Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Зулҳижжа ойи фазилати

6.06.2024   828   5 min.
Зулҳижжа ойи фазилати

Аллоҳ таоло наздида замон ва маконлар фазлда баробар. Бир-биридан ортиқ ё кам жойи йўқ. Лекин Ўзи фазилатли қилган замон ва маконлар бундан мустасно.

“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой )ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят)

“Ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Олимлар ушбу икки оятни далил қилиб, муборак замон ва маконларда қилинган яхшилик ажр-савоби кўпай тириб ёзилганидек, гуноҳлар ҳам зиёда қилиб ёзилади, дейдилар.

“Тонгга қасам. (Зулҳижжа ой ининг аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам” (Фажр сураси, 1–3-оятлар).

Мазкур оятдаги "жуфт"дан мурод зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, "тоқ"дан мурод эса тўққизинчи кунидир. Муфассирлар Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни билан қасам ичгани учун ҳам уни фазилатли, дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодат қилинадиган бирор кун зул ҳижжанинг ўн куни-дан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у кунларда қилинган амал ушбу ўн кундаги амалдан афзал бўлмас. Бас, бу кунларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки бу таҳлил, такбир ва Аллоҳнинг зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда бир кунлик рўза бир йилги рўзага баробар бўлади. Бу кунларда қилинган бир амалга етти юз баробар (ажр) кўпайтириб берилади"» (Имом Байҳақий ривояти).

Зулҳижжа ойи зикр мавсумидир. Ҳадиси шарифда ҳам бу муборак ойнинг аввалги ўн кунида зикрни кўпайтириш, айниқса, таҳлил ва такбир каби зикрларга алоҳида урғу бериш лозим.

"Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар" (Ҳаж сураси, 28-оят).

Олимлар бу кунларда зикр қилишни мустаҳаб санайдилар. Жумҳур уламолар наздида оятдаги “Маълум кунлар”дан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

Муҳаддислар Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида бажарилган амаллар Аллоҳ таолога бошқа ойларга қараганда маҳбуброқ бўлгани учун ҳам фазилатли, дейдилар.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилати тўғрисида жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Айни ўринда мавзуимиз билан боғлиқ бир қанча ҳадисларни келтириш билан кифояландик, холос.

Ҳадиси шарифларни теран ўрганиб, тегишли хулосага келган олимлар зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини турли савобли амаллар билан ўтказишни, айниқса, кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни тавсия қиладилар.

Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми ёки рамазон ойининг охирги ўн куни афзалми, деган масала устида олимлар баҳс мунозара юритишган.

Олимлар, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кундузи, рамазон ойининг охирги ўн кунининг кундузидан афзал. Рамазон ойининг охирги ўн кунининг кечаси зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг кечасидан афзалдир, дейдилар.

Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида жуда кўп солиҳ амаллар бор. "Латоифул маъориф" китобида қуйидаги нақл келтирилади. Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Олдингилар учта ўнталикни улуғлар эдилар: Рамазоннинг охирги ўн куни, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни ва Муҳаррамнинг аввалги ўн куни".

Зулҳижжа ойи ўзида жуда кўп яхшилик ва фазилатларни жамлаган. Бу каби ҳолатни бошқа бирорта ойда кўрмаймиз. Зулҳижжа ойида арафа куни, нафл рўза, Қурбон ҳайити, қурбонлик, ҳаж, зикрлар, ташриқ ва шу каби кўплаб солиҳ амаллар бор.

Давоми бор...

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг

"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Масийҳ Дажжолнинг сифатлари (биринчи мақола)

23.12.2024   760   8 min.
Масийҳ Дажжолнинг сифатлари (биринчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَامَ رَسُولُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي النَّاسِ فَأَثْنَى عَلَى اللهِ بِمَا هُوَ أَهْلُهُ ثُمَّ ذَكَرَ الدَّجَّالَ، فَقَالَ: «إِنِّي َلَأُنْذِرُكُمُوهُ وَمَا مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا وَقَدْ أَنْذَرَ قَوْمَهُ، وَلَكِنِّي سَأَقُولُ لَكُمْ فِيهِ قَوْلًا لَمْ يَقُلْهُ نَبِيٌّ لِقَوْمِهِ، إِنَّهُ أَعْوَرُ، وَإِنَّ اللهَ لَيْسَ بِأَعْوَرَ».

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом одамлар орасида туриб, Аллоҳга лойиқ ҳамду сано айтдилар, сўнг Дажжол ҳақида сўзлаб, шундай дедилар: «Мен сизларни ундан огоҳлантираман! Ҳар бир набий ҳам ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга у ҳақда ҳеч бир набий ўз қавмига айтмаган гапни айтаман: унинг бир кўзи йўқ, Аллоҳ эса ундай эмас!»

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا وَقَدْ أَنْذَرَ أُمَّتَهُ الْأَعْوَرَ الْكَذَّابَ أَلَا وَإِنَّهُ أَعْوَرُ وَإِنَّ رَبَّكُمْ لَيْسَ بِأَعْوَرَ مَكْتُوبٌ بَيْنَ عَيْنَيْهِ «ك ف ر» أَيْ كَافِرٌ يَقْرَؤُهُ كُلُّ مُسْلِمٍ». رَوَاهُمَا الْأَرْبَعَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Қайси бир набий бўлмасин, албатта, умматини бир кўзи йўқ каззобдан огоҳлантирган. Билиб қўйингларки, унинг бир кўзи йўқ! Роббингиз эса ундай эмас! Дажжолнинг икки кўзи орасига «ка», «фа» «ро», яъни «кофир» деб ёзилган. Уни ҳар бир мусулмон ўқийди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ таоло одамларни синаш учун Дажжолга турли имкониятлар бериб қўяди. Жумладан, Аллоҳ таолонинг изни ила у ўликни тирилтириш, ёмғир ёғдириш, ерни ҳосилдор қилиш ва шунга ўхшаш ишларга имкон топади. Сўнгра ўзидан кетиб, худолик даъвосини қилади. Шунда Аллоҳ таоло унинг ожизлик тарафларини зоҳир қилиб қўйгани иш беради. Унинг бир кўзи йўқлиги, пешонасига «кофир» деб ёзиб қўйилгани, Дажжол бу нарсаларни ўзидан кетказа олмаслиги уни фош қилади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَا أَنَا نَائِمٌ رَأَيْتُنِي أَطُوفُ بِالْكَعْبَةِ فَإِذَا رَجُلٌ آدَمُ سَبْطُ الشَّعَرِ يَنْطُفُ أَوْ يُهْرَاقُ رَأْسُهُ مَاءً قُلْتُ: مَنْ هَذَا؟ قَالُوا: ابْنُ مَرْيَمَ ثُمَّ ذَهَبْتُ أَلْتَفِتُ فَإِذَا رَجُلٌ جَسِيمٌ أَحْمَرُ جَعْدُ الرَّأْسِ أَعْوَرُ الْعَيْنِ كَأَنَّ عَيْنَهُ عِنَبَةٌ طَافِيَةٌ قَالُوا: هَذَا الدَّجَّالُ أَقْرَبُ النَّاسِ بِهِ شَبَهًا ابْنُ قَطَنٍ»، وَابْنُ قَطَنٍ رَجُلٌ مِنْ خُزَاعَةَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тушимда Каъбани тавоф қилаётган эмишман. Сочлари яхшилаб таралган буғдойранг кишини кўрдим. Қарасам, сочларидан сув томиб турибди. «Бу ким?» десам, «Бу – Масийҳ ибн Марям», дейишди. Сўнгра бошқа ёққа қараб, бир барваста кимсага дуч келдим. Сочи қизил, жингалак, бир кўзи йўқ, бири эса худди бўртиб турган узум донасига ўхшайди. Бу – Дажжол, унга энг ўхшайдиган одам эса хузоъалик Ибн Қатандир».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ибн Қатан – жоҳилият даврида ўлиб кетган одам эди.

وَلِمُسْلِمٍ: «الدَّجَّالُ أَعْوَرُ الْعَيْنِ الْيُسْرَى، جُفَالُ الشَّعَرِ، مَعَهُ جَنَّةٌ وَنَارٌ فَنَارُهُ جَنَّةٌ وَجَنَّتُهُ نَارٌ».

Муслимнинг ривоятида:

«Дажжолнинг чап кўзи йўқ, ўзи серсоч бўлади. Унинг жаннати ва дўзахи бўлади. Унинг дўзахи – жаннатдир, жаннати – дўзахдир», дейилган.

وَلِأَبِي دَاوُدَ: «إِنَّ مَسِيحَ الدَّجَّالَ رَجُلٌ قَصِيرٌ أَفْحَجُ جَعْدٌ أَعْوَرُ مَطْمُوسُ الْعَيْنِ لَيْسَ بِنَاتِئَةٍ وَلَا جَحْرَاءَ فَإِنِ الْتَبَسَ عَلَيْكُمْ فَاعْلَمُوا أَنَّ رَبَّكُمْ لَيْسَ بِأَعْوَرَ».

Абу Довуднинг ривоятида:

«Дажжол пакана, маймоқ, жингалаксочдир, унинг бир кўзи йўқ, кўзи теп-текис – бўртиб ҳам чиқмаган, ичкарига ҳам кирмаган. Агар иккиланиб қолсангиз, билингки, Роббингиз ундай эмас», дейилган.

Шарҳ: Мана шу сифатлардан уни таниб олаверинглар, тағин унинг худолик даъво қилаётганига алданиб қолманглар.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا سَأَلَ أَحَدٌ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الدَّجَّالِ مَا سَأَلْتُهُ وَإِنَّهُ قَالَ لِي: «مَا يَضُرُّكَ مِنْهُ»، قُلْتُ: لِأَنَّهُمْ يَقُولُونَ إِنَّ مَعَهُ جَبَلَ خُبْزٍ وَنَهَرَ مَاءٍ، قَالَ: «هُوَ أَهْوَنُ عَلَى اللهِ مِنْ ذَلِكَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳеч ким Дажжол ҳақида Набий алайҳиссаломдан мен сўраганчалик сўраган эмас. У зот менга «У сенга зарар қила олмайди», деганлар. «Унинг нон тоғи, сув анҳори бўлади, дейишади», дедим. «Аллоҳнинг наздида у бунчалик бўлишга арзимайди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ таоло унга мўъжиза каби нарсаларни жуда ҳам ошириб бериб қўйган эмас.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَأَنَا أَعْلَمُ بِمَا مَعَ الدَّجَّالِ مِنْهُ، مَعَهُ نَهَرَانِ يَجْرِيَانِ أَحَدُهُمَا رَأْيَ الْعَيْنِ مَاءٌ أَبْيَضُ وَالْآخَرُ رَأْيَ الْعَيْنِ نَارٌ تَأَجَّجُ فَإِمَّا أَدْرَكَنَّ أَحَدٌ فَلْيَأْتِ النَّهَرَ الَّذِي يَرَاهُ نَارًا وَلْيُغْمِّضْ ثُمَّ لِيُطَأْطِئْ رَأْسَهُ فَيَشْرَبَ مِنْهُ فَإِنَّهُ مَاءٌ بَارِدٌ وَإِنَّ الدَّجَّالَ مَمْسُوحُ الْعَيْنِ عَلَيْهَا ظَفَرَةٌ غَلِيظَةٌ مَكْتُوبٌ بَيْنَ عَيْنَيْهِ كَافِرٌ يَقْرَأُهُ كُلُّ مُؤْمِنٍ كَاتِبٍ وَغَيْرُ كَاتِبٍ».

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен Дажжолда нималар бўлишини унинг ўзидан ҳам яхши биламан. Унинг иккита оқиб турган анҳори бўлади, бири кўзга кўриниб турган оқ сув, бири – кўзга кўриниб турган алангали олов бўлади. Кимдир унга етишса, ўзига олов бўлиб кўринган анҳорга шўнғисин. Сўнгра бошини эгиб, ундан ичсин, чунки ўша совуқ сув бўлади. Дажжолнинг кўзи текис, устини қалин эт қоплаган. Унинг икки кўзи орасига «кофир» деб ёзилган бўлиб, ёзишни билгану билмаган ҳар бир мўмин уни ўқий олади».

Шарҳ: Дажжолнинг чап кўзи қалин эт билан қопланган бўлиб, теп-текис ҳолда бўлади. Шунинг учун у «масийҳ» – текисланган деб ҳам аталади.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الدَّجَّالَ يَخْرُجُ وَإِنَّ مَعَهُ مَاءً وَنَارًا فَأَمَّا الَّذِي يَرَاهُ النَّاسُ مَاءً فَنَارٌ تُحْرِقُ وَأَمَّا الَّذِي يَرَاهُ النَّاسُ نَارًا فَمَاءٌ بَارِدٌ عَذْبٌ فَمَنْ أَدْرَكَ ذَلِكَ مِنْكُمْ فَلْيَقَعْ فِي الَّذِي يَرَاهُ نَارًا فَإِنَّهُ مَاءٌ عَذْبٌ طَيِّبٌ». رَوَاهُمَا الثَّلَاثَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Дажжол чиққанда унинг суви ва олови бўлади. Одамларга сув бўлиб кўринган нарса – куйдирувчи оловдир. Одамларга олов бўлиб кўринадиган нарса – муздек, ширин сувдир. Қай бирингиз бунга дуч келса, ўзига олов бўлиб кўринган нарсага тушсин, ўша ширин, пок сув бўлади».

Иккисини учовлари ривоят қилганлар.

(Давоми бор)

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Мақолалар