Шу йилнинг 8-11 ноябрь кунлари Қозон шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатларнинг Халқаро ёшлар илмий конгресси бўлиб ўтади. Унда Россия ва ислом дунёси давлатларидан ёш олимлар иштирок этади.
IQNA агентлигининг “Islam today” матбуотига таяниб хабар беришича, тадбир давомида ёш олимлар архитектура ва дизайн, халқаро ҳуқуқ ва таълим, нефть ва газ технологиялари, биотиббиёт ва биотехнологиялар, барқарор ривожланиш ва халқаро алоқалар каби йўналишлардаги илмий тадқиқотларни муҳокама қилади.
Конгресс ялпи мажлис, давра суҳбатлари, интерфаол семинар ва маданий дастурдан иборат бўлади.
ИҲТ мамлакатлари илмий конгресси Россия ва ИҲТ давлатларидан иштирокчиларни ёшлар ўртасида илм-фанни ривожлантиришга жалб этади, бу эса келажакда фаннинг илмий-техник ва инновацион ривожланишида муваффақиятларга олиб келиши мумкин.
Конгресс Ёшлар ишлари бўйича федерал агентлик (Росмолодеж), Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми (ИCМФ) ҳамда ИҲТ мамлакатлари илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича вазирлар доимий қўмитаси (CОМСТЕCҲ) кўмагида ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 15 ноябрь куни "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори академик Акмал Саидов қатнашди. Шунингдек, хорижий мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, диншунос-экспертлар, исломшунослар, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессия етакчилари ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан турли маданият ва дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, улар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Ўзбекистон тажрибаси юксак эътироф этилди. Кўп миллатли халқимиз қадимдан бағрикенглик ва меҳмондўстлик фазилатлари билан танилгани, қайси жамиятда аҳил-иноқлик мустаҳкам қарор топган бўлса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ривожланиши, инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини алоҳида таъкидладилар.
Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати