зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда бир кунлик рўза бир йилги рўзага баробар бўлади. Бу кунларда қилинган бир амалга етти юз баробар (ажр) кўпайтириб берилади"» (Имом Байҳақий ривояти).

Зулҳижжа ойи зикр мавсумидир. Ҳадиси шарифда ҳам бу муборак ойнинг аввалги ўн кунида зикрни кўпайтириш, айниқса, таҳлил ва такбир каби зикрларга алоҳида урғу бериш лозим.

"Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар" (Ҳаж сураси, 28-оят).

Олимлар бу кунларда зикр қилишни мустаҳаб санайдилар. Жумҳур уламолар наздида оятдаги “Маълум кунлар”дан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

Муҳаддислар Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида бажарилган амаллар Аллоҳ таолога бошқа ойларга қараганда маҳбуброқ бўлгани учун ҳам фазилатли, дейдилар.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилати тўғрисида жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Айни ўринда мавзуимиз билан боғлиқ бир қанча ҳадисларни келтириш билан кифояландик, холос.

Ҳадиси шарифларни теран ўрганиб, тегишли хулосага келган олимлар зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини турли савобли амаллар билан ўтказишни, айниқса, кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни тавсия қиладилар.

Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазон ойининг охирги ўн куни афзалми, деган масала устида олимлар баҳс мунозара юритишган.

Олимлар, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кундузи, рамазон ойининг охирги ўн кунининг кундузидан афзал. Рамазон ойининг охирги ўн кунининг кечаси зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кечасидан афзалдир, дейдилар.

Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида жуда кўп солиҳ амаллар бор. "Латоифул маъориф" китобида қуйидаги нақл келтирилади. Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Олдингилар учта ўнталикни улуғлар эдилар: Рамазоннинг охирги ўн куни, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни ва Муҳаррамнинг аввалги ўн куни".

Зулҳижжа ойи ўзида жуда кўп яхшилик ва фазилатларни жамлаган. Бу каби ҳолатни бошқа бирорта ойда кўрмаймиз. Зулҳижжа ойида арафа куни, нафл рўза, Қурбон ҳайити, қурбонлик, ҳаж, зикрлар, ташриқ ва шу каби кўплаб солиҳ амаллар бор.

Давоми бор...

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

13.01.2025   14557   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

Мақоланинг аудио шакли

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар